Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир

Расулуллоҳда гўзал ўрнак бордир

imon.uz 15-10-2020 525

Ҳар бир инсон ҳаёти мобайнида ўзи ёқтирган соҳа эгаларига эргашади ва улар каби ютуқлар, олий чўққиларни забт этиш мақсадида уларни ўзи учун намуна қилиб олади. Масалан, мол - дунёси кўп бўлишини орзу қилганлар бойларни, буқувват, кучли бўлишни умид қилганлар кучлиларни, ўқитувчи бўлишни хоҳлаганлар таълим соҳасидаги етук муъаллимларни ўзларига ўрнак қилиб олишади ва уларга ҳавас билан қараб, ҳурмат, иззат қилиб, ҳаётларини ўрганишга ҳаракат қиладилар.

Аслида, биз кимни намуна қилиб олишимиз мақсадга мувофиқроқ? Бу саволга аввало Қуръони каримдан жавоб изласак, энг тўғри ва ҳақ жавобни топган бўламиз. Аллоҳ таоло “Аҳзоб” сурасининг 21 – оятида:

“Батаҳқиқ сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”, деб марҳамат қилган.

Демак, бизларга ҳақиқий намуна, ўрнак бўладиган, изидан эргашишимиз, ҳаётлари, хулқ-атворлари, сийратларини ўрганишимиз лозим бўлган инсон Аллоҳнинг Расули, сарвари коинот, саййидул мавжудот бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам эканлар.

Гоҳида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари, ҳаётлари, бажарган амаллари  ҳақида эшитиб ёки ўқиб қоламиз, лекин афсуски бу эшитганларимизнинг заррачасини ҳам ўзимизда топа олмаймиз. Ваҳоланки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам минглаб китоблардан афзал, тирик Қуръон эдилар. Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари ҳақида Оиша розияллоҳу анҳодан сўраганларида: Оиша розияллоҳу анҳо:“Хулқлари Қуръон эди”, деб жавоб берганликлари ҳам бу гапимизни тасдиқидир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сиздан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча, мўмин бўла олмайди», дедилар».

Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг муҳим вазифаларидан бири Аллоҳнинг динини етказиш бўлса, иккинчиси намуна, ўрнак бўлишдир. Етказишнинг ўзи билан иш битмайди, етказганимизга бошқалар эргашиши учун аввало ўзимиз намуна бўла олишимиз керак. Пайғамбаримиз қисқа муддатда оламни ўзгартира олганлар. Чунки инсонларга сўзлари ва амаллари билан етказганлар. Шунинг учун у зотнинг суннатлари қавлий ва амалийга бўлинади. Амалий суннатларни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилишимиз керак. Даъват қилгувчи айтаётган гапларига ўзи амал қилсагина бошқалар унга эргашади. Ота Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан узоқ бўлса, оиласида интизом барқарор топади. Отанинг ўзи чекадиган, ичадиган бўлса, агарчи ҳақиқатни сўзласада, болалари унга итоат этмайди, оиласида тартиб-интизомни ўрната олмайди. Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 31-оятида:

“Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”, деб биз мўмин-мусулмонларга Аллоҳни севишимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишимизга буюрган.

  Шундай экан, Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у зотни чин дилдан севиш, таълимотларига амал қилиб, дунё ва охират саодатини топиш йўлида ҳаракат қилишимиз, қиёмат кунида шафоатларидан умидвор бўлишимиз лозим.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Жиззах вилоят вакиллиги матбуот

котиби Усмонали ОРАЛОВ

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид