ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

ҚЎШНИЧИЛИК ҲАҚЛАРИ

imon.uz 2021-01-23 12:23:17 538

Ислом динида инсонлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва эътибор жуда улуғ савобли амал ҳисобланади. Айниқса қўни – қўшнилар ўртасида оқибат бўлишлиги қатъий буюрилган. Қиёмат кунида қўшни ҳақида сўралади. Агар сен ҳақингда қўшнилар яхши одам десалар, уларнинг гувоҳлиги эътиборга олинади.

Аллоҳ таоло: “Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота – оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)га ва қўл остингиздаги (қарам)ларга ҳам (яхшилик қилинг!) Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди”. (Нисо сураси 36 - оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳнинг ҳузурида дўстларнинг яхшиси ўз дўстига яхшилик қилганидир. Аллоҳнинг ҳузурида қўшниларнинг яхшиси ўз қўшнисига яхшилик қилганидир”, - деганлар.

 “Яқин қўшни” қариндош қўшни, яъни яқинлиги бор қўшни. “Ён қўшни” оддий, яқинлиги йўқ қўшни. Қўшнига яхшилик қилиш ҳақидаги исломий таълимот дунёда мисли йўқ таълимотдир.

Абу Бакр ал - Баззор Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнилар уч хил бўладилар. Битта ҳаққи бор қўшни. У ҳаққи энг оз қўшнидир. Икки ҳаққи бор қўшни. Учта ҳаққи бор қўшни. Буниси энг ҳаққи бор қўшнидир. Энди, битта ҳаққи бор қўшнига келсак, у мушрик қўшнидир. Унинг қўшничилик ҳаққи бор, холос. Иккита ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон қўшнидир. Унинг ҳам мусулмонлик ҳаққи, ҳам қўшнилик ҳаққи бор. Учта ҳаққи бор қўшни эса, мусулмон, қариндош қўшнидир. Унинг мусулмонлик, қариндошлик ва қўшнилик ҳақлари бордир”, - дедилар”.

Қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли қилишга хизмат қилади.

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар:  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаброил қўшни ҳаққига риоя қилиш тўғрисида менга шу қадар кўп васият (топшириқ) қилдиларки, мен уни хатто молимга ҳам меросхўр қилиб қўйсалар керак, деб ўйладим”, - дедилар”.

Қўшни ҳаққи – қўлдан келганча унга яхшилик қилиш, масалан, ҳадялар бериш, кўрганда очиқ юзлилик билан муомала қилиш, аҳволидан хабар олиб туриш, иложи борича моддий ёрдам беришдан, агар моддий ёрдам қўлидан келмаганда, унга озор берадиган ишларни қилмасликдан иборат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  берган таълимотга кўра, қўшничиликда дин ва миллат танланмайди, барча тенгдир.

Жамоат ҳузурида ўз яхшиликларини қила олишни хоҳлаган инсон аввало, қўшнисидан бошласин. Зеро, қўшни сиз учун қиёматда ҳам гувоҳ ўтадиган инсон. Қозонингиздан чиққан овқат ҳиди қўни - қўшнингизга етишидан олдин бир коса қўшни ҳаққини одоб ва назокат билан узатиш лозимдир. Улар яхшилигингиз учун гувоҳ берсалар гувоҳлиги ўтади. Маҳаллани ўзаро қўни  – қўшнилар ташкил этади. Сиз ён қўшниларингиз орқали энг чекка қўшнингиз билан яхши мулоқат қила оласиз. Сизнинг яхши муомалангиз, бир коса овқатингиз барокати  албатта чеккадаги қўшнингизга ҳам етиб боради. Дўстлик ишончдан, меҳр – муҳаббатдан бошланади. Қалбида меҳрни қўшнига узатиб, барча маҳалла аҳолиси ўзаро меҳр – оқибатли бўлишига ҳисса қўшган одам қандай ҳам яхши одам! Унинг ҳаёти яхши ўтади ва жаннатдан унга жой ҳозирланади.

 

Шароф Рашидов тумани

 “Имом Аъзам” жоме

масжиди имом-хатиби

 Иззатуллоҳ ОТАБОЕВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид