Терроризмнинг ислом ва мусулмонларга зарари

Терроризмнинг ислом ва мусулмонларга зарари

imon.uz 2020-11-04 08:38:56 37

Айни вақтларда бутун оламнинг тинчини бузиб турган энг асосий нарса бу, терроризм ва экстремизм бўлиб, у жамиятдаги тинчлик, барқарорлик ҳамда хотиржамликка раҳна солиб келмоқда. Унинг ортидан кўплаб бегуноҳ қонлар тўкилмоқда, юртлар вайронага айланиб, инсонлар бошпанасидан маҳрум бўлмоқда. Инсониятнинг бахтли келажаги, Ер юзини обод этиш учун хизмат қилиши керак бўлган беҳисоб мол-давлат ана шу терроризмнинг салбий оқибатларини баратараф қилиш учун сарфланаётгани яна ҳам ачинарлидир. Терроризмдан энг кўп зарар кўраётган ислом ва мусулмонлар бугун ўша нокас кимсаларнинг касрига қолиб, ёмонотлиқ бўлаётганлари эса чидаб бўлмас адолатсизликдир.

Ислом – оламшумул дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, бутун инсониятга юборилган пайғамбардир. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай деган: (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни, ҳақиқатан, барча одамларга хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи бўлган ҳолингизда (пайғамбар қилиб) юбордик” (Сабаъ сураси, 28-оят). Мусулмонларнинг вазифаси ана шу оламшумул динни – бу борада уларнинг ўртасидаги хилма-хилликни табиий ва реал воқелик деб қабул қилган ҳолда – дунёдаги барча халқлар ва турли маданият вакилларига етказиш, унинг соф ва ҳақиқий тамойилларини кўрсатиб беришдан иборат. Шунинг учун Аллоҳ таоло: “Агар Раббингиз хоҳлаганида эди, (барча) одамларни бир уммат (бир хил динга тобе) қилган бўлур эди. (Улар) мудом турлича (ҳар хил эътиқодда) бўлиб бораверадилар. Раббингиз раҳм қилган кишилар эса, бундан мустаснодирлар. Уларни шунинг учун яратгандир” (Ҳуд сураси, 118-119 оятлар) деб, бу нарсага диққатимизни қаратган. Ҳа, Аллоҳ таоло одамларни уларга раҳм қилиш ёки хилма-хил эътиқодда бўлишлари учун яратганки, бу нарса борлиқнинг қонунидир. Мусулмоннинг вазифаси Аллоҳ таолонинг ана шу хоҳиш-иродасини ҳурмат қилиб, инсонлар билан энг яхши суҳбат ва муомала асосида мулоқотда бўлишдир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда бутун инсониятга хитоб қилиб: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик” (Исро сураси, 70-оят), деган ва бу хитобни айнан бир дин вакилларига қаратмаган. Бундан келиб чиқадики, ислом дини инсонга унинг жинси, рангги, миллати ёки динидан қатъий назар ҳурмат ва эҳтиром билан қарайди. Аллоҳ таоло инсонлар орасидаги мазкур хилма-хилликни улар ўзаро танишишлари, Ерни обод қилишдек буюк мақсадларини амалга ошириш йўлида бир-бирларининг тажрибаларидан фойдаланишлари учун яратган. Бу ҳақда Унинг ўзи шундай марҳамат қилган: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” (Ҳужурот сураси, 13-оят).

Ислом дини бошқа дин вакиллари билан ўзаро ҳурмат-иззат асосида муомала қилишга чақирган. Бундан мақсад инсонлар ўртасида дўстлик алоқаларини вужудга келтиришдир. Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Эй, китоб аҳли (яҳудийлар ва насронийлар), биз билан сизнинг ўртамизда (аҳамияти) баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик!”. Агар (бу таклифдан) юз ўгирсалар, (сизлар уларга): “Гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонлармиз”, – деб айтиб қўйингиз!” (Оли Имрон сураси, 64-оят).

Тинчлик вақтида ҳам, уруш ҳолатида ҳам мусулмоннинг ҳаётида одоб-ахлоқнинг юксак ўрни бор бўлади. Шунинг учун ҳам у Аллоҳ таоло: (Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси, 107-оят), деб марҳамат қилган  раҳмат пайғамбари – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда Аллоҳ таолога бўлган имон-эътиқодидан келиб чиққан ҳолда иш тутади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кофир душманлар билан уруш қилиш учун жангга юбораётган саҳобаларига шундай васият қилар эдилар: “Аллоҳнинг исми, Аллоҳнинг ёрдами, Аллоҳ Расулининг дини билан жўнаб кетинг. Қариларни, болалар ва гўдакларни ҳамда аёлларни ўлдирманг. Ўлжага хиёнат қилманг. Ўлжаларингизни бир жойга жамланг. Ўзингизни ислоҳ этинг ва яхшилик қилинг. Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни севар”.

Экстремизм терроризмнинг эшигидир.

Уламолар экстремизмга икки хил кўриниш берганлар.

Биринчиси: диндан олисда бўлган экстремизм бўлиб, унинг мақсади динни одамларнинг қалблари ва ақлларидан узоқлатиш, уларнинг ҳаётлари ва жамиятларида диннинг таъсирини камайтиришдан иборатдир. 

Иккинчиси: динни англашда юзага келадиган экстремизм бўлиб, унинг аҳкомлари ва тушунчаларини нотўғри ва радикал тарзда тушуниш унга сабаб бўлади.

Ислом дини экстремизмнинг ҳар иккала кўринишидан ҳам қайтаради. Қайтарганда ҳам қаттиқ танбеҳ берган ва оқибатидан огоҳлантирган ҳолда қайтаради. Экстремистларни мусулмонларнинг йўллари ва маслакларидан юрмайдиган кимсалар деб ҳисоблайди. Чунки улар ислом динининг суннатларидан юз ўгириб, фарз амалларига қаттиқ киришиб кетган бўлишади.

Бир неча мусулмонлар Ойиша розияллоҳу анҳодан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўрашди. У кишининг жавобларини эшитиб, уни оз санадилар ва: “Биз қаёқда-ю, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқда? Аллоҳ у зотнинг аввалги ва охирги гуноҳларини кечирган бўлса”, дедилар. Кейин улардан бирлари: “Аммо мен туни билан ухламасдан ибодат қилиб чиқаман”, деди. Иккинчиси: “Мен эса, йил бўйи рўза тутаман ва бирор кун ҳам оғзи очиқ юрмайман”, деди. Учинчиси: “Мен аёллардан узоқда бўламан ва уйланмай яшайман”, деди. Уларнинг бу гаплари қулоқларига етиб борган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аммо мен намоз ўқийман ва ухлайман ҳам. Рўза тутаман ва оғзим очиқ ҳам юраман. Аёлларга уйланаман ҳам. Шундай экан ким менинг суннатимдан юз ўгирадиган бўлса, мендан эмасдир” (Муттафақун алайҳ).

Бинобарин, одамларни дин ишида енгилликдан қийинликка, кенгчиликдан торликка, осонликдан машаққатга бошлайдиган ҳар бир одам радикал ва экстремистдир, Аллоҳнинг таълимотига қаттиқ қарши чиқадиган кишидир, деб айта оламиз. Чунки экстремист бу, Аллоҳ таоло: “Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди” (Бақара сураси, 185-оят), деб қўйгани ҳолда инсонларни Аллоҳ таоло берган енгилликдан қийинчиликка чақирадиган кишидир.

Шуниси аламлики, экстремистлар динимиздаги барқарор ҳукмларга, диний муқаддасотларимизга ҳужум қилиш учун пайт пойлаб юрадилар. Ёзган китоб ва мақолалари билан одамларни муътадилликдан тангликка чақирадилар.

Террорчилар эса ўзларига тобе бўлган инсонларни алдайдилар. Уларни чалкаштирадилар. Ўзлари амалга ошираётган бузғунчилик ва жиноятларни динга боғлаб кўрсатишга уринадилар. Ўзларини динни ҳимоя қилаётган, унга ёрдам бераётган қилиб кўрсатадилар. Бу билан улар пок диннинг номини сотиб иш қиладилар. Унинг моҳияти ва муборак суратини бузиб талқин қиладилар. Аммо биз биламизки, дин, жон, ақл, шаън, насаб ёки мол-мулкка тажовуз бўладиган ҳар қандай саъй-ҳаракат террорчилик ҳисобланади.

Террорчилар қуйидаги ишлар билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатларига қарши иш тутадилар:

Биринчи: улар мусулмонларни ўлдирадилар. Ёшу қарини, эркагу аёлни ажратиб ўтирмайдилар. Ер юзида бузғунчилик қиладилар. Аллоҳ таоло шундай деган: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай” (Нисо сураси, 93-оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қасамки, дунёнинг заволга юз тутиши Аллоҳга бир мусулмон кишининг ўлдирилишидан кўра енгилроқдир” (Термизий ривояти), деганлар. Яна: “Мендан сўнг бир-бирингизнинг бўйнига қилич соладиган кофир бўлиб кетманг” (Муттафақун алайҳ), деб насиҳат қилганлар.

Террорчилар одамларни ўлдириб, азоблаб, ўтда ёқиб хурсанд бўладилар. Келишув ва битимларни ҳурмат қилмайдилар. Мусулмон бўлмаган тинч аҳоли вакилларига ҳам тажовуз қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким бир аҳдлашган жонни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидлай олмайди. Албатта, унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан келиб туради” (Муттафақун алайҳ), деган сўзларига риоя қилмайди.

Террорчилар Аллоҳнинг уйлари ҳисобланган масжидларни портлатиб, уларнинг ичида ибодат қилиб турган мўмин-мусулмонларни ҳам ўлдириб юбораверадилар. Бу ишлар шуни кўрсатадики, улар исломнинг таълимотлари ва муқаддас аҳкомларидан четга чиққан кимсалардир. Улар на мусулмонларни, на масжидларни ҳурматини қиладилар. На бегуноҳ қонни, на ўзгаларнинг мол-мулкини эътиборга оладилар. Ислом дини масжидлар у ёқда турсин ҳатто ғайридинларнинг ибодатхоналарига ҳам тегинмасликни буюради. Бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссалом: “Болаларни ҳамда ўз ибодатхоналарида ибодат қилиб турганларни ўлдирманг” (Муттафақун алайҳ), деганлар.

Экстремистик ва террорчи ташкилотларга аъзо бўлишнинг ҳукми қандай?

Бегуноҳ инсонларнинг қонларини тўкиш, мусулмонларни кофирга чиқариш, инсонларнинг шаънини топташ, мол-мулкини ўзлаштириб олишни ҳалол ҳисоблашга чақирадиган ҳар қандай экстремистик ва террорчи ташкилотларга аъзо бўлиш исломий нуқтаи назардан ҳаромдир! Чунки бу сингари ишлар исломнинг олийжаноблик, бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойилларига мутлақо зиддир. Ана шундай ташкилотларга аъзо бўлиб кирган кимсалар Аллоҳ ва Унинг Расулига осийлик қилган, ҳақ йўлдан оғишган, очиқ-ойдин залолатга кетган бўладилар. Мазкур ташкилотларга аъзо бўлган кимсалар зиёнга учрайдилар, икки дунёлари куяди, ҳалокатга йўлиқиб, жоҳилият давридаги инсонлар каби вафот топади. Чунки, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом шундай деганлар: “Кимки тарафкашликка чақирган ёки унга ёрдам берган ҳолда ўлдирилса, жоҳилият ўлимини топибди” (Муслим ривояти).

Террорчилар тарафида туриб қуролли низоларда иштирок этиш ёки уларни моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш диний нуқтаи назардан ҳаромдир. Мазкур ишларга қўл урган киши номаълум байроқ остида жанг қилган, ўзгалар мулкини ўзлаштириб олиш, инсонлар шаънини топташ ва бегуноҳ инсонлар қонини тўкишга ташна бўлган террорчи ҳамда жиноятчи ҳисобланади. “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда абадий қолажак. Аллоҳ ундай кимсага ғазаб қилган, лаънатлаган, ва унинг учун улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир” (Нисо сураси, 93-оят) ояти ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Албатта, бир-бирингизнинг қонингиз, молингиз, обрўйингизга дахл қилмоқ худди шу бугун (қурбон ҳайити куни назарда тутилган) шу ойда шу шаҳар (Макка)да (бошқа жиноятлар қилиш ҳаром бўлгани каби) ҳаромдир!(Муслим ривояти) деган  сўзлари юқоридаги сўзимизнинг далил-исботидир. Бас, бир мусулмонни ўлдирган киши гуноҳларнинг энг каттасига қўл урган бўлади. Зеро, Пайғамбар алайҳиссалом: “Катта гуноҳларнинг ичида энг каттаси: Аллоҳга ширк келтириш, жон(эгаси)ни ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапиришдир” (Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.

Юқорида айтиб ўтилганлардан хулоса чиқарган ҳолда меҳр-оқибат, инсонпарварлик, бағрикенглик, илм-маърифат дини бўлган ислом динини ўзларининг ғаразли истакларини амалга ошириш учун ниқоб қилиб олган ҳар қандай шахслар, гуруҳларга қарши, улар илгари сураётган ботил ва асоссиз даъволарга қарши барчамиз бир мақсад йўлида бирлашмоғимиз лозим. У ҳам бўлса бағрида динимиз буюрган барча арконлар ва амалларни эмин-эркин адо этиб келаётган шу азиз юртнинг равнақи, шу юртда истиқомат қилиб келаётган азиз инсонларнинг саодати учун ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Алоуддин Ҳофий

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар

 маркази илмий ходими

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид