Асалда одамлар учун шифо бор!

Асалда одамлар учун шифо бор!

imon.uz 21-01-2020 667

Инсонлар учун асалдан фойдалироқ озуқа яратилмаган. Унинг ўхшаши, тенги йўқ. Олдинги даврда одамларнинг суянгани фақат асал бўлган. Улар шакар нималигини билмаганлар. Чунки шакар яқинда пайдо бўлган.

Аллоҳ таоло “Наҳл” сурасининг 69-оятида:

“Ун(асал)да одамлар учун шифо бордир”, деб марҳамат қилган.

 Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

“Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб:

“Укам қорин оғриғидан шикоят қиляпти”, деди. У зот:

“Унга асал ичир”, дедилар. Кейин у иккинчи марта қайтиб келди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Унга асал ичир”,  дедилар. Сўнгра у учинчи марта келдиб:

“Шундай қилдим, (лекин)...”, деди. Шунда у зот:

“Аллоҳ рост айтган. Укангнинг қорни ёлғон айтибди. Унга асал ичир”, дедилар. Унга асал ичирган эди тузалиб кетди.

Имом Бухорий ривоят қилган.

Асалда кўп манфаатлар бор. У ичаклар, томирлар ва бошқа аъзоларнинг кирларини кетгади, еб-ичиш туфайли пайдо бўлган намликларни ҳайдайди, қарияларга, балғам кўп келадиган ва мижози нам-совуқ бўлган кишиларга фойдаси кўп. Шу билан бирга у инсон табиатига хушёқади ва тўйимли, доривор аралашмалар қувватларини сақловчи. Агар доривор қоришмага асал қўшилса, ундаги кариҳ ҳолатларини кетказади. У жигар ва кўкракни тозаловчи, пешоб ҳайдовчи ва балғам сабабли ҳосил бўлган йўтални даволавчи озуқа.

Ҳашоратлар чаққанида ва афюн ичилганида асални атиргул ёғи билан иссиқ ҳолда ичиш фойда беради. Унинг ўзини cувга аралаштириб ичилса, ит тишлаши сабабли қутурган ва заҳри қотил замбуруғ еб заҳарланган кишини даволашда нафи тегади. Янги-барра гўштни асалга солиб қўйилса, унинг таровати-янгилигини уч ойгача сақлайди.

Шунингдек, агар унга тарра, бодринг, бақлажон ва ошқовоқ солиб қўйилса ҳам, уларнинг таровати ўзгармайди. У кўпгина меваларни олти ой асл ҳолида ушлаб тура олади. Яна у мурдани ҳам сақлаб тура олади. Шунинг учун асал ишончли сақловчи деб ҳам ном олаган.

Агар у битлаган бадан ва сочга сурилса, унинг битини, сиркасини ўлдиради ва сочни узайтириб, гўзал ва майин қилади. Кўзга сурма сифатида қўйилса, унинг зулматини равшан килади. У билан тишлар тозаланса, уларни оппок килиб, сайқал беради ва милкнинг соғлигини ҳимоя қилади. Яна у томирларнинг оғизларини очади, ҳайзни ҳайдайди (юргизади).

Оч қоринга асал ялаш балғамни кетказади, ошқозондаги гижжаларни ювиб, ундан ортиқча нарсаларни йўқотади, мўътадил ҳолатда қиздиради ва ғовларни очади. Шунингдек, жигар, буйрак ва қовуқда ҳам шу фойдаларни беради. У жигар ва талоқда ғовлар пайдо қилиш бўйича ширинликлардан кўра зарари озроқ.

Асал таомлар билан таом, дорилар билан дори, ичимликлар билан ичимлик, ширинликлар билан ширинлик, зийнатлар билан зийнат, кайфиятни кўтарувчи нарсалар билан сурур бахш этувчидир.

Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам асални оч қоринга сув билан ичганлар. Бунда саломатликни сақлаш борасида ажиб сир бўлиб, буни фақат доно ва зийрак инсонлар биладилар.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид