Ғамгинликда ўқиладиган дуо

Ғамгинликда ўқиладиган дуо

imon.uz 26-05-2020 719

Мўмин мусулмон бандага дунё ҳаётида гоҳ-гоҳида қийинчилик, машаққат ва  турли хил кўнгилсизликлар етиб туради. Бу  унга Аллоҳ таоло томонидан етган бало ёки офат эмас, балки унга нисбатан Аллоҳ таолонинг яхшилиги бўлиши ҳам мумкин. Зеро, Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон Аллоҳ Ўз бандасига яхшиликни ирода қилса, унга бу дунёда уқубатни тезлатади. Қачон Аллоҳ Ўз бандасига ёмонликни ирода қилса, унга қиёмат куни тўлиқ азоб бериш учун гуноҳига яраша жазо бермай туради», деганлар.

Демак, мўмин бандага бу дунёда  етган балолар дунёнинг ўзида гуноҳлари учун олаётган жазоси бўлиши ҳам эҳтимоли бор. Банданинг гуноҳлари эвазига жазони дунёда ўташи эса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган меҳрибонлигидир.

Бу каби ҳолатларда банда бошига тушган синовларни Аллоҳдан деб билмоғи ва уларга бардошли бўлмоғи лозим. Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлмоғи одам боласининг саодатидандир. Аллоҳнинг истихорасини тарк қилмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир. Аллоҳнинг ҳукмидан ғазабланмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир», дедилар».

Дарҳақиқат, мўмин банда мусибат етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми сифатида қабул қилиб, рози бўлиши зарур. Бу мусибатни Аллоҳ таолонинг ҳукми деб билмасдан ғазабланиши эса, унинг Аллоҳ таоло ғазабига дучор бўлишига сабаб бўлади.

Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетганларида, Аллоҳ таоло, у зотни балиққа юттириб, синовга дучор қилади. Юнус алайҳис салом кеча зулмати, денгиз ости зулмати ва балиқ қорни зулматида туриб, Аллоҳ таолога ёлбориб: «Ла илаҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназзолимийн», (Маъноси «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен поксан, албатта, мен золимлардан бўлдим) деб нидо қилади.

Чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган бу дуони Аллоҳ таоло қабул қилиб Юнус алайҳис саломни балиқ ичидин қутқаради.

Имом  Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Ла илаҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназзолимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.

Шундай экан, аввало дунёда бизларга турли хил имтохон-синовлар келишини билмоқлигимиз, бу каби синовларни Аллоҳ таолодан деб, унга рози бўлишимиз ва ҳеч қачон Аллоҳнинг ҳукмидан ғазабланмаслигимиз даркор.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид