«Бундай иймонни, омонатга вафони барчамизга насиб этсин!»

«Бундай иймонни, омонатга вафони барчамизга насиб этсин!»

imon.uz 09-09-2019 1770

Тун, соат 00:45. Эшик қўнғироғи чалинди.

Одатда тунда яхши хабарлар келмайди. Бисмиллаҳ, Аллоҳу Акбар, дедим-у эшик томон йўл олдим. Беш сонияда ҳаёлимдан ўтган саволлар: отамда қон босими бор, бир нима бўлган, укам қўнғироқ қилмай тўғри уйимга келдимикан, онамнинг йиллаб ичига ютган дардлари, мана, охирги 2 йилдирки юракка беряпти, онамга у-бу нарса бўлганмикан, йўқ, кечки овқатни бирга едик, икковлари ҳам соппа соғ эди-ку. Бир ярим ой олдин ўртанча амаким юрак хуружидан вафот этгандилар, катта амаким стенд қўйдиргандилар, отамнинг катта амакимга меҳри бўлакча, амакимга бир нарса бўлган бўлса, амакиваччаларим меникига келишганмикан, отамга вазиятни ётиғи билан тушунтиришим керак. Ёки бувиммикан? Тўқсонга қараб кетдилар, қарилик синови якунига еттимикан? Қайнотам касалхонада, қайнонамнинг “сахари” бор, аёлимга жим, хотиржам бўл, ҳозир ҳаммасини аниқлаймиз дейману, ичимда ғалаён.

Эшик ёнига учиб келдим, аста тирқишдан боқдим, узун соқолли ва икки сумка кўтарган бир йигит эшик ортида турибди.

“Ким?” – дейман. “Абдураҳмонов Абдураҳмон шу ерда турадиларми?” – деган савол бериляпти.

Укам!

Хаёл яна бошқа томонга кетди. Нима бўлди экан укамга, бу соқол қўйган одам ва икки фуқаро кийимидаги одам ким, машинада одам урвордимикан, нега бу вақтда прописка бўйича укамни қидириб келишди? Мияда саволлар тинмаяпти...

Минг хаёл билан жавоб бераман: “Бу ерда турмайди, рўйхатда туради, ҳозир эшикни очаман...”

Эшикни очдим:

– Ассалому алайкум.

– Ва алайкум ассалом.

– Ака, минг бор узр, бизга Абдураҳмонов Абдураҳмон керак.

– Нега, тинчликми, кимсизлар? Абдураҳмон – укам. Муаммо бўлса, айтинг.

– Манави сумкани кўчадан топиб олдик, Себзор тарафдан, ичида паспорт, “права” ва 600 доллар пул бор экан. Паспортдаги прописка бўйича омонатни топширишга келдик...

“Субҳаналлоҳ”, – дедим. Хаёллар тарқади, ўзимга келдим, нафасни ростлаб меҳмонлар билан суҳбатлаша бошладим.

– Аллоҳ рози бўлсин, шу 3 дақиқа ичида хаёлимдан кечган нарсаларга фақат у гувоҳ, – дедим.

Узун соқолли биродар гап бошладилар:

– Мендан шубҳа қилдингизми?

Кулимсираб қарадим:

– Соқолни назарда тутяпсизми? Ўзим ҳам соқолдаман, нега шубҳа қилайин?

– Ҳа, энди, ака, ҳар хил гаплар, яна тунда бировникига тўсатдан келиш, ҳозир ўзимиздан ўзимиз ҳам шубҳа қилиб қоляпмиз, – деб кулдилар.

Омонатни топшириб:

– Ака, бир нарсани айтиб қўяй, Абдураҳмоннинг паспортлари РОВДда, сумкани топиб олгач, навбатчи мелисага қўнғироқ қилдик, паспортни кўрсатдик, бугун эмас, эртага бу муаммони ҳал қиламиз, деб олиб қолишди. Пулларни негадир уларга бергимиз келмади, қидираётган бўлишса керак, деб сўраб-сўраб манзилни топиб келавердик. Мана шу кичик муаммо учун минг бор узр, – деб хайрлашиб, ўз манзиллари томон кетдилар...

P.S. Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, бундай иймонни, омонатга вафони барчамизга насиб этсин. Шундай ва шу каби одоби бировга ўрнак бўладиган, ҳақни таниган, маънавий етук соқолли инсонлар кўпаяверсин.

Бекзод Абдураҳмонов

Манба: Azon.uz

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид