Гиёҳвандлик офатдир

Гиёҳвандлик офатдир

imon.uz 27-05-2020 406

Динимиз инсоннинг эътиқоди, жони, руҳи, молини сақлагани каби унинг ақлини ҳам ҳимоя қилади. Инсон ибодатларни адо қилиши учун комил ақлга эга бўлиши керак. Олимлар маст қилувчи ичимликлар ва гиёҳванд моддаларни ичишни “Ихтиёрий жиннилик”, деб аташади. Чунки гиёҳванд ўз ихтиёри билан ақли ҳушини йўқотади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бутун башариятга Ўзи тарафидан элчи қилиб юборишининг қатор сабабларидан бири сифатида тоза пок нарсаларнинг ҳалоллиги ва нопок, зарарли нарсаларнинг ҳаромлигини умматларига билдириш эканини “Аъроф” сурасининг 157-оятида шундай баён этади:

“У (пайғамбар) уларни яхшиликка буюради, ёмонликдан қайтаради ва пок нарсаларни ҳалол қилиб, нопок нарсаларни уларга ҳаром қилади”.

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси бўлса ўша нарса ҳаром ва уни истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан, айниқса, энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”.

Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти.

 Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинган ҳадисда эса:

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

 “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”.

Имом Муслим ривояти.

Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир.

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:

“Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”.

Имом Дорамий ривояти.

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилинган ҳадисда: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир”, деганлар.

Имом Ибн Можа ривояти.

Гиёҳвандликнинг зарарлари эса беҳисобдир. Гиёҳвандлик етказадиган зарарлар инсон жисмини қанчалик хароб, барбод қилса, худди шунингдек шахс ва жамиятнинг мол-мулкига ва бойлигига ҳам мислсиз зарар етказади. У тинч-тотув оилаларни бузиб, болаларни етим қилади, қашшоқлик, муҳтожликда яшашга мажбур этади. Охир оқибат касаллик, қамоқхона ёки ўлим билан якунланади. Ҳолбуки, ҳеч ким Аллоҳ таолодан ўзига ато этилган мол дунёсини исроф қилишга ҳаққи йўқ. Унинг ноўрин ерларга ишлатишидан ва беҳуда бўлишидан сақлаш ҳар биримизнинг вазифамиздир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасининг 195- оятида шундай марҳамат қилади:

 “Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!”.

Энг ачинарлиси шундаки, бу иллатга гирифтор бўлган кимсалар, топган пулини ҳаром ичимлик ва гиёҳванд моддаларни сотиб олиш учун ҳечам аямайдилар. Бор молу дунёсини, машинасини, уйини, ҳатто кийимини ҳам сотиб юборишлик даражасига етади. Исрофгарчиликн0инг бундан ёмонроқ кўриниши бўлмаса керак. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Исро сурасининг 27 – оятида:

“Шубҳасиз исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукр эди”.

 Ушбу оятга кўра, маблағларини мана шундай ноўрин жойларга сарфлаётганларни шайтоннинг биродари дейиш мумкин. Чунки уларга шайтондан бошқа ҳеч ким дўст бўлмайди. Шунинг учун ҳам, бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғимиз лозим.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Сизлардан ким ёмон, мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, тили билан ҳам монелик қила олмаса, унда қалби билан қайтарсин, ана ўша иймоннинг заифлигидир”, деганлар.

 Имом Муслим ривояти.

Демак, ушбу ҳадиси шарифга биноан, гиёҳвандликка қарши кураш ҳаммамизнинг бурчимиздир. Бу қабиҳ ишни билгач, ўзини оиласини, яқинларини бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир киши гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши зарур. Маҳаллалар ва қишлоқларда шу йўл билан тез бой бўлиб қолишни истаган, қанчадан-қанча кишиларни умрига зомин бўлаётган кишиларга бефарқ қараб туриш мумкин эмас. Гиёҳвандлик офатидан халқимизни ва келажак авлодни халос этиш ва уларни моддий ҳамда маънавий баркамоллик сари йўналтиришдек умумбашарий хайрли ишларимизда Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид