ҚАДР КЕЧАСИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗАМИЗ?

ҚАДР КЕЧАСИНИ ҚАНДАЙ ЎТКАЗАМИЗ?

imon.uz 19-05-2020 755

Бисмиллаҳир Роҳмани Роҳийм!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва уларнинг аҳли оилалари, саҳобаи киромларга саловату дуолар бўлсин!

Муборак Рамазон ойида шундай кеча борки, у Қуръони Каримда “Минг ойдан афзал” дея таърифланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг бошқа кунларидан кўра сўнгги ўн кечаю кундузда тоат-ибодатга қаттиқ киришганлар.

Мўминлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечасини Рамазоннинг сўнгги ўн кунлиги ичидаги тоқ сонли кунлардан излаш ҳақида ҳадис ривоят қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Қадр кечасини фазилатига ишонган ҳолда ва савобини фақат Аллоҳдан истаб тоат-ибодат билан ўтказса, олдинги гуноҳлари кечирилади” дея марҳамат қиладилар.

(Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади. Бухорий, Муслим) 

Бу муборак кечани муносиб тарзда, Аллоҳ рози бўладиган солиҳ амаллар билан ўтказиш учун айрим тавсияларимизни сиз билан бўлишишни лозим кўрдик.


1. Аллоҳ учун дунё ишларидан ором оламиз.

Ҳаётда кўп нарсалар учун вақт топамиз, нега энди Аллоҳ ва унинг розилиги учун вақт топмаслигимиз, қувват йиғмаслигимиз керак? Қадр кечасидан бир неча кун олдин ўзингизга дам беринг. Саҳарлик ва ифторликда ҳазми енгил аммо қувватли егуликлардан истеъмол қилинг. Ишхонангиздан бир неча кунга ўз ҳисобингиздан таътил олсангиз ҳам яхши бўлади. Уй-рўзғор ишларидан ҳам бироз дам олинг. Қадр кечаси ибодатларда тетик туриш учун қувват йиғинг.


2. Қадр кечаси махсус дуони ўқишни унутманг.

Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: "Эй Расулуллоҳ, Қадр кечасида қандай дуо қилинади? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар: "Аллоҳим, Сен гуноҳларни кечиргувчисан, гуноҳларни кечиришни севасан! Менинг гуноҳларимни афв этгин!"

(Аҳмад, Ибн Можа ва Термизий ривоят қилган)

Дуонинг ўқилиши: Аллоҳумма иннака афуввун каримун туҳиббул афва фаъфу аннии.


3. Қуръон ўқинг 

Оятларнинг маъноларига диққат қилиб Қуръон ўқинг. Агар бугунгача Қуръон ўқишни ўрганишга ҳаракат қилган бўлсангиз, Қадр кечаси амалиёт учун қулай пайт. Оятлар мазмун-моҳиятини ўрганиб, ҳаётингизга тадбиқ қилишни ният қилинг.


4. Гуноҳлардан буткул тийилинг!

Астойдил тавба қилинг. Шунчаки, тилда эмас, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, гуноҳлардан тийилишни ният қилинг. Ёд олганингиз қисқа суралар билан эмас, узун суралар билан файзли-хушуъли намоз ўқишга ҳаракат қилинг. 


5. Истакларингиз учун дуо қилинг.

Аллоҳ таолодан нималарни исташингизни аниқлаб олинг. Дунё ва охиратингиз учун нимаики истасангиз, катта-кичик демай, истакларингизни жамланг. Роббимиз бандаларининг дуо билан Ундан ҳар неки эҳтиёжи бўлса сўрашини севади. Ниятларингиз рўёбини истаб Аллоҳга дуолар қилинг. 


6. Ўзингизни тафтиш қилинг.

Сиздан сиз ҳақингизда сўралиши керак бўлган ҳеч ким сўрай олмаган саволларни ўзигиздан сўранг. Қаердан келиб, қаерга кетаётганингизни тафтиш қилинг. Бу тафтиш шу кунгача қилган яхшиликларингиз учун ўзингиздан мамнунлик ва ёмонликларингиз учун пушаймонлик ҳис эттирсин. 


7. Узун ва ихлосли дуолар қилинг.

Қадр кечасининг энг афзал онларидан бири туннинг охирги қисмидир. Саҳарликдан бир-бир ярим соат олдин чиройли таҳорат олинг ва ҳалол бўлган ҳар истагингизни Аллоҳ таолодан сўраб дуолар қилинг. Ихлос ва самимият билан суннатдаги дуолар ва ўз истакларингизни истаганингизча сўранг. 


8. Оилангиз билан ифторлик қилинг

Қадр кечасида имкон қадар аҳли оилангиз билан, ўз хонадонингизда ифторлик қилганингиз маъқул. 


9. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларидан ибратли ҳикоя ўқинг.

Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларига оид қиссалардан бирини ўқинг, ул Зотга  бўлган муҳаббатингизни орттиринг. 


10. Келаси Рамазонгача қиладиган ишларингизни ният қилинг

Қолаверса, ҳозирги карантин қоидалари давом этиб турган вақтда бир жойга жамоат бўлиб йиғилиш ўз жонини таҳликага қўйишдир. Шунинг учун ҳар биримиз уйимизда қолиб, оила даврасида ибодат қилайлик ва Қадр кечасини имкон қадар файзли ўтказайлик.
 
Аллоҳ таоло бу кечадаги дуо ва ибодатларимизнинг баракотидан тез кунларда юртимизни ҳар хил касалликлардан халос қилиб, турли бало-офатлардан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақласин! Юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффалиги доимий бўлсин! Омин!  



Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид