ҚИРОАТ ОДОБИ ҲАҚИДА

ҚИРОАТ ОДОБИ ҲАҚИДА

imon.uz 2022-10-21 01:36:50 312

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Охири замонда ёшлари кичик, ақллари паст қавм келади. Улар Қуръонни қироат қиладилар. Аммо кекирдакларидан ўтмайди. Улар одамларнинг энг яхши гапларини айтадилар. Улар диндан ўқ овдан чиққанидек чиқадилар. Уларнинг иймонлари бўғизларидан нарига ўтмайди. Бас, уларни қаерда кўрсангиз, қатл қилинг. Албатта, уларни қатл қилганларга қиёмат куни ажр бордир», деганларини эшитдим». Иккисини тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги ҳадиси шарифдаги маъно бошқа иборалар ва баъзи изофалар ила таъкидланмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг халифалик даврларида манашу тоифа чиқди. Уларга аввал ҳам айтиб ўтилганидек,хавориж номи берилди. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу аввал уларга хатоларини англатиб кўзларини очишга кўп уриндилар. Аммо бўлмади. Улар ҳазрати Али розияллоҳу анҳуни ҳам бошқаларни ҳам кофир деб фатво чиқардилар ва уруш бошладилар. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ҳам уларга қарши қаттиқ жанглар қилдилар.

Шу билан бирга Али розияллоҳу анҳу улар ҳақида инсоф билан ҳақиқатни айтдилар. Одамлар у кишидан:

«Улар кофирларми?» деб сўрадилар.

«Улар куфрдан қочдилар», дедилар.

«Улар мунофиқларми?» деб сўрадилар.

«Мунофиқлар Аллоҳни жуда оз зикр қиладилар. Анавулар бўлса Аллоҳни эртаю кеч зикр қиладилар», дедилар.

«Улар ким?» деб сўрадилар.

«Улар фитнага учраб кўзлари кўр, қулоқлари кар бўлган қавм», дедилар.

Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

Демак, Қуръони Каримни ўқиганидан ғурурга кетмай, риёкорлик қилмай, қайтага аввалгидан ҳам синиқ бўлиб эътиқодни мустаҳкам қилишга ҳаракат қилмоқ лозим экан.


Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши бир қироат қилиб соиллик қилиб ўтирган одамнинг олдидан ўтиб қолиб истиржоъ айтди. Сўнгра: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ким Қуръон ўқиса у билан Аллоҳдан сўрасин. Келажакда бир қавмлар келурки Қуръон қироат қилиб одамлардан сўрарлар, деганларини эшитганман», деди». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу йўлда юриб кетаётиб бир кишининг Қуръони Каримни қироат қилиб соиллик қилиб ўтирганини кўриб қолиб истиржоъ айтдилар. Яъни, иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун, дедилар. Одатда истиржоъни мусибатга учраганда айтилади. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу Қуръони Каримни қирота қили тиланчилик қилишни мусибат ҳисоблаб истиржоъ айтган эдилар. Чунки, Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳу бу ишнинг мусибат эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан эштиган эдилар.

Шунинг учун бу ҳақиқатни одалмарга айтиб бердилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ким Қуръон ўқиса у билан Аллоҳдан сўрасин. Келажакда бир қавмлар келурки, Қуръон қироат қилиб одамлардан сўрарлар, деганларини эшитганман», дедилар.

Бас, шундоқ экан Қуръони Карим қироати ила тиланчилик қилишга, молу дунё илинжидабўлишга қарш икурашимиз лозим.


Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар.

«Мен ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.

Охири бориб у зот: «Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни хатм қилиш учун оз муддат қанча бўлиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туришни тавсия қилдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бу муддатдан озда ҳам хатм қилиш имконлари борлиги айтиб муддатни бир ойдан оз қилишни сўрадилар. Бу ҳол қайта-қайта такрорланиб,

«Охири бориб у зот:

«Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар».

Шундан оддий мўмин-мусулмон киши Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.

Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар яхши бўлади.

Чунки, номига хатм қиламан дем шошилиб ҳарфларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай?» дедим.

«Уни бир ойда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни йигирма кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни ўн беш кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни ўн кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

«Уни беш кунда хатм қил», дедилар.

«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.

У зот менга рухсат бермадилар».


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса яхши англамапти», дедилар». Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Қуръони Каримни хатм қилиш мудатларининг энг ози етти. Беш ёки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади.

Қуръони Каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам уч кундан озга рухсат йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар.

Уламоларимиз Қуръони Карим қироати одоби ҳақидаги барча далилларни ва мулоҳазаларни ўрганиб чиққанларидан кейин хулоса қилиб бу одобларни қуйидагича тартибга соладилар:


1- Қуръони Каримни қироат қилувчи таҳоратли бўлиши лозим.

2- Қуръони Каримни қироат қилувчи одобли бўлиши керак.

3- Қуръони Каримни қироат қилувчи чўкка тушиб тавозуъ билан ўтириши керак.

4- Қуръони Каримни қироат қилувчи чордана қуриб, ёндошлаб ёки мутакаббир сифатда ўтирмаслиги керак.

5- Қуръони Каримни қироат қилувчи учун энг афзал ҳолат тик турган ҳолида намозда ва масжидда ўқимоқликдир.

6- Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзининг муҳим ишларини ташламаслиги керак. Ишдан бўшаганда қироат қилади.

7- Қуръони Каримни қироат қилувчи учун қироат кўпайиб баданига зарар етказадиган бўлмаслиги керак.

8- Қуръони Каримни қироат қилувчи ўта шошилиб тартил ва тажвидни бузмаслиги керак.

9- Қуръони Каримни қироат қилувчи оддий шаҳс бўлса ҳар куни бир порадан ўқиб бир ойда бир марта хатм қилиб туриши керак.

10- Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни кўп қилмоқчи бўлса уч кунда бир марта хатм қилиши керак.

11- Қуръони Каримни қироат қилувчи хатм қилганидан кейин Аллоҳ таолога дуо қилиши марғубдир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу, Қуръони Каримни хатм қилган киши учун мустажоб дуо бордир, деганлар. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қачон хатм қилсалар аҳли аёлларини жамлаб дуо қилар эдилар.

12- Қуръони Каримни қироат қилувчи имкони борича тиоватни чиройли қилишга ҳаракат қилмоғи мустаҳабдир.

13- Қуръони Каримни қироат қилувчи қироатни ичида қилмоғи мустаҳабдир. Бу ўзига эшитиладиган қироатдир.

14- Қуръони Каримни қироат қилувчи баъзи мақсадлар учун овозини баланд қилиб қироат қилса ҳам жоиз.

15- Қуръони Каримни қироат қилувчининг мусҳафи бўлса ўша мусҳаб қаровсиз қолмаслиги учун ҳар куни маълум оятларни бўлса ҳам унга қараб ўқиб турмоғи лозим.

16- Қуръони Каримни қироат қилувчи доимо ўзи ўқиётган қалом башарнинг эмас Аллоҳ таолонинг каломи эканини ва У зотнинг улуғлигини ҳис қилиб турмоғи лозим.

17- Қуръони Каримни қироат қилувчи ўзи ўқиган ҳар бир оятни тадаббур қилмоғи жуда ҳам яхши ишдир.

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид