Умар ибн Ҳаттоб ва кампир

Аббос ибн Абдулмутталлиб айтади: Мўминларнинг амири Умар розияллоҳу анҳунинг уйини қасд қилиб қоронғу кечада кўчага чиқдим. Йўлнинг ўртасида кетаётган вақтимда бир аъробий шахсни кўрдим, у кийимимдан тортиб: “Мен билан юр эй, Аббос”, — деди.
Аъробийга тикилиб қараб билдимки, у мўминларнинг амири бўлиб, юзини ўзгартирган эди. Тўхтаб салом бердим ва унга:“Қаерга кетяпсиз эй, мўминларнинг амири?”- дедим. У: “Бу қоронғу кечада араб маҳаллаларини айланишни хоҳладим”,- деди.
Кеча салқин эди, мен ҳам унга эргашиб, орқасидан боравердим. У араб чодирлари ва уйлари орасида айланиб, улар ҳақида фикр юритар эди.
Маҳалладан чиқишга яқин қолгандик, бир чодир ичида қари аёл ва унинг атрофида йиғлаб бақираётган болаларини кўрдик. Уларнинг олдида, тагида олов ёнаётган ўчоқнинг устида қозон бор эди. Аёл болаларига: “Озроқ сабр қилинглар, овқат пишади, ейсизлар”-дер эди. Узоқ турдик, Умар гоҳ кампир ҳақида фикр юритар гоҳ болаларига қарар эди, туришимиз чўзилиб кетди. Унга: “Эй, мўминларнинг амири, сизни тўхтатган нарса нима, юринг кетдик”, — дедим.
Умар: “Аллоҳга қасамки, болаларига овқат қуйиб беришини, ейишларини ва кифояланганликларини кўрмагунимча кетмайман”, — деди.
Туришимиз жуда чўзилди, болалар бақириш ва йиғлашда давом этар, кампир уларга: “Секин, секин болалар озгина қолди, овқат пишади ейсизлар” дер эди. Умар менга: “Мен билан бирга кир, ундан нима гаплигини сўраймиз”, деди. У кирди, орқасидан мен кирдим.
-Ассалому алайкум, эй хола,-деди Умар. Кампир унинг саломига чиройли алик олди.
Умар: “Нега бу болалар бақириб йиғлаяптилар?”- деди.
Кампир: “Улар очликдан йиғлаяпти”, — деди.
-Нега қозондаги овқатдан бермаяпсиз? — деди Умар.
Кампир: “Уларни овқатлантириш учун қозонда нима бор? Ҳеч нарса йўқ, бақиришдан зерикиб, уларга уйқу ғолиб келгунча овунчоқ бор. Менда уларни овқатлантириш учун ҳеч нарса йўқ”, — деди. Умар ўрнидан турди ва қозонга қаради, унда майда тош ва сув қайнар эди. Бундан таажжубланиб: “Бундан мақсад нима?” — деди.
Кампир: “Бу овунчоқ. У билан уларни қозонда бир нима пишаяпти, деб гумон қилдираман, улар кутиб зерикадилар ва кўзларига уйқу ғолиб келиб ухлаб қоладилар”, — деди.
Умар кампирга: “Нега сен бундай ҳолатдасан?”- деди.
Кампир: “Менинг на акам, на дадам ва на эрим бор, ҳатто қариндошим ҳам йўқ”- деди.
Умар: “Нега мўминларнинг амири Умар ибн Ҳаттобга арз қилмайсан, сенга байтул молдан бирор нарса берарди”, — деди.
Шунда кампир: “Аллоҳга қасамки, у менга зулм қилди”, – деди.
Умар бу гапларни эшитиб қўрқиб кетиб: “Эй, хола, Умар сенга нима ёмонлик қилди”, — деди.
Кампир: “Ҳа, Аллоҳга қасамки, у менга зулм қилди. Албатта бошлиқ қўл остидагиларнинг ҳолидан хабар олиши лозим, чунки менга ўхшаш қўли калта, болалари кўп, ёрдамчиси йўқ одамни топса, унинг ҳожатларига ёрдам қилади ва байтул молдан озуқа бўладиган нарсани ажратиб беради”, — деди.
Умар кампирга: “Умар болаларинг кўплиги билан биргаликда камбағаллигингни қаердан билсин, сен бориб ҳолингни айтмасанг?” — деди. Кампир: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, ишончли бошлиқ қўли остидагиларнинг муҳтожларини умум ва хос ҳолда қидирмоғи лозим бўлади. Шояд, ҳаёси ғолиб келиб аҳволини айта олмаган фақир кишини топса. Умарга қўл остидаги фақирларнинг ҳолини сўрамоқлиги, фақирлар мавлоси ёнига бориб ҳолини билдирмоқлигидан–да кўпроқ вожиб бўлади, агар шундай қилишга Умар бепарволик қилса, бу Умар томонидан зулм бўлади”, — деди.
Умар: “Тўғри айтдингиз холажон. Сиз болаларингизни овутиб туринг, мен бир соатда келаман”, — деди.
Сўнг у чиқди, мен ҳам унинг орқасидан чиқдим. Итлар вовуллар, мен уларни Умардан ва ўзимдан то омборга етгунимизча қувар эдим. Умар омборни очди ва менга: “Кир”–деб буюрди. Йигирма қадоқ келадиган ун қопининг ёнига борди. “Эй Аббос, елкамга орт”-деди. Елкасига ортдим. Ердаги кўзага ишора қилиб, “Кўтар бу сариёғ солинган кўзани”-деди. Омбор эшигини қулфлаб, йўлга тушдик. Унинг соқоли, кўзлари ва пешонасига ун ёпишган эди. Йўлнинг ярмига етганимизда унинг юк кўтариши қийинлаша бошлади, чунки манзилгача бўлган масофа узоқ эди. “Ота-онам сенга фидо бўлсин эй мўминларнинг амири, қопни менга бергин, мен кўтараман”-дедим. У: “Йўқ, Аллоҳга қасамки, сен қиёмат куни зулмимни ва жиноятимни кўтармайсан. Эй Аббос, шуни билгинки, темир тоғни кўтариш, зулмни кўтаришдан яхшироқ, зулм катта бўлсин ёки кичик бўлсин,-деди. – Айниқса, бу кампир болаларини тош билан овутмоқда, бунинг учун Аллоҳнинг ҳузурида улуғ гуноҳ бор. Тезроқ юр, эй Аббос, болалар кампир айтганидек бақиришдан зерикиб ухлаб қолмасликларидан олдин борайлик,”- деди ва шошилди. Мен у билан изма-из борар эдим. Биз кампирнинг чодирига етгунимизча у буқадай пишиллаб, ҳансираб қолди. Чодирга етганимизда, қопни елкасидан ерга қўйди, мен ҳам ёнига сариёғ кўзасини қўйдим. У қозоннинг ёнига келди ва ичидаги сувни тўкиб ташлаб ёғни солди. Сўнг оловга қаради. Олов яқинда ўчган эди. “Ўтинингиз борми?”-деди кампирга. “Ҳа, болам”-деди кампир ўтинга ишора қилиб. У ўрнидан турди ва озроқ ўтин олиб келди. Ўтин ҳўл эди. Уни оловга ташлаб, ўчоқнинг устига қозонни қўйди. Бошини ерга эгиб, оғзи билан қозон тагига пуфлай бошлади. Ўтиннинг тутуни унинг соқоллари орасидан чиқар эди. Олов ёнгунича шундай пуфлашда давом этди, ҳатто олов ёнди ва ёғ эриб, қайнай бошлади. Бир қўлидаги ёғоч билан сариёғни қўзғаб, иккинчи қўли билан эса унни сариёғда пишгунга қадар аралаштирди. Болалар унинг атрофида қичқирар эдилар. Овқат пишган пайтда кампирдан идиш олиб келишини сўради. Овқатни сузиб, уни совутиш учун пуфлади ва болаларни овқатлантирди. Умар болаларни бирма-бир шу зайлда таомлантириб, уларнинг қорнини тўйғазди. Болалар қорнилари тўйиб кўзларига уйқу келгунга қадар бир-бирлари билан ўйнаб–кулиб, охири ухлаб қолдилар.
Шу пайт кампирга қараб: “Эй, хола, мен мўминларнинг амирининг қариндоши бўламан, сиз ҳақингизда унга айтаман. Эртага тонгда амир ҳовлисига боринг, мени ўша ердан топасиз, сизга яхшиликни тилайман.” — деди. Умар кампир билан хайрлашгач, бирга ташқарига чиқдик. Ташқарига чиққанида: “Эй, Аббос, Аллоҳга қасамки, кампир болаларини тош билан овунтираётганини кўрганимда тоғ ларзага келиб, елкамга тушганини ҳис қилдим. Олиб келган нарсамни пишириб уларни таомлантиргандим, қорнилари тўйиб, ўйнаб-кулганларида елкамдан ўша тоғнинг тушганини сездим,”- деди.
Сўнг Умарнинг ҳовлисига келдик, менга “юр, мен билан кечани бирга ўтказасан”-деди. Тонг отиб кампир келганда Умар ундан узр сўраб байтул молдан унга ва болаларига ойма-ой тўланадиган маош тайинлади.

Ш. Рашидов тумани “Яккақайрағоч”

масжиди имом-хатиби Усмонали ОРАЛОВ  

Вам также может понравиться...