Мотуридия ақидаси асослари

Мотуридия ақидаси асослари

imon.uz 2021-03-31 06:05:44 438

Мотуридия ақидавий йўналиши асос ва қоидаларини Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ўзи кашф қилган эмас. Ақоиднинг асослари, арконлари ва бандлари унгача ҳам маълум даражада шаклланган эди. Исломшунос олимларнинг таъкидлашларича, ақида илмий тобеинлар давридан бошлаб, ҳижрий иккинчи асрда мустақил фан сифатида зоҳир бўла бошлаган. Мазҳабимиз асосчиси Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит (роҳматуллоҳу алайҳ) нафақат фуқаролар пешвоси, айни чоғда ақида ва калом илмига ҳам асос солган буюк сиймолардан бўлган.

Шайх Абу Мансур ҳазратлари диний таълимни ҳанафия уламоларининг кўзга кўринган машҳур намояндаларидан олгани ва диний фанлар бўйича қанчалик чуқур билимга эга бўлганига ёзиб қолдирган қимматли асарлари гувоҳлик беради. Ул зот ҳаёт-фаолиятлари давомида динимиз софлиги, боқийлиги учун қаттиқ кураш олиб борган, ўша даврларда исломга қарши бўлган нотўғри назариялар ва пуч ақидаларга илмий асосда қақшатқич зарба берган. Ал-Мотуридий ҳазратларининг хизматлари шундаки, ўша даврлардаги ақидавий оқимларнинг таъсирини қирқиш, уларнинг иддаоларига раддия бериш, кучли ва асосли далиллар билан ҳақиқий ислом ақидасини ҳимоя қилиш, калом илми, мантиқ ва мунозара қоидаларига риоя қилган ҳолда хасмлар (даъвогарлар) жаҳолатига илму маърифат билан жавоб қайтариб, мусулмонлар учун ақидага доир муҳим қўлланмалар тайёрлаб беришни ният қилган. Шайх ўз илмий изланишларида ақлий далиллар билан нақлий далилларни уйғунлаштириб, сўнг хулоса чиқарган (ақлий далил деганда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар кўзда тутилади). Ақл имкониятининг ҳам чегараси борлигини эътиборга олиб, шайх ҳазратлари инсон ақли жуда кўп ҳақиқатларни идрок этишга қодир эмаслигини уқтирган. Мотуридий фиқҳ ва калом масалаларига қизиқиб, ҳанафий мазҳаби олимларидан дарс олиш давомида кўплаб машҳур фақиҳлар ва муҳаддислар билан мулоқотда бўлганлар. Мотуридий Абу Бакр Аҳмад Жузжоний, Абу Наср Аҳмад Иёзий, Имом Аъзам мазҳабидаги буюк олим Наср ибн Яҳё Балхий, Муҳаммад ибн Фазл каби уламолардан илм олганлар ва қуйидаги асарларни ёзиб қолдирганлар: “Китоб ат-Тавҳид” “Китоб ал-Мақомат”, “Каъбий залолатларининг бошланишини рад қилишга бағишланган китоб”, “Муътазила ғавғолари ва ундан қўрқмаслик ҳақидаги китоб баёни”, “Қуръон таъвили китоби”, “Шариат асослари”, “Китоб ал-жадал”, “Диалектика ҳақида китоб”. Булардан ташқари Мотуридийнинг ислом ҳуқуқшунослигига оид “Усул китоби” асарлари ҳам мавжуд.

Мотуридий яшаган давр Сомонийлар ҳукмронлик қилган даврга тўғри келиб Ислом оламида эътиқод масалаларида бир-бирига қарама-қарши бўлган хилма–хил ғоялар кенг тарқалган эди. Қадарийлар, шиалар, жаҳмийлар, муътазилийлар, рофизийлар каби ўнлаб оқимлар ўртасидаги тортишувлар баъзан қонли можаролар билан якунланар эди. Ана шундай мураккаб даврда Самарқандда Имом Мотуридий ва у каби улуғ уламолар чиқиб, ўзларининг илму-маърифатлари, чуқур ва теран тафаккурлари билан жаҳолатни енгишга ҳаракат қилдилар. Шу тариқа, соф Исломий ақидани сақлаб қолиш учун ўзларининг бор салоҳиятлари ва куч қувватларини аямадилар. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, улар Қуръони карим ва Суннат таълимотлари асосида ҳамда Муҳаммад (с.а.в) саҳобалари услубида ақийда масалаларини ёрита бошладилар. Улар фиқҳий мазҳабда аҳли сунна вал жамоа сифатида ислом олами тан олган ҳанафийлар, шофеъийлар, моликийлар ва ҳанбалийлар, эътиқодий мазҳабда эса мотуридия ва ашъария калом мактабларига асос солдилар. Хусусан, мусулмонларни тарқоқликка олиб келувчи ақидавий оқимларга қарши шу муқаддас курашда Абу Мансур Мотуридий биринчилар сафида бўлдилар.

Буюк имомнинг “Таъвилот аҳли сунна” ёки бошқа бир номи “Таъвилот ал-Қуръон” деб номланган асарларида сунний ақидага (таъвилда) зид бўлган оқимларга раддия билдиришда имом Абу Ҳанифанинг қарашларига суянган холда иш кўрадилар.

Мотуридий таълимот муътазилийлар каби фақат ақлга суяниш эмас, балки нақлдан ҳам қўшиб фойдаланишни зарур деб билади. Ақида борасида қўшган яна бир ҳиссаси шуки, ўша даврларда жуда кўплаб фирқалар эътиқод борасида ўз фикрлари билан мусулмон аҳлини турли йўлларга бошлаган. Мотуридий бу ҳолга чек қўядилар ва бу ўлкада ягона ақида тизимини (яъни ҳанафий мазҳаб асосида) ўрнатадилар. У киши барча ақидалар орасидаги баҳсли мавзуларни ҳар бир фирқага далиллар асосида исботлаб берадилар. Натижада турли хилдаги майда оқимлар кўпайишининг олди олинади. Имом Мотуридий ўз таълимоти ва илмий асарлари билан Мовароуннаҳр илоҳиёт мактаби ривожига катта ҳисса қўшдилар. Шунингдек, ҳанафия таълимотининг Ўрта Осиё халқлари урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ эканини ўз қарашлари орқали кўрсатиб бердилар.

 

 

Жиззах шаҳрида Хавастлик

жоме масжид бош имом хатиби

Ахмедов Нарзуллоҳ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид