Мусулмон учун энг катта  мусибат

Мусулмон учун энг катта мусибат

imon.uz 2021-12-23 09:26:25 1465

Мусулмон учун энг катта мусибат бу—диний мусибатдир! Инсон танаси ёки мол-дунёсига етган ҳар қандай бало, жароҳат ё талофат қанча катта ва жиддий бўлишидан қатъий назар, кичик бир диний мусибатчалик зарарли бўла олмайди. Диний мусибат деганда куфр ва бидъат тушунилиб уларнинг асл илдизи илмсизлик, жоҳиллик ва ҳавойи нафсга тобеъликдир. Илмга эга бўлиб ундан манфаатланишдан бебаҳра қолганлар, чаласаводлик билан олимликни иддао қилганлар ва ҳавойи нафсига берилган шуҳратпарастлар кўпинча куфр ва бидъатчиликка тушиб қолишади. Ҳақиқатни тўлиқ англамаган ҳолда диндан сўз юритишади. Ноқис ақлларига суяниб китоб, суннат ва мужтаҳидларнинг қавлларидан иборат нақлларга қарши чиқишади. Бўлмағур фатволар беришади. Энг ачинарли жиҳати шуки, улар шу ишларини тўғри ва ҳақ деб тасаввур қилишади. Уларни тўғри йўлга солмоқчи бўлганларнинг ёшларини сағир, илмларини ҳақир санашади. Ундан ҳам ёмони фикрига қўшилмаганларни ҳеч ўйланиб ўтирмасдан “кофир” ё “адашган”га чиқаришади. Масалага илмий ёндашиш ўрнига диний таассубга берилишади. Мухолифларини фисқ-фужур йўли билан ҳақорат қилишади. Ҳа, бу уларнинг мунозара услубларидир!

Мутаассибликларини мутаассиблик эмас балки, “ҳақ устида сабот”, деб ҳаёл қилишади.  Одатда бундай балога гирифтор бўлганларнинг ўзларига хос ақидавий қарашлари бўлиб, бу уларни таниб олишда аломат вазифасини ўтайди. Улар айрим масалаларда уммат ижмоъсига хилоф томонда туришади. Мужтаҳидларнинг қавлини таъвил қилишиб, айланиб ўтиб кетишга уринишади ва ҳамиша ўз фикр-мулоҳазаларини диндан қилиб кўрсатишга тиш-тирноқлари билан тирмашишади. Ҳа, бу уларнинг энг катта белгиларидир! Аллоҳ мана шундай балодан асрасин!

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда халқни ўз бошлиқларига қарши гиж-гижлаётган, меҳроб соҳиби имом-домлаларни ёмонтолиқ қилиш кампаниясида фаоллик қилаётганлар, одамларни бошини айлантириб ихтилоф домига тортаётган фитначилар ана шундай мусибатга дучор бўлган бидъатчилардир. Уларнинг номлари турли бўлсада барининг мақсади битта: мусулмонларни, парчалаш ихтилофга солиш, бирдамлигини барбод қилиш! Уларнинг энг катта белгиси фиқҳий мазҳабларга беписанд бўлишади. Мазҳабда ибодат қилганларни «мазҳабпараст» деб масхаралашади.

Уларга алданиб чалғимаслигимиз, ҳамиша хушёр туришимиз, муғлақ масалалар ечимини улардан эмас, салафи солиҳлар китобларидан қидиришимиз керак. Бугунги бидъатчиларнинг бор куч-ғайрати авомунносни ҳукуматга қарши қўзғашга қаратилди. Имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳ “Ақидатут-таҳовия”да бу ҳақда шундай деган:

و لا نري الخروج علي ائمتنا و ولاة امورنا و إن جاروا، ولا ندعوا على احد منهم، و لا ننزع يدا من طاعتهم، و نري طاعتهم من طاعة الله تعالي فريضة ما لم يأمروا بمعصية، و ندعوا لهم بالصلاح و النجاح و المعافات

«Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз» (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий).


Шароф Рашидов тумани "Тўптолобод"

жоме масжиди имом-хатиби

Пармонов Ҳосилмурод

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид