РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЖУМАСИДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ

РАМАЗОННИНГ ОХИРГИ ЖУМАСИДА ЎҚИЛАДИГАН НАМОЗ

imon.uz 2021-04-28 06:26:42 100

Муҳтарам азизлар! Ижтимоий тармоқларда "Рамазоннинг охирги жумасида ўқиладиган махсус намоз" ҳақида турли миш-мишлар тарқалмоқда. Аслида, бу борада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилиб келтирилган ривоят тўқима бўлиб, уни тарқатиш, ривоят қилиш ёки унга амал қилиш мутлақо жоиз эмас. Фақатгина уни тўқима эканидан огоҳлантириш мақсадида нақл қилиш мумкин.

Аллома Шавконий, Абдулҳай Лакнавий каби уламолар бир неча ракатли махсус намозни адо этиш билан кўп йиллик қазо намозларни зиммадан соқит бўлиши ҳақидаги ривоятлар шубҳасиз тўқима ҳадислар эканини таъкидлаб ўтишган (манбалар: “Ал-Фавоидул мажмуа”, “Ал-Осорул марфуа”). 

Маҳаққиқ олимлардан Мулла Али Қори “Бу каби ривоятлар, ибодатлардан бирортаси йиллар (давомида) қолдирилган қазо намозларининг ўрнига ўтмаслиги борасидаги уламолар ижмоси (якдил фатвоси)га зиддир”, деган (манба: “Ал-Маснуъ фи маърифати ал-ҳадисил мавзуъ”). 


Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш улкан гуноҳ. Бу борада У зот шундай деганлар:


عَنْ سَعِيدِ بْنِ زَيْدٍ رَضِيَ اللَّه عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: "إِنَّ كَذِبًا عَلَيَّ لَيْسَ كَكَذِبٍ عَلَى أَحَدٍ ، مَنْ كَذَبَ عَلَيَّ مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ" (رَوَاهُ الإِمَامُ البُخَارِيُّ)


яъни: “Менинг номимдан (айтилган) уйдирилган ёлғон сўз бошқа бир киши номидан уйдирилган ёлғон каби эмасдир. Кимки менинг номимдан қасддан ёлғон сўз тўқиса, жаҳаннамдаги жойига тайёргарлик кўрсин!” (Имом Бухорий ривояти). 


Бошқа бир ривоятда эса: 


عَنْ سَمُرَةَ بْنِ جُنْدَبٍ رَضِيَ الله عَنْهُ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: " مَنْ حَدَّثَ عَنِّي حَدِيثًا وَهُوَ يَرَى أَنَّهُ كَذِبٌ فَهُوَ أَحَدُ الْكَاذِبِينَ " (رَوَاهُ الإِمَامُ ابْنُ مَاجَه)


«Кимки бир сўз ёлғон эканини билатуриб менинг ҳадисим сифатида ривоят қилса, унинг ўзи ёлғончилардан биридир» (Имом Ибн Можжа ривояти). 


Шундай экан, билмаганлар билиб олсин, билганлар бошқаларга ҳам етказиб, огоҳлантириб қўйсин. Бу ишни қилиб, тўқима ривоятларни тарқатиб юрганлар тавба қилишсин, оддий ва асоссиз гапларни ҳадис, деб тарқатишни тўхтатишсин. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво ҳайъати














Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид