Тинчлик-олий неъмат!

Тинчлик-олий неъмат!

imon.uz 10-07-2020 709

Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч бу тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам, эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи васаллам: “Икки энг азиз неъмат бору, кўплар бунинг қадрига етишмайди, булар саломатлик ва тинчлик-хотиржамликдир” деганлар. Имом Бухорий ва Имом Термизий ривояти.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, Бақара сураси 208-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” деган.

Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишини сўраб, дуо қилиши тўғрисида Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир” деб таълим берганлар. Имом Байҳақий ривояти.

Айнан шу мазмунни Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: (Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан” деганлар. Имом Термизий ривояти.

Сўзимизнинг тасдиғи ўлароқ, Иброҳим алайҳиссаломнинг ватанлари бўлган Макка шаҳрига тинчлик ва унинг аҳлига ризқ сўраб қилган дуоларини келтирсак мақсадга мувофиқ бўлади: “Эслaнг: Ибрoҳим: “Эй, Рaббим, бу (Мaккa)ни тинчлик шaҳри қилгин вa унинг aҳoлисидaн Aллoҳгa вa oxирaт кунигa ишoнувчилaргa (турли) мeвaлaрдaн ризқ қилиб бeргин”. Бақара сураси 126.

Бу жойда Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўтган умматларнинг пайғамбарларини ҳаётидан хабардор қилиб, умматларини унга тарғиб қилиб, улуғ неъматлар тинчликотиржамликни қадрлаб, асраб авайлаб ҳаёт кечиришга ундамоқда. Ўша вақтдаги тарихга назар ташласангиз Макка тинч шаҳарлардан бўлган. Шундай бўлсада, бу тинчликни доимо сўраб дуо қилиш муҳим эканлигига далолатдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобалар бир куни суҳбатлашиб ўтирганларида, саҳобалардан бирлари: “Эй Аллоҳнинг Расули биз Аллоҳ таолодан дуо қилиб сўраганимизда кўпроқ нимани сўрайлик деб савол қилишганда, жанобимиз, ҳабибимиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан офият (тинчлик, хотиржамлик)ни сўранглар” деб айтган сўзлари ҳам, инсоният учун бу неъматлар нечоғлик муҳим эканлигига далолат қилади. Тинч бўлиб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, тинчликни давомий бўлиши учундир. Бу хусусида Қуръони Каримнинг Иброҳим сураси 8-оятида шундай дейилган: “Яна Роббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрлик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” деб марҳамат қилган.

Биз юқорида тинчлик неъматларнинг энг улуғи эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини эслаб ўтдик. Мазкур ҳадисга мувофиқ бу буюк икки неъмат бардавом бўлиши учун ҳам инсондан шукр ва қадрлаш талаб этилар экан. Тинчлик ҳукм суриб турган жойга яна тинчлик сўраб дуо қилиш эса, муқаддас динимиз ва давримизнинг энг долзарб шарафли вазифаларидан ҳисобланади. Инсон ким бўлишидан қатъий назар, ўзи яшаб турган, Аллоҳ неъмат қилиб берган Ватани, унинг зилол сувлари, ҳавоси, нози неъматлари ва бошқа барча шароитларига шукр қилиб, уни зиёда бўлишини сўраб дуо қилиши Ватани, жамияти ва оиласи олдидаги шарафли бурчидир.

Хулоса қиладиган бўлсак, динимизнинг тинчлик ва хотиржамликка бўлган эътибори нечоғлик катта, ҳамда бағрикенглик унинг негизи эканлиги яққол намоён бўлади. Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш орқали теранроқ англайди. Бу эса, янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукрини адо этишга боғлиқдир. Тинчлик ва хотиржамлик ана шундай амалий шукр талаб қиладиган неъматлардандир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасида фарздир. Ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз ушбу икки улуғ неъматнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ёшлар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, уни ҳимоя қилиш учун астойдил бел боғлашлари билан бу неъматнинг шукрини адо этиш билан бирга муқаддас динимизнинг талаб ва тавсияларида амалга оширган бўламиз.

Аллоҳ таоло юртимиз тинчлиги ва хотиржамлигини барқарор ва бардавом, халқимизнинг ҳаётини фаравон қилсин!

 

Жиззах вилояти Бахмал тумани

“Барлос” масжиди имом-хатиби

Шукруллохон Зикриёев 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид