Фарзанд тарбиясининг замонавий усуллари

Фарзанд тарбиясининг замонавий усуллари

imon.uz 2021-09-09 01:19:40 622

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарзандлар, ҳаётнинг зийнати, чиройи, келажак эгаларидирлар. Фарзандларимиз  жамият ривожига улкан ҳисса қўшадиган авлод бўлиб етишишлари учун улар билан муомалада ва тарбиясини тўғри олиб бориш йўлида ҳарис бўлишимиз лозим. Фарзанд тарбиясида, унга тўғри йўлни кўрсатишда ота-онадан катта куч, эҳтиёткорлик талаб этилади. Фарзанд тарбиясининг кўплаб замонавий усуллари мавжуддир. Қуйида улардан бир нечтасини келтирамиз:

Болани урмаслик

Бола шахсияти кичик ёшданоқ шаклланади. Шундай экан, уни калтаклашдан, кишилар олдида қаттиқ тергашдан, хатога йўл қўйганида дарров жазолашдан, эътиборсиз қолдиришдан, гаплашмаслик ҳамда тенгдошлари билан ўйнашга имкон бермасликдан тийилиш лозим, зеро, бу унинг шахсиятини заифлаштиради ва руҳиятига салбий таъсир кўсатади. Жазолашнинг бошқа енгилроқ турлари бор бўлиб, хатога йўл қўйганида уларни қўллаш ҳам мумкин. Мисол учун: севган нарсасидан маҳрум қилиш, унга қаттиқ назар солиш, ёки вақтинча устидан қулфлаб қўйиш, у билан гаплашмаслик ёки қулоғидан чўзиб қўйиш кабилар.

Уйқудан олдин эртак айтиш

Ухлашдан олдин ҳар доим бирон-бир фойдали ва маъноли ҳикояни танлаб, болангизга айтиб беринг. Фарзандингизнинг атрофидаги муҳитдан қўрқишига олиб келувчи қўрқинчли ҳикояларни сўзлаб беришдан узоқ бўлинг. Ҳикоянгизни болангизнинг ёши ва фикрлаш тарзига қараб танланг. Улар суратли бўлгани афзал. Шунингдек, унга пайғамбарлар тўғрисида қиссалар айтиб бериш, кичкинтойингизнинг эътиборини тортиш учун ҳар қандай фикрни унга ҳикоя тарзида етказиб беришингиз мумкин.

Болани тозаликка ўргатинг

Болангиз икки ёшга тўлганидан бошлаб кунига уч марта тишларини ювишга, тез-тез чўмилишга, ёрдамингиз билан тўшагини тартибга солиш, овқатланиш ва ўйнашдан олдин ва кейин қўлларини ювишга, ҳожатхона одобларига риоя қилишга ўргатиб боринг. Aйрим ишларни сизнинг назоратингиз остида ўзи бажаришига қўйиб беринг, масалан, овқатланишни. Бунда унга таомни синмайдиган идишга солиб беринг. Aгар у овқатни тўкиб юборса, уни урушманг. Вақт ўтиши билан унинг ўзига ишончи ортиб боради ва ёрдамингизга муҳтож бўлмай қўяди. Акс ҳолда эса унинг ўзи ейишга бўлган иштиёқини сўндириб қўясиз.

Маслаҳатлар:

1)      Болалар олдида тортишманг: ота-оналар фарзандлари олдида ўзаро жанжаллашганларида, болада хавфсизлик ҳисси йўқолади, шунинг учун бола ота-онасидан нафратлана бошлайди.

2)      Болалар олдида ёлғон гапирмаслик: фарзандлар ота-оналарининг хатти-ҳаракатларига, феъл-атворига тақлид қилишни яхши кўрадилар. Шунинг учун ўз хатти-ҳаракатларимизга эътиборли бўлишимиз, жумладан, боланинг олдида ёлғон гапириш, ғазабланиш, баланд овозда тортишиш, калтаклаш, чекиш каби ишлар мутлқо жоиз эмас.

3)      Яхши кўришингизни кўрсатинг: фарзандингиз атрофидаги кишиларнинг меҳр-муҳаббатини ҳис қилиши керак, уни қаттиқ яхши кўришингизни ва ҳар доим ёрдамга тайёр эканлигингизни билдиринг. Ўзига нисбатан ишончи кучайиши учун уйқуга кетишидан аввал уни қучоқланг, ички кечинмаларини сиз билан ўртоқлашишга чорланг.

4)      Бошқаларни ҳурмат қилинг: болангизга атрофидаги одамларни, дўстларини ҳурмат қилишни ўргатинг. У бирор яхши иш қилса, рағбатлантиринг ва унга кичик совға тақдим этинг. Унга бошқалар билан ҳамкорлик қилишни ўргатиш учун сиз билан биргаликда бирор ширинлик тайёрлашга ва ўз дўстларини у билан меҳмон қилишга имкон беринг.

Араб тилидан Нилуфар Аҳмаджонова таржимаси

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид