Ҳозирги замонда мужтаҳид йўқми.

Ҳозирги замонда мужтаҳид йўқми.

imon.uz 2022-06-17 01:24:15 295

Халқимизда “Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин!” деган нақл бор. Ҳақиқатда ҳамма ишни ўз эгаси, устаси қилгани маъқул. Йўқса, турли келишмовчилик ва ихтилофлар келиб чиқиши табиий.

      Шиддат билан одимлаётган давримизда ўзини “мужтаҳидман” дейдиганлар чиқди ва чиқмоқда. Аслида, улар илмга энди қадам қўйган толиби илмлардир. Чунки ижтиҳод илмда комил бўлган, етук зотларнинг ишидир. Ҳаммада ҳам бу даражага етишга лаёқатли бўлавермайди.              

      Ҳозирги замонда мужтаҳид йўқми? Бу саволга қуйида жавоб оламиз.

      Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

      “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”, – дедилар (Тўртовлари ривоят қилган).

      Баъзи уламолар ушбу ҳадисни далил қилиб: “Қиёматгача мужтаҳид узилмайди”, десалар, жумҳур уламолар: “Йўқ, мужтаҳидликнинг ўзига яраша шартлари бор, бугунги кунда якка тартибдаги мужтаҳиднинг йўқлиги ижтиҳоднинг шартлари ўша нарсани даъво қилувчиларда тўлиқ топилмаслигидадир”, дейдилар. Лекин, якка тартибдаги мужтаҳид йўқлигини эътироф қилувчи уламолар жамоавий ижтиҳодни инкор этмайдилар. Чунки мўътабар фиқҳ китобларимизда ёзилмаган, янги, замонавий масалаларга кимдир жавоб бериш керак-да!

      Жамоавий ижтиҳод алоҳида бир мавзу бўлгани учун унинг баёнига эътибор қаратмадик.

      Оқил бошқадан ибрат оладиган одамдир. Шу жойда улуғлар ҳаётидан бир ибратли воқеани келтириб ўтиш ўринлидир.

     Бу воқеани машҳур тариқат шайхи, шариат пешвоси, аллома Холид Бағдодий Нақшбандий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг “Ижтиҳод даъвосини йўққа чиқаришга шиддатли кураш” рисоласида келтирган: “Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Ал-Жомеъ ас-сағир” китобига ёзган шарҳининг муқаддимасида айтади: “Аллома Шиҳоб Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Суютий мутлақ мужтаҳидликни эмас, мазҳаб ичида мужтаҳидликни даъво қилди. Ўша вақт унга ҳамаср уламолар бир камондан ўқ отдилар (яъни барча уламолар бир бўлиб раддия қилдилар). Асҳоблар Суютийга икки хил ечим эҳтимоли бор масалаларни савол қилиб мактуб ёздилар. Қани, агар у мужтаҳидликнинг энг қуйи пағонасида бўлса (бу ердаги ижтиҳоднинг энг қуйи поғонаси фатво мужтаҳидидир), мужтаҳидлар қоидасини ишлатиб, ўша важҳларнинг энг кучлиси ҳақида гапирсин–чи!? Саволларга ёзма жавоб қайтарсин–чи!?

      Шунда имом Суютий ишларининг кўплиги ўша масалаларга қарашдан тўсаётганини айтиб, узр йўллайди.

      Шиҳоб айтади: “Ижтиҳод мартабасининг энг қуйи даражаси бўлган фатво ижтиҳоди мартабаси қийинлиги ҳақида бир тааммул қилиб кўринг!?

          Ким мутлақ мужтаҳидлик ҳақида фикр қилаётган бўлса (қарасин), бу замон вакилларидан (Ибн Ҳажарнинг замонасидаги олимлардан) бирортаси ўзига ўша нисбатни беришга журъат қилмаган!

      Ҳолбуки, биз билан улар орасида тўрт юз йил бор. Аввалгилар бу мартабани даъво қилишдан узр айтган бўлсалар, замонамиз кишиси (бундай сохта даъволардан) қандай ҳаё қилмайди!?” (Иқтибос тугади).

      Мужтаҳидликнинг энг қуйи поғонасини даъво қилган имом Суютий ўзи ким эди? Ҳақиқатдан ҳам мужтаҳидлик даражасини қуруқ, (ҳозирги замондаги баъзилар каби) шунчаки даъво қилганмиди ёки имом Суютийда ўша даъвога яраша лаёқат, асос бормиди?

      Келинг, Жалолиддин Суютий раҳматуллоҳи алайҳ ҳаёт ва ижодлари ҳақида қисқача сўз юритсакда, хулоса чиқаришни ўқувчини ўзига қолдирсак.

     У зотнинг кимлиги, қилган ишлари, нималарга қодирлигини ўзингиз инсоф тарозисида тортиб кўрарсиз!

      Тўлиқ исми ва куняси. Жалолиддин Абулфазл Абдурраҳмон ибн Камолиддин Абу Бакр ибн Муҳаммад ибн Собиқуддин Абу Бакр ибн Фахруддин Усмон ибн Носуриддин Муҳаммад ибн Сайфуддин Хизр ибн Нажмуддин Абуссалоҳ Аюб ибн Носируддин Муҳаммад ибн шайх Ҳумамуддин Ҳумам Хазирий, Асютий, Тулуний, Мисрий шофеъийдир.

      Ибнул кутуб номи билан ҳам машҳур бўлган. Ибнул кутуб – китоблар фарзанди   номини олишига сабаб қуйидаги ҳодиса бўлган: отаси онасига жавондан китоб олиб келишни буюради. Ногоҳ ана ўша жойда онани тўлғоқ тутиб, китоблар орасида имом Суютийни дунёга келтиради. Шу сабаб бўлиб, Ибнул кутуб лақабини олди.

      Имом Суютий 849 йил Ражаб ойининг бошида, якшанба куни, шомдан кейин таваллуд топди.

           Имом Суютий беш ёш–у етти ойлигида отадан етим қолди. Саккиз ёшида Қуръони каримни тўла ёд олди.

      Имомда илмга бўлган муҳаббат ёшликдан пайдо бўлган. Уч ёшида отаси Ҳофиз Ибн Ҳажарнинг мажлисига олиб боради.

      Замонанинг катта уламоси Камолиддин Ибн Ҳумомдан қаттиқ таъсирлангани Суютийнинг илм олишига катта туртки бўлади. 864 йил Рабиъул аввал ойининг бошидан илмга астойдил киришади.

      Имом Суютий жуда кўп устозларда таълим олган. Суютийнинг шогирди имом Шаъроний ўзининг “Табақот”ида устози 600 та шайхдан илм олганини айтади.

      Имом фақат шайхлар билан кифояланмай, замонасининг машҳур фақиҳа, муҳаддиса аёлларидан ҳам таҳсил олган. Уммул Муҳанниъ, Оиша бинту Абдулҳодий ва Зайнаб бинту ҳофиз Ироқийлар шулар жумласидандир.

      Имом еттита илмда пешқадам ва моҳир бўлган: тафсир, ҳадис, фиқҳ, наҳв, маъоний, баён ва бадиъ.

      Суютийнинг ёзган китоблари рўйхати тузилган алоҳида рисолалар ҳам битилган. Унда рўйхатга киритилган китоблар сони 725 тани ташкил этгани айтилган. Шундан 200 дан ортиғи босмадан чиққан. Ёзган китобларининг барчаси долзарб мавзуларда. Улар ҳозиргача олим ва толиблар қўлида асосий қўлланма бўлиб келмоқда. Қолганлари эса қайсидир кутубхоналарда тадқиқотларни кутиб ётибди ёки йўқолган, зое бўлган.

           Суютий ҳадис тўплашга жуда ҳарис эди. Ўзининг “Ал-жомеъ ас-сағир”, унинг “Завоид”и ва “Ал-жомеъ ал-кабир” асарларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини йиғишга ҳаракат қилган. Ҳадисга бағишланган бу мўътабар манбаларнинг ўзига хослиги абжад ҳарфлари тартибида, муснад китоблар йўналишида ёзилганлигидир. Бу тўпламларни ўқиган киши ҳадиснинг бошиданоқ гап нима ҳақида кетаётганини билиб олади. Имом мана шу оламшумул иши билан суннати мутаҳҳарага жуда катта хизмат қилди.

      Суютий ўзи ҳақида 200 000 ҳадис ёд олганини, агар ундан кўпроқ топганида уни ҳам ёдлашини айтиб ўтган.

      Имом Суютийнинг вафотидан кейин хонасидан ўз қўли билан ёзган хати топилган. Унда қуйидалар ёзилган:

      “Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг Расулига эса салавот ва саломлар бўлсин!

      Ҳижрий 904 йил (бу ҳодиса вафотидан етти йил олдин бўлган) Рабиъул аввал ойининг саккизинчи куни, пайшанба кечаси туш кўрдим. Қарасам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузуридаман. Ҳадис борасида ёзишга киришган (“Жамъул жавомиъ” ёки “Ал-жомеъ ал-кабир”) китобим ҳақида ул зотга сўзлаб бердим.

      Айтдимки:

      – Сизга ундан бироз ўқиб берсам?

     Ул зот менга:

  • Қани ўқи, эй шайхул ҳадис!, дедилар.

      Мана шу нарса менинг назаримда бутун дунёдан афзал башорат эди”.

      Фиқҳни шайх Сирожиддин Булқинийдан, у зотдан кейин ўғлидан, луғат ва ҳадисни шайх Тақийюддин Шумунийдан, тафсир, усул ва маъонийни шайх Муҳйиддин Муҳаммад ибн Сулаймон Румий ҳанафий ва бошқа қатор етук устоз ва алломалардан сабоқ олган.

      “Ҳиснул муҳозара” китобида ҳаж қилганида Замзам сувини фиқҳда Сирожиддин Булқиний, ҳадисда Ибн Ҳажар даражасига етишни ният қилиб ичганини айтади.

      Олимларнинг таъкидлашича, Аллоҳ таоло имом Суютийни мақсадига еткизган.

      Суютий қирқ ёшида ибодатга ажраб чиқиб, умрининг охиригача ибодат, риёзат билан машғул бўлади.

      Баракали умр кўрган имом 911 йил жумадул улонинг 19 куни, жума кечаси 62 ёшида оламдан ўтди.

      Аллоҳ таоло Имом Суютийни Ўз раҳматига олиб, борган жойини жаннат боғларидан айласин!

           

Абу Убайдуллоҳ

Миролим мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид