Синов эмас, ундан ўтолмаслик ёмондир

Синов эмас, ундан ўтолмаслик ёмондир

imon.uz 30-03-2020 882

Аллоҳ таоло Каломи шарифида инсонларни нималар билан синаши ва уларни қандай қабул қилиш кераклигини баён этади: Албатта, биз сизларни хавфу хатар, очлик, молу жон ва мева-чеваларни камайтириш каби нарсалар билан имтиҳон қиламиз. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом) бирон мусибат келганида: Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиздейдиган сабрли кишиларга хушхабур беринг! Ана ўшаларга Парвардигорлари томонидан саловат (мағфират) ва раҳмат бордир. Ана ўшалар ҳақ йўлни топгувчидирлар” (Бақара сураси, 155-157 оятлар).

Ушбу ояти каримани Имом Шаъровий роҳимаҳуллоҳ бундай шарҳлайдилар: “Биламизки, аслида  кишилар бошига синовларнинг келиши  ёмон эмас, балки унинг синовлардан ўта олмаслиги ёмондир. Зеро, ҳар бир синов тажриба ва имтиҳон ҳисобланади. Ҳеч ким имтиҳонларни ёмон демаган. Балки у муваффақиятга эришиш йўлидаги машаққатларни кўтара олмаган кишининг наздида ёмондир. Аммо бор куч-ғайратини ишга солиб, пешқадамлардан бўлган киши наздида  имтиҳонлар   яхшидир”.

Бугун дунё аҳолиси бошида коронавирус касаллигининг ваҳимаси айланмоқда. Ушбу касаллик юртимизда ҳам қайд қилинди. Хўш, ушбу касалликдан ваҳимага тушиш ва қўрқиш нечоғлик ўринли, динимизда бундай ҳолатларда қандай йўл тутиш мақсадга мувофиқ, дейилган?

Бундай кишилар қўрқув билан хатарни янада кўпайтиради. Хавотир ва ваҳима эса хавф-хатарни тўхтатиб қўймайди. Шундай экан ортиқча қўрқувдан четланиш лозим! Эй биродар, ваҳима яшашни бас қилинг!

Дунё Ислом уламолари бу касалликнинг шаръий муолажаларини эслатмоқдалар. Бундай ҳолатда мусулмон киши Аллоҳ таолонинг тақдир қилгани юзага чиқишига қаттиқ ишонган ҳолда, касалликдан сақланиш чораларини кўради. Вабо каби тез тарқаладиган касалликлар пайдо бўлган жойга кирилмайди ва қаттиқ зарурат бўлмаса, у ердан чиқиб кетилмайди. Тиббиёт вакиллари кўрсатмаларига тўла амал қилинади. “...ўз қўлларингиз (бахиллигингиз) билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Бақара сураси 195-оят).

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши каронавирус бўйича фатвоси эълон қилинди. Унда барча мусулмонларни мамлакатда эпидемиологик вазият барқарорлашгунча жума намозлари ўрнига уйда пешин намозини ўқиш, беш вақт намозларни ҳам уйда адо этиш, жаноза намозларини вафот этганнинг яқин қариндошлари иштирокида хонадонларда ўқиш, масжидларда намоз вақтини билдириш учун азон ўз вақтида айтилишини маълум қилинди.

Шунингдек, мўмин-мусулмонлар имкон қадар касаллик тарқалишининг олдини олишга ўз ҳиссаларини қўшишлари кераклиги, ҳар бир мусулмон ибодат ва дуоларда Аллоҳ таолодан ушбу касалликни даф қилишини сўраб, ихлос билан илтижо қилиши лозимлиги, касалликнинг олдини олиш борасида тавсия этилган кўрсатмаларга қатъий амал қилиш тавсия этилди.

Бундан ташқари, бундай вазиятда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситалар нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром эканлигини чуқур англаб, ушбу қоидаларга қатъий амал қилишга чақирилди.

Минг афсуски, ҳозирги ҳолатда карантин тартиб-қоидалари ва Диний идора Уламолар кенгашининг фатвоси тўғрисида аҳоли орасида нотўғи, асоссиз, бир ёқлама ахборотларни тарқатишга уринишлар бўлиб турибди. Бундай ишлардан қатъий сақланиш зарур.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, бир қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекувчи бўлманглар" (Ҳужурот сураси, 6-оят).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир кишининг эшитган ҳар нарсасини гапиравериши гуноҳ учун кифоя қилади”, дедилар.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсон ҳар қандай фитналарга алданмаслик, ниҳоятда ҳушёр бўлиш ҳақидаги “Мўмин киши зийрак, ҳушёр ва оқил бўлади”, деган ҳадисга амал қилишимиз лозим.

Бинобарин, ҳар қандай маълумотга ишониб, хулоса қилиш дунё ва охиратда пушаймонликка сабаб бўлиши мумкин. Текширилмаган хабарни тарқатган киши ҳам гуноҳга шерик бўлиб қолади. Ишончли маълумотни олиш ва аниқлашда ҳар бир соҳанинг мутахассисига мурожаат қилиш керак.

Муқаддас Қуръони карим инсонларга кўрсатма, нур, эслатма, саодат калити этиб юборилган: “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ сураси, 6-оят). Демак, бало-офатлар тарқалганда бандалар ибодат, зикру тасбеҳ ва истиғфорларни янада кўпайтириши, Аллоҳ таолодан офият сўраб кўп-кўп дуои илтижолар қилиши керак.

Аллоҳ таоло дунёдаги барча мўмин-мусулмонларни турли бало-офатлардан паноҳида асрасин!

Раҳматилла УСМОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Қашқадарё вилоятидаги вакили,

вилоят бош имом-хатиби

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид