Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳақиқат

Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган ҳақиқат

imon.uz 16-01-2020 800

Бани Исроилда ёши кекса бир киши бор эди. Унинг мол-давлати кўп эдию, лекин фарзандлари йўқлиги учун, жиянидан бошқа меросхўри йўқ эди. Жияни эса ўта камбағал, пулга муҳтожлиги сабабли амакиси тезроқ ўлиб, уни бойлигига эга бўлишни хоҳларди. Инсонни хоҳлаган ҳар бир нарсаси амалга ошавермас экан,  амакисини умрини Аллоҳ узоқ қилган, ҳали бери ўладиганга ўхшамасди. Бундан бетоқат бўлган жиян амакисини ўлдириб, уни мерасларини қўлга киритишни қасд қилди. Кунларнинг бирида амакисини ўлдириб, жасадини бошқа одамни уйи олдига ташлаб келди. Амакиси ўлдирилгани барчага тарқаганида эса ҳеч нимадан хабари йўқ кишидек, қотилни қидириб, ундан қасос ва дия олишни даъво қилиб,   йиғлаб бақира кетди. Йиғилганлар баъзилар баъзиларини қотилликда айблаб, ҳатто қавм орасида уруш чиқишига оз қолди. Аксига олиб, воқеанинг тепасида ҳеч ким бўлмаган, гувоҳ йўқ эди. Ва ниҳоят қотилни топишга ёрдам сўраб Муса алайҳис саломнинг олдига бордилар. Аллоҳ таоло сирни фош қилиш учун ўлдирилган кимсани гапиртирмоқчи бўлди. Бани Исроилга бир сигир топиб сўйишга ва ўша сўйилган сигирдан бир бўлак олиб, ўликни уришга буюрди. Шунда ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб туриб, қотил ким эканини айтиб беришини айтди.

Мусо алайҳиссаломдек улуғ Пайғамбар–Бани Исроилни Фиръавн азобидан қутқарган, ҳамма яхшиликларга сабаб бўлган зот яҳудийларга Аллоҳ уларга сигир сўйишга амр этганини етказганларида, «Хўп бўлади, Аллоҳ буюрган бўлса, бош устига», дейиш ўрнига,

Улар: «Бизни масхара қиляпсанми[1]   дедилар.

Бу беодоблик ва шаккоклик Мусо алайҳиссаломга оғир ботди. Буюк Пайғамбар Аллоҳ айтмаган гапни «айтди» дея оладими? Уларнинг бу гапи Аллоҳ таолонинг Пайғамбарига туҳмат эди. Шунинг учун ҳам у зот:  

[1] Бақара сураси 67-оят


«Жоҳиллардан бўлишимдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман»[2] ,  дедилар.

Бани Исроил амрни адо этиш ўрнига яна бир шумликни бошлади ва Аллоҳга эътиқодлари йўқлигини намойиш қилиб:

«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини баён қилиб берсин», дедилар»[3] .

Шу услуб ила сўйилиши лозим бўлган сигирнинг сифати қандай бўлишини сўрашди. Мусо алайҳиссалом одоб билан яна Аллоҳ таолонинг сўзини уларга етказдилар:

 «У зот, қари ҳам, ёш ҳам бўлмаган, икковининг ўртасидаги сигир, деяпти»[4] ,) деди.

Ҳамда мураббий сифатида уларга, энди бошқа нарсаларни сўраб ўтирманглар, дегандек қилиб:

«Бас, буюрилган нарсани бажаринг»[5] , дедилар.

Бани Исроил бошда индамай, хоҳлаган сигирни сўйса бўларди, савол бериб ўзига қийин қилиб олди. Чунки энди ўрта ёш сигирни топиш керак бўлди. Бошқаси қабул бўлмайди. Шундан ибрат олиб, ўз Пайғамбарларининг иккинчи насиҳатларига амал қилиб, айтилган сигирни топиб сўйса, масала ҳал эди, аммо:

«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг рангини баён қилиб берсин», дедилар. У: «У зот, ранги сап-сариқ, қараганларни хурсанд қиладиган сигир, деяпти»[6], деди» .

Шундай қилиб, улар яна ўзларига қийинчиликни кўпайтириб олдилар. Энди қари ҳам эмас, ёш ҳам эмас, ўрта ёш, ранги сап-сариқ, кўрганни хурсанд қиладиган сигирни топиб сўйишлари лозим бўлиб қолди. Хўш, улар шундай сигирни ахтаришга тушишдими? Йўқ, яна савол беришди:

«Улар: «Роббингга дуо қил, унинг қандай эканини бизга баён қилиб берсин, сигир бизга ноаниқ бўлиб қолди, биз, иншааллоҳ, албатта ҳидоят топувчимиз», дедилар»[7] .

[2] Бақара сураси 67-оят
[3] Бақара сураси 68-оят
[4] Бақара сураси 68-оят
[5] Бақара сураси 68-оят
[6] Бақара сураси 69-оят


Бани Исроилнинг охирги саволига жавоб:

«У: «У зот, ўша сигир минилмаган, ер ҳайдаш, экин суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, аралашган ранги йўқ, деяпти», деди. Улар: «Ана энди ҳақни келтирдинг», дедилар. Бас, уни сўйдилар. Сал бўлмаса, қила олмасдилар» [8].

Қайта-қайта сўрайверганлари эвазига қари ҳам эмас, ёш ҳам эмас, ўрта ёш, ранги сап-сариқ, кўрганни хурсанд қиладиган чиройли, ер ҳайдаш ёки суғоришда ишлатилмаган, айблардан саломат, ранги бир хил, бошқа ранг аралашмаган сигирни топиб сўйишга буюрилдилар ва уни қийналиб топиб сўйдилар.

Қотилни аниқлаш учун ўлдирилган шахсни тирилтириш керак эди. Бунинг учун эса:

 «Бас, уни у(сигир)нинг баъзи жойи билан уринг» , дедик»[9].

Яъни, ўликни сўйилган сигирнинг баъзи жойи билан уришни талаб этилди. Улар бу амрни бажарган эди, ўлик Аллоҳнинг иродаси билан тирилиб қотил жияни эканини айтди. Қотил қилмишига яраша жазосини олди ва бу иши сабабли меросдан ҳам маҳрум бўлди.

Шу ўринда, Аллоҳ ҳар нарсага қодир зот, ўша ўликни шартта тирилтириб қўяверса бўлмасмиди, сигир сўйдириб, унинг баъзи жойи билан ўликни урдиришнинг нима ҳикмати бор, деган савол пайдо бўлади. 

Аввало, сигир Бани Исроилнинг одатига кўра, қурбонликка сўйиладиган ҳайвон эди, шунинг учун бошқа ҳайвон эмас, айнан сигир ихтиёр этилди. Иккинчидан, улар сигирни худо қилиб олиб, унга ибодат ҳам қилишган эди. Ҳолбуки, улар сиғинишаётган нарса оддий бир ҳайвондир. Шуни билдириб қўйиш учун уни сўйишга амр этилди. Қолаверса, сўйилган ҳайвоннинг бир бўлаги ҳам жонсиздир, у билан ўлик урилса, тирилиб кетиши ёлғиз Аллоҳнинг қудратига далолатдир. Бу рамз бир восита холос, аслида, инсон ўликка қандай қилиб жон кирганини билмайди, билолмайди ҳам. Аллоҳ ўликни қандай қилиб тирилтиришини кўрсатиб қўйди, холос. Чунки Бани Исроил ҳам ўлгандан сўнг тирилишни инкор қилар эди. Битта ўликни тирилтириб, уларга кўрсатиб қўйди ва:

«Аллоҳ худди шундай қилиб ўликларни тирилтирур ва оят-аломатларини сизга кўрсатур» [10] , деб танбеҳ беряпти. Ўликни тирилтириш ҳақиқати нимадан иборат эканини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди, бу илоҳий мўъжиза. Аллоҳ ушбу мўъжизасини Бани Исроилга кўрсатди. 

[7] Бақара сураси 70-оят
[8] Бақара сураси 71-оят
[9] Тақара сураси 73-оят
[10]Тақара сураси 73-оят

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот 

котиби Усмонали ОРАЛОВ


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид