ГУНОҲНИ БЕРКИТИШГА РУХСАТ

ГУНОҲНИ БЕРКИТИШГА РУХСАТ

imon.uz 2023-01-06 01:56:08 389

Баъзи кишилар гуноҳни беркитиш риё деб ўйлайдилар. Аслида эса ундоқ эмас. Риё қилмайдиган содиқ банда ўзидан маъсият содир бўлганда беркитса жоиз. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳларнинг ошкора бўлишини ёқтирмайди ва беркитилишини яхши кўради.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен шаҳарнинг четида бир аёл билан бирга бўлдим, у билан жинсий алоқа қилмадим-у, бошқасини қилдим. Мана, мен турибман, нима қилсангиз, майли», деди. 

Умар розияллоҳу анҳу унга: «Аллоҳ сени беркитибди, сен ҳам ўзингни беркитганингда эди…», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга ҳеч нарса демадилар. У ўрнидан туриб жўнаб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ортидан бир кишини юбордилар. У бориб, ҳалиги одамни чақирди-да, унга: 

«Наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир қисмида намозни тўкис адо эт. Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказур. Бу эсловчилар учун эслатмадир», оятини ўқиб берди. 

У ердаги одамлардан бири: «Эй Аллоҳнинг Пайғамбари, бу унинг ўзига хосми?» деди. 

У зот: «Йўқ! Барча одамларга», дедилар». Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган.


Анас розияллоҳу анҳудан ривоя қилинади: «Бир одам келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга (зино жазосига) лойиқ иш қилдим. Уни менга жорий қилинг», деди. 

У зот ундан у нима эканини сўрамадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг, ҳалиги одам ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга лойиқ иш қилдим, менга Аллоҳнинг ҳукмини жорий этинг», деди. 

У зот: «Биз билан намоз ўқидингми?» дедилар.

У: «Ҳа», деди. 

«Батаҳқиқ, Аллоҳ сенинг гуноҳингни мағфират қилди», дедилар у зот».

Бухорий ривоят қилган.

Ҳа, банда гуноҳ қилган бўлса ҳам, қалбида Аллоҳ таоло муҳаббат қилган нарсаларга муҳаббат бўлиши мумкин.

Риёдан қўрқиб тоатни тарк қилишда ҳам ҳолатга қаралади. Агар амалнинг боиси дунё бўлса, уни тарк қилиш лозим. Чунки бундай амал тоат эмас, маъсиятдир. Агар амалнинг боиси дин ва холис Аллоҳ таоло учун бўлса, уни тарк қилиш лозим эмас. Чунки унинг боиси диндир.

Шунингдек, риё дейилишидан қўрқиб, амал тарк қилиниши дуруст эмас. Чунки бу шайтоннинг ҳийлаларидандир.

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид