Рамазон ойидаги хатоларимиз

Рамазон ойидаги хатоларимиз

imon.uz 24-03-2023 235

Баъзи кишиларимизда «Рўзадор кишини тўйдирган одам рўза тутганнинг савобини олади» деган гапни нотўғри талқин этиб, ифторлик маросимига ўнлаб, юзлаб одамларни чақирса-да, кейин ўзи рўза тутмай юравериши одати ҳам йўқ эмас. Бу одат мутлақо нотўғри тушунча оқибатидир. Аввало рўза тутганларга таом берган киши рўза тутганнинг савобини олади, дегани «ўзи рўза тутмаса бўлаверади» дегани эмас. Қолаверса, ҳеч бир савоб иш шариатда фарз қилинган ибодатни адо қилмай қўйишга сабаб бўла олмайди.

Мискин кишига таом беришнинг рўза тутганликнинг ўрнига ўтиши эса, «фидя бериш» дейилади. Бу ишни қилишга Қуръони Каримда рухсат берилган. Фақат бунга жуда қарилиги сабабли рўза тута олмай қолган отахон ва онахонлар ҳақлилар, холос. Уламоларимиз бу тоифага тузалишидан умид бўлмаган сурункали касалга чалинган кишиларни ҳам қўшишган. Фақат ана шу тоифаларгагина тута олмаган ҳар бир кунлик рўзалари ўрнига бир мискинни тўйдиришади. Қолганларга бу рухсатнинг дахли йўқ. Бошқа кишилар дунёдаги барча мискинларни тўйдиришса-да, фарз рўзанинг бир соати ҳам улардан соқит бўлмайди.

Авваллари кенг тарқалган нотўғри тушунчаларнинг яна бири «Қариганда, нафақага чиққанда ибодат қилармиз», деб барча гуноҳларни қилиб юравериш, жумладан, Рамазон рўзасига ҳам худди шундай муносабатда бўлишдир. Шуни яхши тушуниш лозимки, Ислом дини қариб, нафақага чиқиб, бирор ишга, гуноҳ қилишга ярамай қолганларнинг дини эмас. Мўмин-мусулмонман деган одам балоғатга етганидан бошлаб Аллоҳ таолонинг амрларини бажаришга мукаллафдир. Балоғат ёши эса қиз болаларга ҳайз кўришдан, ўғил болаларда эҳтилом бўлиш – уйқуда булғанишдан бошланади. Шу ёшдан бошлаб ҳар бир қилинган иш номаи аъмолига ёзилиб боради ва қиёмат куни ана шу билан ҳисоб-китоб қилинади.

Ёшликда қилинган ибодат эса ўзгача фазлга эга. Балоғат ёшига етганларни шариат ҳукмларига амал қилдириш, жумладан, рўза тутдириш ота-онанинг, валиюл амрларнинг бурчидир. Қариганда қилинган ибодат ўша вақтгагина оид бўлади. У вақтдаги ибодатни ёшлик пайтига кўчириб бўлмайди. Барча ибодатлар каби рўза ҳам ҳар бир киши бошига фарз. Ҳар ким ўз вақтида, шахсан адо этмоғи лозим. Рўза қарилар тутгани билан ёшлардан, ота тутгани билан боладан, она тутгани билан қиздан соқит бўлиб қолмайди.

Рўза тутишда ўта узрли бўлган ҳаддан ташқари кекса ва сурункали оғир касали борлар фидя беришади. Шунингдек, рўза тутишда қийналадиган баъзи узрли кишиларга рўзани қазо қилишга, яъни Рамазон ойида узри сабабли тута олмаган ҳар бир куни учун кейинчалик бир кундан рўза тутиб беришга рухсат этилган. Бу тоифага сафардаги кишилар, оғир касаллар, ҳайз ва нифосли аёллар киради.

Рамазон ойида сафарга чиққан одамга сафар қийинчиликлари эътиборидан кейин қазо рўза тутиб беришга рухсат берилган. Қийналмаса, рўзани сафарда тутса ҳам бўлаверади.

Рамазон ойида касал бўлиб қолиб, рўза тутса, касали зиёда бўлиши ёки тузалиши орқага сурилиши хавфи бўлган киши ҳам мўмин-мусулмон, ишончли табиблар томонидан тасдиқлангандан кейин қазо қилиб тутиб бериши мумкин. Уламоларимиз худди шу тоифага ҳомиладор ва эмизикли аёлларни ҳам қўшишган. Рамазон пайтида рўза тутиб ўзлари ёки болаларига зарар етишидан қўрқишса, кейин қазосини тутиб беришади.

Ҳайзли ва нифосли аёллар эса ўзларидаги мавжуд ҳолат туфайли покланиш учун имконлари бўлмаганидан намоз ўқиш ёки рўза тутишлари мумкин эмас. Ҳайз ва нифосдан покланишганидан кейин рўзанинг қазосини тутиб беришади. Ушбу зикр этилган тоифалардан бошқа барча кишилар албатта рўзани ўз вақтида тутиш билан бирга қолган ибодатларни ҳам адо этишлари шарт.

Киши ейиш-ичиш ва шаҳвоний ишлардан тийилиши билан рўза ҳосил бўлади. Аммо рўза мукаммал бўлиши учун инсон турли бўлмағур гап-сўз, уруш-жанжал ва беодобликлардан ҳам тийилиши лозим. Ана шундагина рўзаси баркамол бўлиб, тутилган рўзадан кўзланган мақсадга эришилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ёлғон гапиришни ва унга амал қилишни тарк қилмаса, унинг таомини ва шаробини тарк қилишига Аллоҳнинг ҳеч ҳожати йўқ» деган ҳадисларини ана шу маънода тушунамиз.

Рамазони шарифнинг шарофати билан солиҳ амалларнинг савоби кўпайишини ҳамма яхши билади. Шу билан бир қаторда Рамазони шарифда қилинган гуноҳларнинг иқоби ҳам кучайишини барча билиши керак. Рўзадор киши бефойда, ёлғон, туҳмат, бўҳтон гап-сўзларга мутлақо яқин йўламаслиги, кимдир уруш-жанжал бошласа, «Мен рўзадорман» деб четланиши зарур. Рўза тутган киши имкон қадар Аллоҳнинг зикри ва Қуръон тиловати билан шуғулланса жуда яхши бўлади.

Ифторлик қилиб бериш билан рўза соқит бўлмаслигини юқорида айтиб ўтдик. Рамазон ойидаги ифторлик маросимида ўнлаб рўзадорни тўйдириш яхши иш. Аммо бошқа хайру эҳсонлар каби бу маросим ҳам шариатда аслида бева-бечора, мискин-фақирларни кўзлаб жорий қилинганини унутмаслик керак. Ифторлик маросими қилиш ҳеч кимга фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Бизда, айниқса, яқин қариндошлари оламдан ўтган кишилар нима қилиб бўлса ҳам каттароқ ифторлик дастурхони ёзишга, кўпроқ одам чақиришга уринишади. Ўзига тўқ ва пулдор кимсалар бундан эҳтимол иқтисодий жиҳатдан қийналмас, аммо камбағал кишининг ўзи, бола-чақасини мушкул аҳволда қолдириш эвазига ифторлик қилиши шариатга асло тўғри келмайди. Ифторлик қилиб бой-бадавлат, казо-казоларни иложи борича кўпроқ айтиб фахрланиш, бева-бечора, мискин-фақирларни айтмаслик эса мутлақо Ислом руҳига тўғри келмайдиган ишдир.

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, ифторлик қилиш деганда фақат уйига қозон осиб, дастурхон ёзиб, тўп-тўп одам айтишни тушунмаслик керак. Камбағал, муҳтож кишиларга ифторлик таомини олиб бериш ёки бунга керакли маблағни бериш энг яхши ифторлик ҳисобланади. Чунки бунда рўзадор ҳақдор одамни риёкорликсиз ифтор қилдирилган бўлади.

Баъзи ифторликларда хўжакўрсинга, дабдабага берилиб кетиб, ношаръий ишлар аралаштириб юбориш ҳоллари ҳам учраб туради. Бунга ўхшаш нотўғри тасаввур ва ишларга барҳам беришимиз керак.

Рамазони шарифдаги «садақаи фитр» ҳам тутилмаган рўзага бериладиган солиқ эмас. Балки инсон ўзини поклаш учун, рўза тутиш давомида содир бўлган баъзи камчиликлар ўрнини тўлдириш учун, камбағал ва муҳтожларга ёрдам бўлиши учун жорий қилинган молиявий ибодатдир. Бу молиявий ибодатни ҳамма мусулмон киши бошига адо этади, камбағал мусулмонлар эса ундан фойдаланишади.

Рамазонда меъёрида еб-ичиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш лозим. Уламоларимиз, хусусан ҳужжатул ислом имом Абу Ҳомид Ғаззолий раҳматуллоҳу алайҳи рўзадор одам оддий вақтлардаги нонуштасини саҳарлик, кечки овқатини ифторлик қилгани маъқул, дейишган. Зотан, рўзанинг ҳикмати ҳам шунда, яъни одатдагидан кўра оз таом истеъмол қилишдадир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифларида саҳарликни охирги вақтгача чўзиб боришни, ифторликни аввалги вақтда қилишни қайта-қайта таъкидлаганлар. Шунингдек, у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзани улаб тутмасликни, яъни қасддан саҳарлик қилмай, уни ўтказиб юбормасликни ҳам тайинлаганлар.

Ифтор вақтида астойдил дуо қилиш ҳамда ҳўл ва ширин нарсалар билан оғизни очиш ҳақида ҳам кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Рамазон кундузини рўза тутиш билан ўтказган одам унинг кечасини иложи борича ибодат билан ўтказишга интилиши лозим.

Интернет тармоқларидан

Меҳмонхон домла Жабборов

тайёрлади


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид