“ФОТИҲА” ВА “ИХЛОС” СУРАЛАРИНИ ТИЛОВАТ ҚИЛИШ

“ФОТИҲА” ВА “ИХЛОС” СУРАЛАРИНИ ТИЛОВАТ ҚИЛИШ

imon.uz 20-12-2027 586

Қуръони каримнинг ҳар қандай сурасини тиловат қилиш савобли ишдир. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи сураларнинг фазилати ҳақида алоҳида айтиб ўтганлар.

Ҳажми кичикроқ суралар орасида энг фазилатлилари бу - “Фотиҳа” ва “Ихлос” дир.

Кўплаб ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Ихлос” сурасини Қуръони каримнинг учдан бирга баробар, деб айтганлар.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларига: “Тўпланинглар, сизларнинг олдингизда Қуръони каримнинг учдан бирини тиловат қилиб бераман”, дедилар. Тўплангани тўпланди. Сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (уйларидан) чиқиб, “Қул ҳувал-лоҳу аҳад”ни ўқиб, яна (ичкарига) кириб кетдилар. Шунда, баъзиларимиз бир-бирига: “Ўйлашимча, бу осмондан келган хабар. Бас, ўша У зотни (уйларига) киргазди”, дедилар. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам (ташқарига) чиқиб: “Мен сизларга: “Қуръони каримнинг учдан бирини ўқиб бераман”, деган эдим. Ёдда тутингларки! У (Ихлос сураси) Қуръоннинг учдан бирига тенгдир”, дедилар”. 

(Имом Муслим ва Термизий ривояти)


Ҳазрати Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (бир куни саҳобаларига): “Сизлардан бирингиз бир кечада Қуръоннинг учдан бирини тиловат қила оладими?” деганларида, саҳобалар: “Қандай қилиб (бир кечада) Қуръоннинг учдан бирини тиловат қилиш мумкин?”, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қул-ҳува-л-лоҳу аҳад” Қуръоннинг учдан бирига тенгдир”, дедилар”. 

(Имом Муслим ривояти)


Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний

Миролим Мансур тайёрлади


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид