ҲАДИС БИЛАН ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИГИ

ҲАДИС БИЛАН ФИҚҲ ИЛМИНИНГ ЎЗАРО БОҒЛИҚЛИГИ

imon.uz 2022-11-18 10:31:12 196

Ҳадис билан фиқҳ фани ўзаро чамбарчас боғлиқ бўлган илмлар сирасига киради. Қадимда фақиҳларнинг албатта ҳадисдан насибаси ва аксинча, муҳаддисларнинг фиқҳдан улуши бўлган. Ҳадис олимлари фақиҳлар ҳузурига бориб мухтасарларни ёд олиб, фуруотни ўрганишар, айни чоғда фақиҳлар ҳам муҳаддислар ҳузурига бориб ҳадис ўрганардилар.

Агар ҳадис билан шуғулланувчи киши уларни фақат санадлар ва рижоллар орқали ўрганиб, фиқҳий жиҳатларидан фақиҳ уламолар ва муайян мазҳаб олимларининг китоблари орқали бохабар бўлмас экан, улардан ҳукм олишда адашиб қолади. Шу боис ҳам Суфён ибн Уяйнага нисбат берилувчи қуйидаги сўз машҳур бўлган: «الحديث مضلة إلا للفقهاء» яъни: «ҳадис бу инсон адашиб қоладиган, адашиш эҳтимоли мавжуд бўлган йўлдир. Фақат фиқҳдан насибаси борларгина бу йўлларда чалғиб, адашиб қолмайдилар».

Худди шунга ўхшаш сўз моликий фақиҳ ва муҳаддисларидан Абдуллоҳ ибн Ваҳбдан ҳам нақл қилинган бўлиб, у киши «фақиҳлар» ўрнига «олимлар» сўзини ишлатганлар.

Юқоридаги сўздан тушуниладиган нарса шуки, ҳадисларнинг ўзини санадлари орқали ўрганиб, уларнинг фиқҳий жиҳатлари борасида фақиҳ олимларнинг сўзларига қарамаган киши улардан ўзича ҳукм ололмай ҳайратда қолади. Зеро, худди ояти карималардаги каби ҳадиси шарифларда ҳам носиху мансухи, ому хослари, мутлақу муқайядлари бор. Шундай экан, ҳадисни билишнинг ўзи улардан ҳукм истинбот қилиш учун кифоя қилмайди. Балки, истинбот ишида моҳир бўлган фақиҳ олимлар сўзига қулоқ солиш лозим бўлади.

Бир куни Абдуллоҳ ибн Ваҳб: «агар Аллоҳ мени Молик (яъни имом Молик) ва Лайс (ибн Саъд) орқали қутқармаганида албатта адашиб қолган бўлардим», дедилар. Шунда у кишига «қандай қилиб?», дея сўрадилар. Жавоб бердилар: «(бошида) фақат ҳадисларни ўрганиш билан шуғулландим ва улар мени ҳайратга солди».

Имом Молик айтадилар: «бирор кимса фақат ҳадис ривояти билангина шуғулланиб муваффақият қозонган эмас». Ибнул Жавзий Имом Моликнинг ушбу сўзларини шарҳлаб шундай дейди: «яъни, бу ерда ишора қилинаётган нарса, биз зикр қилганимиздек, ҳадисларнинг туруқлари (ривоят йўллари) ва ғариб сўзлари билангина машғул бўлиб қолиб, фиқҳий томонларини қўлдан чиқариш ҳақидадир».

Демак, ҳадис борасидаги Суфён ибн Уяйна, Абдуллоҳ ибн Ваҳб ва бошқалар айтган сўздан келиб чиқадиган нарса, бу ҳадисларнинг фақат санад ва рижоллари билангина шуғулланиб, уларнинг фиқҳий томонларини ўрганмаслик борасидадир. Зеро, у ёки бу ҳадиси шарифдан олинадиган ҳукмлар борасида фақиҳлар сўзига мурожаат қилмайдиган киши улардан ўзича ҳукм ололмайди ва натижада адашиб қолади. Нотўғри, ҳукм чиқаради. Бу эса ҳадиси шарифларни ўрганиш масаласини асло ерга урмайди. билъакс, уларни илм билан ўрганишга тарғиб этади. Зеро, юқорироқда айтиб ўтганимиздек, қадимги фақиҳлар муҳаддис, муҳаддислар эса фақиҳ бўлганлар. Фиқҳий мазҳаб соҳибларининг ҳадис илмида ҳам ёзган асарлари бунинг ёрқин далилидир. Имом Абу Ҳанифа Муснад, Имом Молик Муватто, Имом Аҳмад ҳам Муснад ёзганлар. Имом Бухорий (р.ҳ.) гарчи ҳадис илмида машҳур бўлсалар ҳам албатта фақиҳ бўлганлар. У зотнинг асосий устозлари ҳам муҳаддис бўлиши билан бирга катта фақиҳлардан бўлганлиги фикримизнинг ёрқин далилидир. Жумладан, Имом Аҳмад, Исҳоқ ибн Роҳавейҳ, Алий ибнул Мадийний ва бошқалар имом Бухорий (р.ҳ)нинг акобир устозларидан бўлганлар. Имом Аҳмад ҳанбалий фиқҳининг асосчиси, Исҳоқ ибн Роҳавейҳ шофеий мазҳабининг кибор шайхларидан бўлиши билан бирга имом Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг яқин шогирдлари ва асҳобларидан бўлмиш Абдуллоҳ ибн Муборак (р.ҳ)нинг шогирдларидан эди. Алий ибнул Мадийний эса Аҳмад бин Ҳанбал, Абу Довуд ва бошқа кўплаб муҳаддисларга устозлик қилган.

Шундан ҳам биламизки, қадимда фақиҳлар албатта ҳадисдан илми бўлган ёки аксинча, муҳаддисларнинг фиқҳдан насибаси бўлган ва улар фақиҳ олимлар сўзини эътиборли санаганлар. Улардан кейингиларда ҳам шу ҳолат кузатилган. Ибн Ҳажар Асқалоний шофеийларнинг катта фақиҳларидан бўлиш билан бир қаторда ҳадис илмида пешқадам бўлганликлари ҳеч кимга сир эмас. Бадруддин Айний ҳам катта аллома, фақиҳ ва муҳаддис бўлганлар. У киши ҳанафий фиқҳида машҳур бўлган «ал-Ҳидоя» китобини шарҳлаш билан бир қаторда имом Бухорийнинг «ал-Жоме ас-саҳиҳ»ларига ҳам ниҳоятда мукаммал шарҳ ёзганлар.

Аҳмад ибн Ҳасан Термизий айтадилар: «Абу Абдуллоҳнинг шундай деётганини эшитдим: «агар киши ҳадисни билса ва унда фиқҳдан ҳам насиба бўлса, бу менга фиқҳи бўлмаган ҳолда ҳадисни ёдлагандан маҳбуброқдир».

Аъмаш номи билан машҳур бўлган Сулаймон ибн Меҳрон Асадий (р.ҳ.) ўз даврида муҳаддислар ва муқрийлар имоми бўлганлар. У киши кўплаб муҳаддис ва фақиҳларга устозлик қилганлар. Имом Абу Ҳанифа ва имом Авзоийлар ҳам Аъмашнинг шогирдларидан эдилар. Шу киши ҳадис илмида буюклигига қарамасдан ўз шогирдлари Абу Ҳанифа (р.ҳ)дан турли масалалардан савол сўраб турарди. Хатиб Бағдодий ўзининг «насиҳату аҳлил ҳадис» китобида ривоят қилиб келтиришича, бир куни Аъмаш Абу Ҳанифадан айрим масалалар борасида сўрар ва Абу Ҳанифа у кишига жавобларини айтардилар. Аъмаш ҳайратланиб: «бу нарсаларни қаердан билдинг?», десалар, Абу Ҳанифа (р.ҳ): «ахир ўзингиз бизларга Иброҳимдан фалон ҳадисни, Шаъбийдан пистон ҳадисни айтиб бергансизку?! (ана ўшалардан чиқарганман)» дер эдилар. Шунда Аъмаш: «эй фақиҳлар жамоаси, Сизлар табиблардирсиз, биз эса дори тайёрловчилармиз», дегандилар.

Аъмаш (раҳимаҳуллоҳ)нинг ўз шогирдидан масала сўраши ва буни ўзига ор деб билмаслиги ва сўнгида фиқҳ илмининг шарафини эътироф этиб «сизлар табиб, биз эса доричилармиз», дейишлари бир жиҳатдан у зотнинг нечоғли буюк қалб соҳиби, нечоғли камтарин инсон эканликларини билдирса, бошқа тарафдан ҳадис билган фақиҳларни фиқҳ билмаган муҳаддислардан бир поғона юқорида туришига ҳам ишора қилганлар.

Дарҳақиқат, фақиҳлар табиб, муҳаддислар эса доришуносдир. Улар орасидаги боғлиқлик ҳам табибнинг доришуносга, доришуноснинг табибга бўлган эҳтиёжи кабидир. Улар бир-бирини тўлдиради ва бир-бирига бениҳоя муҳтож. Аммо, устунлик ва афзалият фақиҳлар томондадир. Зеро, шифокор доим доришуносдан бир поғона баландда бўлган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, динини тўғри ўрганмоқчи бўлган толиби илм албатта, ўз юртида урф ва амалда бўлган фиқҳий мазҳабни ўрганиши ва унга эргашиши мақсадга мувофиқ балки, лозимдир. Фиқҳдан йироқ ҳолда ҳадисларнинг ўзидан ҳукм чиқармоқчи бўлган киши адашиб қолиш эҳтимоли катта.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид