Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш

Шаввол ойида 6 кун рўза тутиш

imon.uz 23-05-2020 453

Динимиз фарз ибодатларни адо қилишга буюриш билан бирга нафл амалларни бажаришга тарғиб қилади.

Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Рамазон рўзасини тутиб, кетидан Шавволдан олти кун рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», дедилар.

Муслим ривоят қилган

Бу ҳадисда Рамазон ойидан кейин келадиган Шаввол ойида олти кун нафл рўза тутишга тарғиб қилинмоқда.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда эса: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Рамозон рўзаси ўн ой рўзага тўғри келса, Шавволнинг олти куни икки ойга тўғри келади, натижада бу бир йил рўза бўлади”, дедилар.

Бошқа ривоятда: “Ким фитр(рамазон ҳайити)дан кейин олти кун рўза тутса, бир йил тўла рўза бўлади” деганлар. Зеро, Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 160-оятида: “Ким бир яхшиликни амалга оширса, унга ўша яхшиликнинг ўн баробари бўлур” деб марҳамат қилган.

Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Динимизда яхши амалларга мусобақалашишга амр қилингани боис Шаввол ойидаги олти кун рўзани ҳам тезлатиб тутиш мустаҳабдир. Ўшанда, рўза қолиб кетмайди ва кишини бошқа иш машғул қилиб қўймайди. Лекин Шаввол ойининг аввали, ўртаси ёки охирида узлуксиз  ёки кун оралатиб тутса ҳам дуруст бўлаверади. Бу олти кунлик рўзани Шаввол ойида хоҳлаган ҳолатда тутилса ҳам Аллоҳ таоло қабул қилса, рўза тутгувчи ваъда қилинган ажрга ҳақли бўлади, иншааллоҳ.

Аммо Рамазон рўзасидан қазоси бўлган киши биринчи қазосини кейин Шавволдан олти кун рўза тутиши лозим. Чунки инсон аввало ўз зиммасидаги қазосини адо қилиб, сўнгра мустаҳаб амални бажариши мақсадга мувофиқдир.

Нафл ибодатлар фарзларда йўл қўйилган камчиликларни тўлдиради ва зийнатлаб мукаммал бўлишига сабаб бўлади. Бундан ташқари, Рамазон бўйи рўза тутиб юриб, Шавволда бирдан ўзини овқатга уриш ҳам яхши эмас. Табиблар ҳам очликдан чиққандан кейин овқат истеъмолини аста-секин кўпайтиришни тавсия қиладилар.

Аллоҳ таоло барчамизни Рамазон ойидаги тутган рўзаларимиз, ибодатларимиз, дуоларимизни қабул қилсин. Бу шаввол ойи рўзасидаги ваъда қилинган ажрлардан барчамизни баҳраманд айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот котиби

Усмонали ОРАЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид