МИССИОНЕРЛИК КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИГАН ОФАТЛАР

МИССИОНЕРЛИК КЕЛТИРИБ ЧИҚАРАДИГАН ОФАТЛАР

imon.uz 23-06-2021 396

Бугунги кунда кишилик жамияти ривожига кучли таъсир кўрсатаётган, унга ўзига хослик бахш этаётган ижтимоий омиллар қаторида диний омилнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Диннинг яратувчилик ва бунёдкорлик, уюштирувчилик ва йўналтирувчилик салоҳиятидан фойдаланилганда у ҳамиша жамият ривожи, инсон камолотига хизмат қилган. Айни пайтда, инсониятнинг кўп асрлик тарихи диндан ниқоб сифатида фойдаланиш, ундаги ғояларни вайронкорлик руҳида талқин этиш одамлар бошига кўплаб кулфатлар келтирганини кўрсатади. Замонавий воқелик диндан ғараз мақсадлар йўлида фойдаланиш давом этиши баробарида у ўта нозик тус ва хатарли кўринишлар олаётганидан гувоҳлик беради. Турли шаклларда намоён бўлаётган миссионерлик ҳаракатлари бунга мисол бўла олади.

Миссионерлик ҳақида сўз борар экан, аввало  ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эга. Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.

Миллат ва жамиятни диний асосда бўлиб ташлашга қаратилган миссионерлик ҳаракатлари ўзининг узоқ тарихига эга. Глобаллашув шароитида эса у янгича шаклу шамойил ва кенг миқёс касб этиб, жамиятдаги барқарорлик ва тараққиётга таҳдид солмоқда.

Айни пайтда, миссионерликни амалга оширишда тиббиёт ва таълим-тарбия соҳасидаги фаолият, хайрия ёрдамлари кўрсатиш,  уйма-уй юриб тарғибот олиб бориш, маҳаллий тилларда ўзга динни тарғиб қилувчи адабиётларни тарқатиш,  рўзнома ва журналлар, радио ва теледастурлар, кино маҳсулотлари ва интернет тармоқларидан кенг фойдаланилмоқда.  

Шу билан бирга, бугунги кунда вазиятга мослашган ҳолда миссионерликнинг такомиллашиб бораётгани, аҳолининг турли қатламлари, жумладан,  болалар,  ёшлар, аёллар, пенсионерлар ва ногиронлар орасида иш олиб боришга уринишлар кўп учраётганини айтиб ўтиш мумкин.

  Миссионерлик миллий бирлик ва жамият барқарорлигига таҳдидга айланган экан, унга қарши кураш, олдини олишга қаратилган ишларни тизимли  ташкил этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Бунинг учун мамлакатимизда етарли ҳуқуқий асослар ҳам яратилган. Шундан келиб чиқиб, миссионерликнинг олдини олишнинг ҳуқуқий асослари ҳамда бу жараёнда диний маърифат ва бағрикенглик маданиятининг ўрни ва аҳамияти масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, замонавий миссионерликни белгиланган мақсадларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтиришдан  уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш ҳисобига ўзларининг молиявий имкониятларини яхшилаш ва кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайдилар. Замонавий секталарнинг мутлақ кўпчилигини шу гуруҳга киритиш мумкин.

Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида муайян ҳудудларга нисбатан ўзининг аниқ геосиёсий режаларига эга бўлган давлатлар ва сиёсий кучлар туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.

Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.

Хайрия ёрдамлари кўрсатиш ҳам миссионерликдаги жуда  қадимий усуллардан бири ҳисобланади. Миссионерлар ҳар қандай киши ва жамият ҳаётида учрайдиган  ижтимоий-иқтисодий муаммолардан ўзларининг мақсадларида йўлида фойдаланиб қолишга доимий эътибор бериб келганлар. Улар бугунги кунда ҳам моддий-молиявий ёрдам кўрсатишнинг турли шаклларидан усталик билан фойдаланишга ҳаракат қилмоқдалар. Уларнинг “Кўзи ожизлар жамияти”, “Меҳрибонлик уйи” каби ташкилотларга  хайрия сифатида молиявий кўмак беришга,  “Қариялар уйларига” ташкилий ва моддий (озиқ-овқат олиб бориш, муҳтож кексаларни овқатлантириш) шаклида ёрдам беришга интилаётганлари ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради.

Умуман олганда, миссионерлар турли хил ижтимоий-маърифий тадбирларни тез-тез ўтказишдан ижтимоий онгда ўз фаолиятлари ҳақида ижобий тасаввурни шакллантириш, ўзаро муносабатлар ўрнатиш ҳамда маҳаллий хокимият вакиллари билан алоқаларни яхшилашдек мақсадларни кўзлайдилар.

 Истамов Иброҳимхон

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид