Карантин қоидаларига риоя қилайлик

Карантин қоидаларига риоя қилайлик

imon.uz 2020-08-18 517

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолари Кенгаши карантин даврида осойишталикни сақлаш ва инсон соғлигини муҳофаза қилиш мақсадидаги ўрнатилган тартиб-қоидаларга қатъий риоя қилишга чақиради.

Барча савдо ва дехқон бозорларида савдо қилиш нуқталарида касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олиш  мақсадга мувофиқдир.

 Бундай ҳолатларда тартиб-қоидаларга беписанд бўлиш, нафақат қонунни бузиш, балки шаръий томондан ҳам тўғри бўлмайди. Чунки, бу ишларда кўпчилик томонидан сайланган раҳбарларга, ҳукуматга бўйсунишнинг лозимлиги Ислом манбаларида баён қилинган. Қуръони каримнинг "Нисо сураси" 59-оятида шундай баён қилинади: «Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) ишбошиларга итоат этингиз!» (“Нисо” сураси, 59-оят).

Ислом динида итоат қилиш ибодат даражасига кўтарилган ва мўмин-мусулмонлар айни ҳозирги ҳолатда табиблар кўрсатмаларига қатъий риоя этишлари жуда ҳам зарур.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: "Қай бир кишига тоъун (пандемия) етса ва уйида сабр билан ва савоб умидида ўтирса ҳамда ўзига Аллоҳ ёзганидан бошқа нарса етмаслигини билса, илло унга шаҳиднинг ажричалик савоб бўлади". (Имом Бухорий "Саҳиҳ"ларида ривоят қилганлар).

Бу ҳадис ҳамма сабр қилган, савоб умид этган ва таваккул қилган кишиларга тааллуқли. Улар вабодан хоҳ вафот этсин, хоҳ этмасин фарқсиздир.

Инсон карантин ва чекловни бузиши ёки касаллик ўчоғига борганлик, беморлар билан мулоқотда бўлганликни яшириши нафақат ўзи, балки жамият учун ҳам катта хавфдир.

Ислом дини таълимотларида ҳар бир инсон ўзи ва бошқалар ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир! Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг!”, деб келтирилган “Бақара” сурасининг 195-оятда.

Бугун карантин чораларига қатъий риоя қилиш зарурлигини тушуниб етмоқдамиз. Барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳамкорликда ҳаракат қилишимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда:

«Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилманг!» (“Моида” сураси, 2-оят), дейилган.

Демак, жамият соғлигини сақлаш йўлида ўзаро ҳамкорлик қилиш – Ислом дини тавсия этилган амаллардандир.

Шунинг учун қўйилаётган талабларга риоя қилайлик. Қўлимизни ювиш керакми, совунлаб ювайлик, неча сония ювинг дейилган бўлса, тиббиёт ходимлари қандай талаб- лар бўлаётган бўлса, шунга амал қилайлик. Лекин ваҳимага тушмайлик. Биз мусулмонлар сабабларни англаб етамиз-да, кейин Аллоҳга таваккул қиламиз. Чунки олдин са- бабларни таъминлаб қўйиб, кейин Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога таваккул қилинади. Ниқоб тақ деса, ниқоб тақасиз, жамоатга аралашма деса, аралашмай турилади ва ҳоказо.

 Яна бир муҳим масала: барча савдо ва деҳқон бозорларида, савдо қилиш нуқталарида касаллик тарқалмаслиги мақсадида аҳолининг яқин масофада бўлишларининг олдини олишга қаратилган чоралар кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш мутахассислари фикрига кўра, ижтимоий масофаланиш – коронавирус тарқалишининг олдини олишда энг муҳим чора экан. Жамоат жойларида аҳолининг ўзаро яқин масофада бўлишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Бу чора «ижтимоий масофаланиш» деб номланади. Ижтимоий масофаланиш, оддий қилиб айтганда, бу – одамлар ўртасидаги масофани 2 метр атрофида сақлашдир.

Ҳозирги масъулиятли онларда зинҳор шайтон васвасасига берилмаслигимиз керак. Ҳар қандай қийинчиликни бирдамлик, ҳамфикрлик билан енгишимиз мумкин. Тарихда ҳам халқимиз бундай машаққатларни бошидан ўтказган, сабр-қаноатлари ва кучли имонлари билан уларни енгиб ўтган. Бу сафар ҳам, бу касалликни Аллоҳ таолонинг мадади ила биргаликда енгамиз.

 

Дўстлик туман бош имом-хатиби  

Аҳмад Абдурасулов

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид