Ватан-муқаддас макон

Ватан-муқаддас макон

imon.uz 19-02-2020 442

Дарҳақиқат, Ватан-муқаддас макон. Уни ҳимоя қилиш, душмонлардан асраш, равнақи ва фаравонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир иймонли, эътиқодли ва ихлосли фарзанднинг муқаддас бурчидир. Ватанни ҳимоя қилиш борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас. Биринчиси: Аллоҳнинг азобидан қўрқиб йиғлаган кўз. Иккинчиси: Аллоҳ йўлида пайлоқчилик қилиб бедор бўлган кўз”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Демак, Аллоҳни азобидан қўрқиб йиғлаган инсонларни Аллоҳ таоло азобламаганидек, Аллоҳ йўлида ўз ватани ҳимоясида кечаларини бедор ўтказган инсонларни ҳам азобламас экан.

Киндик қони тўкилган Ватанини кўз қорачиғидек асраб авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, иймон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидойи бўлган киши юксак мақомга эга бўлиши билан бирга улкан ажрлар соҳибига ҳам айланади.  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Кимки Аллоҳ йўлида бир кундуз ёки бир кеча чегара пойласа, унга бир ой кундузи (нафл) рўза тутиб, кечаси ибодат қилганлик савоби ёзилади. Кимки сарҳадни қўриқлаб турганда ҳалок бўлса, унга ҳам ҳудди шундай ажру-савоб мукафоти бўлади ва шаҳидлик мақоми берилиб, барча фитналардан омонда бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

Ватан-юрт ривожи, унинг равнақ топиши, гуллаб яшнаши аввало чегараларимиз мустаҳкамлиги, Ватанимиз паспонларининг жонфидолиги, уларнинг юртимиз қайғусида машаққат-риёзатлари орқасидан барпо бўлади. Ватанни севиш, унга фидойи бўлиш учун ўлиш шарт дегани эмас, балки шу йўлда керак бўлса ўлимни бўйнига олиш, миллат ва она тупроқ шаъни учун ҳар қандай хатарга тик боқиш, деганидир.

  Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик, омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмонанд диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан омонда сақласин!

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот 

котиби Усмонали ОРАЛОВ 


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид