"Ғийбат" ҳақида

imon.uz 21-05-2019

«Ғийбат» сўзи луғатда бир нарсанинг кўздан тўсилишини билдиради. Уламолар ғийбатни қуйидагича таърифлайдилар:

Журжоний айтади: «Ғийбат инсондаги бор айбларни унинг ўзи йўқлигида зикр қилишдир».

Имом Ғаззолий: «Ғийбат биродарингни унга ёқмайдиган нарса ила зикр қилишингдир. Ўша ёқмайдиган нарса (ноқислик) унинг баданида, насабида, хулқида, феълида, сўзи ёки динида, ҳаттоки либоси, турар жойи ва уловида бўлса ҳам, фарқи йўқ».

Ғийбатнинг энг мукаммал таърифи қуйидаги ҳадиси шарифда келган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Эй Аллоҳнинг Расули, ғийбат нима?» деб сўрашди.

«Биродарингни ўзига ёқмаган нарса билан эслашинг», дедилар. Шунда:

«Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» дейишди.

«Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилган бўласан, айтганинг унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан», деб жавоб бердилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Одатда ғийбатчилар ўзлари ғийбат қилаётган инсоннинг айбларини, камчилик ва нуқсонлари ҳақида гапира туриб, «Бу ғийбат эмас, бор гапни айтяпман», дейишади. Бу даъво ва тушунчалари тўғри эмаслигини айнан мазкур ҳадиси шарифдан билиб оламиз. Афсуски, бу тушунча бизнинг давримиздагина пайдо бўлган эмас, балки саҳобаи киромлар давридан буён давом этиб келяпти. Буни ҳадиси шарифдаги «Биродаримда мен айтган нарса бўлса-чи, бунга нима дейсиз?» деган саволдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Яъни ғийбат тўғрисидаги тушунча тўғри бўлмагани сабабли саҳобаларда мазкур савол пайдо бўлган. Жавоб эса ғийбатга оид барча ноўрин тушунчаларга барҳам берган. Мазкур маъно қуйидаги ҳадиси шарифда ўз таъкидини топди.

Хузайфа розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилади:

«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир аёл ҳақида эслаб, «У пакана эди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни ғийбат қилдинг», дедилар».

Ҳужурот сураси 12-оятида эса бундай дейилади:

«…Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилмасин. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўплаб қабул қилувчидир, ўта раҳмлидир».

Ғийбат энг катта гуноҳлардан биридир. Шунинг учун ҳам у қатъий ҳаром қилинган мазкур ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз бандаларига ғийбатнинг қанчалик ёмон иллат эканлигини тушунтириш учун ажойиб бир услубни қўллаган. Яъни ғийбатчининг ғийбати гўёки ғийбат қилинганнинг гўштини ейиш билан баробардир. Одатда инсон ўзи ёмон кўрган кишини ғийбат қилади, бутун борлиғи билан ундан нафратланади. Бу нафратини ғийбат қилиш орқали бошқаларга ошкор қилади. Гўштини ейиш у ёқда турсин, ҳатто у билан ўтиришни ҳам истамайди. Уни шу қадар ҳақир санайдики, қўлидан бирор пиёла чой ичишни ҳам ўзига ор деб билади. Лекин ғийбат қилиши билан гўёки унинг гўштини егандек бўлар экан. Бу эса ҳар қандай соғлом ақлли инсоннинг нафратини қўзғатадиган, мутлақо табиати тортмайдиган ишдир. Ҳаммага маълум бўлган ушбу ҳақиқатни Аллоҳ таоло: «...Ҳа, ёмон кўрасизлар...» деб таъкидламоқда. 

Абу Барза Асламийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй тили билан иймон келтириб, дилида иймон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманг ва уларнинг камчиликларини қидирманг. Кимки уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўзининг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйида шарманда қилади», дедилар» (Абу Довуд ривоят қилган).

Бу ҳадиси шарифдаги хитоб мунофиқларга қаратилгандир. Ғийбат қилиш, мусулмонлардан камчилик ахтаришга ҳаракат қилиш мунофиқларнинг ишидир. Дунёда эса нуқсон ва камчилиги бўлмаган инсоннинг ўзи йўқ. Шундай экан, мунофиқлар учун мўминларни ғийбат қилишга ҳар доим сабаб топилади. Бундан мақсад – мусулмонларнинг камчилигини топиб, бошқаларда улар ҳақида салбий фикр уйғотишга эришиш, Исломнинг қувватини пасайтиришдир. Аслида эса улар бошқаларнинг камчилигини ахтарар экан, Аллоҳ таоло ҳам уларнинг камчилигини қидиради ва албатта, уларни шарманда қилади. Бу ҳолат тарихда жуда кўп кузатилган. Мусулмонлар мунофиқларга хос бўлган бошқа иллатлардан ҳазар қилганларидек, уларнинг сифатларидан бири бўлмиш ғийбатдан ҳам худди жаҳаннам оловидан сақлангандек сақланишлари керак. Ғийбатчи одам нафақат бу дунёда шарманда бўлиш, обрў-эътиборидан мосуво бўлиш билан жазоланадилар, балки охиратда ҳам турли дахшатли азоб-уқубатларга дучор бўладилар.

Расули Акрам алайҳиссолату вассалом: «Меърожга чиққанимда мисдан бўлган тирноқлар билан юзларию кўксиларини тирнаётган бир қавмнинг олдидан ўтдим. Мен: «Эй Жаброил, улар ким?» деб сўрадим. У: «Булар у дунёда одамларнинг гўштини еб, обрўларини тўкканлар», деб жавоб берди», дея кўрганларини ҳикоя килиб берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва обрўси бошқа мусулмонга ҳаромдир», дедилар» (Муслим ривоят қилган).

Ғийбат инсоннинг обрўсига ҳам таъсир қилади. Ушбу ҳадиси шарифда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон учун ўзининг биродари бўлган бошқа мусулмоннинг уч нарсаси ҳаромлигини таъкидладилар. Одатда ўзгаларнинг қонини тўкиш кишилар орасида қотиллик, молини тортиб олиш зўравонлик, золимлик, қароқчилик каби номлар билан аталади. Уларнинг йиллар давомида йиққан обрў-эътиборларини йўққа чиқарадиган иллат – ғийбатга эса мутлақо эътибор бермайдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ғийбат ҳам гуноҳи кабиралар қаторига киришини таъкидлаш учун уни мусулмон учун ҳаром бўлган бошқа гуноҳлар қаторида зикр қилган бўлсалар, ажаб эмас. 

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади», дедилар» (Имом Термизий ривоят қилган).

Ғийбатга қарши чиқиб, ғийбат қилинаётган инсонни ҳимоя қилиш унинг дўзахдан ҳимоя қилиниши билан мукофотланар экан. Чунки агар кескин раддия билан ўз ўрнида ғийбатчининг оғзига урилмаса, бу иллат жамиятда янада ривожланиб, чуқур илдиз отиб кетиши шубҳасиздир. Натижада ҳамма ўзаро душманга, бир-бирининг обрўсини тўкадиган кишиларга айланиб қолади. Шунинг учун ҳам мазкур иллатнинг ривожланишига қарши чиқиб, ўз биродарининг обрўсини ҳимоя қилиш дўзахдан ҳимояланишдек буюк мукофот билан тақдирланар экан.

Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга: «Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда ўлса, у жаннатга охири киради. Кимки ғийбатда бардавом бўлган ҳолда ўлса, у дўзахга биринчи киради», деб ваҳий қилди.

Ғийбатчининг ғийбатидан бирор кишини ҳимоя қилиш осон иш эмас, чунки ғийбатчи бундай ҳолатда ҳимоя қилувчини ҳам тинч қўймайди, балки ўзини оқлаш, ғийбат қилинувчини қоралаш учун энди у туҳмат-бўҳтонга ҳам ўтиши ва ҳаттоки ҳимоя қилувчининг ўзига ҳам ҳужумга ўтиб қолиши мумкин. Агар у ғийбатчи ҳадиси шарифда айтилганидек, мунофиқ бўлса-чи? У ҳолда бу хавф яна бир неча баробар ошади. Чунки мунофиқ одам қандай йўл билан бўлса ҳам мўминларнинг ва уларнинг ҳимоячиларининг обрўсини тўкишга, бошқалар олдидаги уларнинг обрў-эътиборини йўқотишга ҳаракат қилади. Мўминни мунофиқнинг ғийбатидан ҳимоя қилувчига

«Қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг гўштини дўзах ўтидан ҳимоя қилувчи фаришта юборади».

Чунки у инсон ўзининг диндоши бўлмиш бир мўминни унинг шаънига отилаётган туҳмат, бўҳтон ва ғийбат тошларидан ҳимоя қилди. Шунинг учун Аллоҳнинг Ўзи қиёмат куни ҳимоя қилувчи фариштаси билан уни ҳимоя қилади.

«…Кимки бир мўминни сўкмоқчи бўлиб, уни ғийбат қилса, Аллоҳ таоло уни гапидан кайтмагунича жаҳаннам кўприги устида ушлаб туради».

Мўминни сўкиш, уни ғийбат қилиш ўта қабиҳ ишлардан бўлгани учун Аллоҳ таоло бундай кимсани қиёмат кунида жаҳаннам кўприги устида ушлаб туриш билан жазолайди. Бу жазонинг энг оғир турларидан биридир, чунки доимий ҳолатда кўприкдан йиқилиб, жаҳаннамга тушиш хавфи билан туриш осон иш эмас, лекин бундан қутулишнинг чораси ҳам бор.

«Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг яхшиликлари ҳақдорга олиб берилади. Агар яхшиликлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади» (Муттафақун алайҳ).

У ғийбатдан, ҳақоратдан қайтиши, тавба қилиши керак. Уламоларимиз бундай гуноҳларни бировнинг ҳаққига қилинган хиёнат деб ҳисоблайдилар. Бундан тавба қилишни эса қуйидагича таърифлайдилар.

Қатода розияллоҳу анҳу: «Қабр азоби уч бўлакдир. Ундан бири ғийбат, яна бири чақимчилик, яна бири пешобдан сақланмасликдир», деганлар.

Баъзи уламолар айтадилар: «Салафларнинг ибодати рўзада, намозда эмас, балки одамларнинг обрўсини тўкишдан сақланишда эканини кўрдик».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: «Бирор кишини айбламоқчи бўлсанг, ўзингнинг айбларингни эсла».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Сизлардан бирингиз бировнинг кўзидаги заррани кўради-ю, лекин ўзининг кўзидаги ёғочни кўрмайди», деганлар.

Ҳасан розияллоҳу анҳу: «Эй Бану Одам, токи ўзингда бор айблар ила бошқаларни ғийбат қилишдан тўхтамагунингча, ҳеч қачон иймон ҳақиқатига етолмайсан», дейдилар.

 

Арнасой тумани “Домла Камол” жоме масжиди

имом ноиби Ўринбой Боқиев

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид