АСЛ ИСЛОМ

АСЛ ИСЛОМ

imon.uz 20-04-2016 478

​​Умар ибн Хаттоб розиёллоҳу анҳу одамлардан бир киши ҳақида суриштирдилар. Шунда кишилардан бири туриб: "Эй мўъминлар амири, уни мен танийман "-деди. Умар унга: "Эҳтимол сен унга қўшнидирсан? Қўшнилар аҳволини энг яхши биладиган киши фақатгина қўшни бўлади" - дедилар. У киши: "Йўқ " - деди. Умар унга: "Эҳтимол у билан бирга ҳамсафар бўлгандирсан? Зеро сафар киши табиатини ошкор қилади" - дедилар. У киши: "Йўқ" - деди. Умар унга: "Эҳтимол сен у билан тижорат қилиб дирҳам ва динор ила муомала қилгандирсан? Дирҳам ва динор киши табиатини-аслини кашф қилади"-дедилар. У: "Йўқ" - деди. Умар унга: "Эҳтимол сен уни масжидда туриб-ўтириб бошини қимирлатганини кўргандирсан?" - дедилар. У: "Ҳа" - деди. Умар розияллоҳу анҳу унга: "Ўтир, сен уни танимас экансан" - дедилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу кишилар масжидга келиб намоз ўқиб кейин масжиддан чиқаётиб динларини масжид остонасида тарк қилиб кетишларини, дунёнинг ортидан югуриб қутурган ҳолда унинг молини еб, бунинг обрўсини тўкиб юришларини билар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу соқол ортида кўп ўғрилар борлигини билар, қора чодра остидаги ҳар бир аёл ҳам фозила эмаслигини яхши англар эдилар. Умар розияллоҳу анҳу мисвокни баъзан бир-биримизни гўштимизни ейишимиз учун тишимизга чархтош эканини билар эдилар.

У зот намозни баъзи ҳийлагарлар учун гўзал бир кўриниш эканини, ҳажни эса паскаш-разил киши учун ижтимоий, бебаҳо чопон эканини билар эдилар. У зот инсоннинг сулукида таъсири аксланмайдиган динни ичи бўш дин ҳисоблар эдилар.

Индонезияни фотиҳлар қиличлар ила фатҳ қилмаганлар. У ерни тожирлар ўзларининг гўзал хулқлари ва омонатдорликлари ила фатҳ қилганлар. Улар динларини молларига қўшиб сотишмаган. У ернинг аҳолиси буларни кўриб: "Бу қандай ҳам гўзал дин экан! " - дейишган эди. Ёлғон иймон ошкор куфрдан ёмондир. Иккисида ҳам ёмонлик бор. Бошқалар ила муомала қилиш саҳиҳ диёнатнинг мезонидир. Агар кишилар диндор савдогар билан динсиз савдогар орасини фарқлашмаса бу диннинг нима фойдаси бор? Агар хотин диндор эр билан динсиз эрнинг фарқини ажрата олмаса бу диёнатнинг нима кераги бор? Ҳажимиздан бизга фақатгина хурмо, замзам ёки хитойда ишлаб чиқарилган жойнамоз насиба бўлиши мусибатдир.

Рўзамиздан бизга фақат иссиқ сомса, манти ёки ошнинг насиба бўлиши бу мусибатдир. Намозимиз фақатгина жисмимиз соғлом бўлиши учун бажариладиган машқ бўлиб ундан қалбимиз озуқа олмаслиги мусибат ахир. Диннинг ташқи кўриниши яхши, аммо биз фақатгина диннинг шакли ва мазмуни билангина азиз бўламиз. Шаклнинг ўзи ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Шаклни ўзини олиб мазмунни тарк қилиш айбдир. Қўй боқиб юрган кишиларни халқларга йўлбошчи қилган дин ўшаларнинг шаклини эмас мазмунини ўзгартирган эди.

Абу Жаҳл ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби салла ва чопон кийиб юрар эди. Умайя ибн Халафнинг соқоли Ибн Масъуднинг соқоллари каби эди. Утбанинг қиличи ҳам худди Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг қиличлари ясалган металлдан эди. Шакллар ўхшаш, аммо мазмун бошқача эди. Динимиз биздан хоҳлаган нарсани энди англадингизми? Ибодат бу ўзининг шомил тушунчаси ила Аллоҳ яхши кўриб, рози бўладиган зоҳирий ва ботиний сўз ва амалдир. ИСЛОМ АНА ШУДИР!

Шароф Рашидов тумани "Яккақайроғоч"

жоме масжиди имом-хатиби

Усмонали Оролов 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид