«Қўшчинор» жоме масжидининг тарихи

Мустақиллик Ўзбекистон халқининг ҳаётида кўп ижобий ўзгаришларга сабаб бўлди. Руҳий ва маънавий эркинликлар инсон учун қадрли ва азиз неъматлар ҳисобланади. Айнан мана шу маънавий эркинлик ўтмишдаги аждодларимиздан қолган бой маънавий меросни билиш, бутун оламга устоз бўла олган боболаримиз шахсини ўрганиш, улар билан фахрлана олиш мустақиллик шарофати билан юзага келди. Айниқса, муҳтарам Президентимизнинг доно дунёқараши туфайли барчамиз учун улкан имкониятлар эшиги очилди.

Одамлар қалбларидаги Ислом дини, иймон ва эътиқод ҳақида тил орқали изҳор қилишга ҳайиқар эди. Масжидлар, кўҳна осори атиқалар музейлар ва омборхоналарга айлантирилган эди. Одамлар уйидан кўҳна китоблар топилса қамаламан деб қўрқиб, уларни қабристонларга кўмиб ташлаган эди. Жаноза намозини ўқиш, хайрли дуолар қилиш, ўғил болаларни суннат қилиш ҳамда никоҳ ўқитиш ҳам махфий қилинар эди.

1973 йил 29 декабрда Жиззах вилояти ташкил этилди. Бу ҳудудда бирорта ҳам масжид йўқ эди. Аҳоли қўшни Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги масжидларга бориб жума ва ҳайит намозларини ўқиб келар эди. Жиззах шаҳрида яшаган улуғ Ватан уруши қатнашчилари ва бир гуруҳ оқсоқоллар Ҳакимов мулла Обид, Тўрақулов Ёқуб бобо, Тўрақулов Мурод бобо, Йўлдошев Исоқ бобо, Аҳмедов Жўра бобо каби 40 нафар оқсоқол ва иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари Москвага — СССР Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги диний ишлар бўйича масъул шахсга учраб, ариза бериб келишади. Кўп ҳаракат ва талаблар оқибатида 1978 йил 18 март куни Ўрта Осиё ва Қозоғистон Мусулмонлари идорасининг раиси Зиёвуддинхон ибн Эшонбобохон ҳазратларининг рухсати билан унинг ноиби Абдуғани Абдуллаев Жиззах туманидаги ҳозирги “Қўшчинор” масжидига ташриф буюриб, унинг очилганини расман эълон қилади ва “Қўшчинор” масжиди учун Тошкентлик қабристонининг бир чеккасида 196 квадрат метр майдонга қурилган эски масжидда жума намозини ўқиб беради.

Ер майдони қабристон ҳудудига кирарди. Ўша даврда бу мўжазгина масжиднинг очилганига ҳам мусулмонлар ҳурсанд эдилар. Масжид имом-хатиблигига Бухоро шаҳри Мир Араб мадрасасини тамомлаган Нурманов Назарқосим тайинланди. Бу масжид қадим Жиззах ҳудудида 1917 йилдан буён очилган илк масжид бўлди.

“Қўшчинор” масжидининг илк фаоллари Тўрақулов Ёқуб (1909-1988), Искандаров Назир, элликбоши Йўлдошов Исоқ, Тўрақулов Мурод, Абдуллаев Убайдулло, Алимхонов Абдулло, Шарипов Султонхон, Ахмедов Жўра, Жамол қори, мулла Ҳамро, Аҳрор қори, Пўлат қори, Султон қори, Мамарайим қори, Олимов Камол, Сиддиқов Юсуф, Олимов Қобулжон, Қаюмов Абдураҳмон, Зоиров Сувонқул, Каримов Мусурмонқул, Шерали боболар ва бошқалар бўлган.

Расман масжид очилгани билан Компартия масжидларни назоратда тутиб турар эди. Бўлган воқеа: Холматов Мусурмонқул аканинг касби ҳайдовчи бўлганлиги туфайли бу инсон “Ер АЗ” русумли микроавтобус ҳайдар эди. “Қўшчинор” масжидига жума куни “Кўтарма” маҳалласидаги 10-15 мўйсафидни машинасида олиб борарди. Ўзи ҳам янги намоз ўқишни ўрганган эди, имом домланинг маърузаларини эшитиб завқланар, қалби қувончга тўлар эди. Бир куни автобаза директори Тожимурод ака хонасига чақириб: “Мусурмонқул ака, сизни шаҳар партия ташкилоти котиби чақирмоқда. Сиз коммунист бўла туриб намозга қатнамоқда экансиз, мана фотосуратларингиз, қаттиқ тортишманг, партия билетини топширасиз”, деди. Ўша вақтда партиядан ўчиш — қамалиш деган гап эди. Энди қамаламан деган ваҳима кўп вақт Мусурмонқул акани тарк этмади. Аммо оддий ҳайдовчи бўлгани учунми, партиядан ўчиришди-ю, қамашмади.

Жиззах вилояти мусулмонларининг қалби қувончга тўлган эди ва ҳар жума куни муборак жума намозини адо этиш мақсадида масжидга кўплаб одамлар келар эди. Келаётган мусулмонлар сонининг кўпайиши туфайли намозхонлар масжид ҳовлисига ҳам сиғмай кетди. Масжидда янги таҳоратхона ва айвон қурилди. 1980 йилда Нурманов Назарқосим домла бошчилигида “Қўшчинор” масжидининг ҳозирги хонақоси баланд ва гўзал 18 ёғоч устунли айвон билан қуриб битказилди. Бу қурилган бино ва кўпайиб бораётган намозхонлар кайфияти компартияга ғулғула солди. 1986 йил 17 июлда Жиззах вилояти Компартиясининг ташкилий бўлим бошлиғи Ж.Жумаев бошчилигида милиция ходимлари расман фаолият кўрсатаётган “Қўшчинор” жоме масжидига келиб, намозхон оқсоқолларнинг ёлворишларига парво қилмай, масжид жойнамозлари ва гиламларини машиналарга ортишиб, Навойи колхози ҳудудидаги “Хўжа Ғозиён” қабристонига олиб бориб ташлашди. Диндорларга жой фақат қабристондалиги билдирилди. “Қўшчинор” жоме масжидининг биносини 1986 йил 10 сентябрдан бошлаб ёввойи қушларнинг тулумлари ва ҳайвонларнинг скелетлари билан безаб, “Ўлкашунослик музейи”га айлантиришди.

Бу воқеалар мустақилликдан атиги беш йил олдин бўлаётган эди. Халқ орасида норозилик кучайди. Қўшни вилоятларда расман фаолият кўрсатаётган бирор масжидда бунақа воқеа содир бўлмаган эди.

Жиззах туманидан Йўлдошев Исоқ бобо, Турақулов Мурод бобо, Қалиядан  Йўлдош бобо, Сўлоқлидан Муҳаммадқул бобо Москвага йўл олишди. Москвада СССР Вазирлар Маҳкамасининг Диний ишлар бўйича масъул вакили Харчевга учраб, диндорларнинг шикоят аризасини тақдим этишди.

Москвадан тафтиш келди. 1987 йил феврал ойида намозхонларга масжид биносини беришмаса ҳам, мусулмон жамоаларига фаолиятларини расман давом эттиришга, ҳайит ва жума намозларини ўқишга рухсат беришди.

Бу воқеалар қисқача баён қилингани билан қанчадан-қанча инсонлар маънавий ва жисмоний зарар кўрдилар, қазо қилдилар. Мустақиллик ва ундаги неъматлар осонликча қўлга киритилмаган, биз буларни ёдда сақлашимиз ва истиқлолимизнинг қадрига етишимиз лозим.

“Қўшчинор” жоме масжидининг ҳудуди кенг. Сахий намозхонларнинг эҳсонлари билан янада файзли бўлган. Масжид биносининг узунлиги, айвонлари билан қўшиб ҳисоблаганда, бўйига70 метр, эни эса 65 метрни ташкил қилади. 70 дона ёғоч устунлар масжид айвонини безаб туради. Замонавий таҳоратхона қурилган. Намозхонлар учун барча шароитлар мавжуд.

Ҳозирги кунда кўпгина яхши инсонларнинг саҳовати билан масжид янада обод бўлмоқда. Айни вақтда “Қўшчинор” жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Жиззах вилоятидаги вакиллиги ҳам жойлашган. “Қўшчинор” жоме масжиди фаолиятини бошлаганидан бери ушбу даргоҳда бир неча имом домлалар фаолият олиб борган.

Жиззах вилояти бош имом-хатиби вазифасида Нурманов Назарқосим домла ҳамда Ҳайдаров Авазхон, Раҳмонов Рустамжон, Исаев Шоҳимардон каби устоз ва муддарислар фаолият кўрсатганлар.