Китобларга хиёнат – динга хиёнатдир!

Китобларга хиёнат – динга хиёнатдир!

imon.uz 2022-10-28 01:54:15 176

Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган мана бу ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам барча фирқалардан узоқда бўлиш кераклигини буюрганлар:

فاعتزل تلك الفرق كلّها و لو ان تعض بأصل شجرة حتى يدركك الموت و أنت على ذلك

“Бу фирқаларнинг барчасидан узоқ бўл, гарчи дарахтнинг илдизини чайнаб юриб ўлиб кетадиган бўлсанг ҳам. Сен улардан узоқ бўлган ҳолда ўлиб кетсанг ҳам майли!” (Бухорий, 4/3606).

Юқоридаги ҳадиси шарифга кўра, барча фирқалардан ва оқимлардан узоқ бўлмоқ керак, улардан ўзни асрамоқ лозим! Бир гуруҳ фирқа ва оқимлар тўпида эмас, жуда кўпчилик мусулмонлар ҳамжамиятида яшамоқ керак. Чунки, мазкур ҳадиси шарифнинг аввалида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай демишлар: تلزم جماعة المسلمين و إمامهم – “Мусулмонлар жамиятини ва уларнинг имомини лозим тутасан!”. Яъни, доимий келаётган, кўпчилик мусулмонлар эргашаётган имомларга эргашиб, мўмин-мусулмонлар жамиятини ўзингга лозим тутиб қоласан.

Зотан, фирқа ва оқимлар ҳамма вақт мусулмонларнинг озчилигини ташкил қилади. Буни унутманг! Иккинчидан, доим улар ўзларини ҳақ деб биладилар. Барчалари ўзларини аҳли суннат ва жамоатдан деб ҳисоблайдилар ҳамда бошқаларни айблайдилар. Бизнинг ота-боболаримиз ҳамда анъанавий ислом ва мазҳаб амалиётларидан уларнинг фарқли жиҳатлари бўлади. Айрим фирқа ва оқимлар қаерда ҳаракат қилса, ўша ернинг мазҳаби ва анъаналарига ўзларини содиқдек кўрсатади. Ҳанафийлар кўп жойда, ҳанафий кўринишида, шофиъийлар кўп жойда шофиъийлар кўринишида бўй кўрсатиши мумкин. Бу нарса сизни чалғитиб қўймасин! Улар қаерда қайсидир фирқа ёки оқимлар ёмонланаётган бўлса, ўша оқим ва фирқаларни ҳамма қатори ёмонлаб, ўзларини ўша ернинг халқи ва мусулмонларига хайрихоҳ, ҳаммаслак қилиб кўрсатиши ҳам мумкин. Масалан, ваҳҳобийликни ёмонлайдиганларнинг ҳаммаси ҳам тўғри эътиқодли одамлар бўлиб қолавермайди.

Фирқалар ва оқимларга номни доимо жумҳур уламолар, анъанавий мазҳабдагилар, аҳли суннат ва жамоатнинг ҳақиқий аъзолари қўядилар. Фирқа ва оқим аъзолари бу номларни ўзлари инкор қилишлари мумкин. Мўътазилийларга номни буюк тобеъин Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ қўйганлар. Хаворижларга номни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўйганлар, деган фикр мавжуд. Фирқа ва оқимларнинг номлари алоҳида кўринишларидан, раҳбарларининг номларидан, келиб чиққан жойлари номидан, яққол кўринадиган асосий ақидаларидан олинган бўлади. Буни ҳамиша эсда тутинг!

Фирқа ва оқимлардагиларнинг айримларининг амалиёти ва ақидалари аҳли суннат ва жамоатга жуда яқин кўринишда бўлиши мумкин. Масалан, ҳақиқий ҳанафий уламоларнинг ақидаси тўғри ҳанафий шогирдлари шу хилда фирқа ва оқим вакиллари бўлиши мумкин. Ана шундай фирқа ва оқимларнинг раҳбарлари эса ўша фирқа ёки оқимни яхши ниятда ташкил қилган ҳаққоний олим, ҳақиқий аҳли суннат ва жамоат аъзоси бўлиши ҳам мумкин. Ҳақиқий аҳли суннат ва жамоатдан бўлгани боис у ҳатто раббоний олим, улуғ авлиё ҳам бўлиши мумкин. Бу нарса эса сизни алдаб қўймасин! Ўша фирқа ва оқим қандай ниятда ташкил қилинган бўлмасин, унинг раҳнамолари нақадар яхши инсонлар, нақадар буюк уламолар бўлмасин, лекин алоҳида кўринишлари, мусулмонлар ҳамжамиятидан ажралиб, озчилик билан алоҳида бўлиб олишларининг ўзи, кўпчилик мусулмонлар уларнинг алоҳида кўринишига қараб, алоҳида ном қўйиб қўйишининг ўзи уларни аҳли суннат ва жамоатдан чиқариб қўяди. Буни унутманг!

Мусулмон кимса раҳбарларига итоатли, юртидаги инсонлар билан муросаю мадора билан яшамоғи фарз. Шундай экан, фирқа ва оқимларга қўшилишни жамият ман қилиб қўйган экан, давлат қонуни жиноят деб баҳолар экан, ундай фирқа ва оқимлардан узоқ бўлаверинг. Шу сизнинг мусулмонлик бурчингиздир! Хуллас, фирқа ва оқимлардан доимо эҳтиёт бўлинг, қочинг, яқинлашманг!

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид