УЙДА ҚОЛИНГ

УЙДА ҚОЛИНГ

imon.uz 24-07-2020 599

Бугунги кунда телевидения орқали олиб борилаётган кўрсатув, радио орқали узатилаётган эшиттирув, ижтимоий тармоқ ёки бошқа ОАВ орқали берилаётган хабарлар бўлсин, фуқароларга “уйда қолинг” шиори билан, медицина ходимлари эса, “биз сиз учун ишдамиз, сиз биз учун уйда қолинг” шиори билан мурожаат қилишмоқда. Хўп уйда қоламиз. Энди ана шу “уйда қолиш” деган тушунчани ҳар ким ҳар хил тушинади. Жуда кўпчилик юртдошларимиз қимматбаҳо вақтларини беҳудага сарфлаб, фильмлар, сериаллар томоша қилиб, ёшлар кўпроқ компютер ўйинлари билан банд бўлиб, ижтимоий тармоқларга кириб, инсоннинг на бу дунёсига на охиратига фойдаси бўлмаган ишлар билан машғул бўлиб, бир амаллаб уйда қолишмоқда.

Азиз юртдошлар! Умр - Аллоҳ таолонинг биз инсонларга берган азиз неъмати ҳисобланади. Биз инсонларнинг бу неъматни бугунги карантин даврида ҳам, бошқа кенгчилик вақтларда ҳам беҳудага сарфлашга зинҳор ҳаққимиз йўқ. Чунки, бу бебаҳо умрни беминнат яъни, текинга берган Зот, қиёмат куни бу умрни нимага, қандай сарфлаганимизни сўрайди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Сўнгра ана шу кунда (қиёматда), албатта, (сизларга ато этилган барча) неъматлар тўғрисида сўроқ қилинурсиз”, деб марҳамат қилган (Такосур сураси, 8- ояти).

Шунингдек, бу ҳақда севимли Пайғамбаримиз алайҳис солату вассалом: “Қиёмат куни тўртта нарсадан сўралмай туриб, Одам боласининг қадами босган жойидан силжимайди:

-         Умрини қандай ишлар билан ўтказди (Яъни, умри мобайнида гуноҳ ишлар билан машғул бўлдими ёки савоб ишлар билан);

-         Ёшлик даврини қандай ўтказди (Яъни, ёшлик даврини ўйин кулгу, ҳою-ҳавас биланми ёки тоат ибодат биланми);

-         Молу дунёни қандай йўллар билан тўплади ва қаерларга сарфлади (Яъни, бойликни ҳалол йўл билан топдими ёки ҳаром йўл билан ва уни савоб йўлларга сарфладим ёки гуноҳ ишларгами;

-         Билган илмига қанчалик амал қилди (Яъни, ўрганган илмига ўзи қанчалик амал қилди ёки амал қилмади).

Ҳадиси шариф мазмунига эътибор берадиган бўлсак, бандалар қиёмат кунида бутун яшаб ўтган умрларидан ва ёшлик давридан алоҳида сўроққа тутилиши баён қилинмоқда.

Карантин даврида муқаддас динимиз кўрсатмалари ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда иш олиб борган туманимиз имом-хатиблари халқимизнинг оғирини енгил қилишда қўлларидан келгунича хайрли ишларда жонбозлик кўрсатдилар.

Май ойи ичида рўза пайтлари Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги сув омбори тошқини натижасида жабр кўрган фуқароларнинг кўпчилиги Жиззах вилояти Бахмал туманининг “Барлос”, “Жадик”, “Кўкжар”, “Илончи”, “Уйлуқма”, “Новқа” ва бошқа қишлоқларга яқин қариндошлариникига келиб, вақтинча яшаб туришди. Бу воқеадан хабар топган имом-хатибларимиз бу фуқароларнинг кўнгилларини кўтариш мақсадида катта хайрли ишни бошладилар. Ўзлари рўза ҳолларида, баҳорнинг серёмғир, изғиринли совуқ кунлари бўлишига қарамай ҳомийларни жалб қилиб, Сардобадан елган жабрдийдаларга озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, уй рўзғор буюмлари тарқатиб чиқишди.

Имом-хатибларимизнинг Сардоба туманидан вақтинча келиб, яшаб турган фуқароларга кўрсатган беғараз моддий ёрдамлари миқдори, фақат рамазон ойиниг ўзида, озиқ-овқат маҳсулотларидан 72 220 000 (етмиш икки миллион икки юз йигирма минг) сўмликдан зиёд ва кийим-кечак, кўрпа-тўшак, уй рўзғор буюмларидан эса, 53 000 000 (эллик уч миллион) сўмдан зиёдроқни ташкил қилди.

Умр неъматидан карантин даврида ҳам унумли фойдаланган имом-хатибларимиз рамазон ойи давомида Бахмаллик моддий ёрдамга муҳтож, камтаъминланган, бемор ва бошқа эҳтиёжманд оилаларга саккиз бош қўй, 96 963 000 (тўқсон олти миллион тўққиз юз олтмиш уч минг) сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда 12 300 000 (ўн икки миллион уч юз минг) сўмликдан кўпроқ кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва уй-рўзғор буюмлари етказиб бериб, ҳомийларни улкан савобга эриштирдилар. Эҳтиёжмандларнинг эса ҳожатларини чиқариб, ўзлари ҳам чексиз ажрга эга бўлишда Барлос” жоме масжиди имом-хатиби Ш. Зикриёев, “Мулла Умар” жоме масжиди имом-хатиби С. Қўшбоқов, “Ар-Роҳман” жоме масжиди имом-хатиби А. Абдазов, “Мулла Эшонқул” жоме масжиди имом-хатиби И. Хушбеков, “Ўрой” жоме масжиди имом-хатиби Б. Мелибоевлар бошқаларга ўрнак бўлишди.

Шунингдек, туманимиз имом-хатиблари ҚФЙ ва МФЙ раислари, қишлоқ оқсоқоллари, ҳожи оталар ва бошқа фаоллар ташаббуслари билан, Сардоба сув омбори тошқини сабабли Жиззах вилояти Пахтакор туманига кўчириб келтирилган аҳолига моддий ва маънавий ёрдам бериш мақсадида Бахмал тумани халқи номидан икки тонна картошка, икки тонна пиёз, икки тонна сабзи ва юз килограм гўшт маҳсулотлари етказиб беришда ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишди.

Мамлакатимизда карантин ҳолати давом этиб турса ҳам, имом-хатибларимиз бундай хайрли ишларни ҳамон давом эттирилмоқдалар. Чунки, карантин даврида ҳам умр ўтяпти. Умрдан унумли фойдаланиш эса ҳар бир оқил инсоннинг инсонийлик бурчидир.

Аввало ўзнгизнинг, оила аъзоларингиз, яқин қариндошларингизнинг соғлиги учун карантин талабларига тўлиқ амал қилиб “уйда қолинг” ва телефонингиз орқали фойдасиз ишлар билан банд бўлиш ўрнига, фақат ва фақат савоб ишлар қилишга одатланинг.

Муҳтарам имом-хатиблариизга эса, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, уйдан чиқмасдан, телефон орқали сахий юртдошлариимизни хайру-саховатга чақириб, хусусан “Қурбон ҳайити" кунларида муҳтожларимизни қурбонлик гўштлари билан сийлашдек шарафли ишда бош-қош бўлишларини ва шу сабабли ўзлари ҳам, ҳомийлар ҳам улкан ажру-савобга эга бўлишларида Яратган Зотдан куч-қувват тилаб қоламан.

Бахмал тумани бош имом-хатиби

Раҳмонқул МАМАТҚУЛОВ

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид