ВАБОДА САБР ҚИЛИШНИНГ АЖРИ

ВАБОДА САБР ҚИЛИШНИНГ АЖРИ

imon.uz 09-04-2020 983

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Қорин хасталиги ила ўлган шаҳиддир, вабода ўлган шаҳиддир”, дедилар”. 

Бухорий ривоят қилган.

Маълумки, вабо хасталиги доимо барча жамиятларни ташвишга солиб келган. Ҳамма унга қарши қандоқ ишлар қилиш зарурлигини ўйлаб келган. Вабо тарқалган жойда кўплаб одамлар нобуд бўлиши ҳам инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Шунингдек, вабо тез юқадиган хасталик, унинг тарқалишини олдини олишнинг энг самарали йўли— беморларни соғлардан ажратиш. 

Шунинг учун ҳам Исломда вабо касали билан ўлган кишини шаҳидга тенглаштирилган. Яъни, хасталикка сабр қилиб, бошқа тарафларга кетиб қолмай вафот этган одам шаҳид ҳукмида бўлади. Бунда бемор кишиларни сабрга чақириш билан бирга уларнинг ортидан қолган яқинларига ҳам катта тасалли бор. Улар, фалончи вабо хасталигига учраганда ҳадиси шарифга амал қилиб сабр ила вафот этгани боис шаҳид ҳукмида кетган, деган фикр ила юрадилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан вабо ҳақида сўраган эканлар. Шунда у зот бундоқ хабар берибдилар:

Аслида у Аллоҳ хоҳлаганларига юборадиган азоб бўлган. Бас, Аллоҳ уни мўминларга раҳмат қилди. Бас, қай бир банда вабо воқеъ бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ унинг пешонасига битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур”.

Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга қанчалар меҳрибон эканлиги яна бир бор намоён бўлмоқда. Бу ҳақиқат вабо хасталиги бошқалар учун нима мақсадда, мусулмонлар учун нима мақсадда юборилиши баёнидан келиб чиқади.

Дарҳақиқат, кўпгина қавмлар турли хасталиклар, жумладан, вабо ила қирилиб битгани тарихда маълум. Аллоҳ таоло Ўз меҳри ила бошқаларга азоб бўлиб юборилган вабони мусулмонлар учун раҳмат қилиб қўйибди. Улар вабо етганида Аллоҳ таолонинг айтганини қилсалар, вафот этсалар ҳам, шаҳид кетадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

Бас, қай бир банда вабо воқеъ бўлганда ўз юртида сабр қилиб, Аллоҳ унинг пешонасига битганидан бошқа нарса бўлмаслигига ишониб турса, албатта, унга шаҳиднинг ажри мислидек ажр бўлур”, деганлари айнан шу маънони тасдиқ этади.

Бу ҳозирги замон истилоҳи ила айтилганда, тиббий сақланиш чораси, ажнабийчасига карантин, деганидир.

Ислом кўпчилик манфаатини ўйлаб, вабони бош¬қа ҳудудларга ҳам тарқалиб кетмаслиги йўлида ўзини фидо қилган кишиларни шундай юқори тақдирлайди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Вабо бало ёки азобдир. Уни Бани Исроилга ёки сиздан олдин ўтган кимсаларга юборилган эди. Қачон унинг бирор ерда пайдо бўлганини эшитсангиз, у ерга бормангиз. Агар у сиз турган ерда воқеъ бўлса, ундан қочиб у ердан чиқмангиз”, дедилар”.

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Чунки у ерга борсангиз ўша хасталикка чалинишингиз эҳтимоли бор. Мабодо, Аллоҳ кўрсатмасин, бирор кор-ҳол бўлиб қолса, келмасам бўлар экан, деб юрасиз.

Сизнинг у ердан қочиб чиқишингиз мазкур хасталикни бошқа ерларга тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.

Бу Ислом томонидан минг беш юз йил аввал жорий қилинган тиббий сақланиш чорасидир.

Умар розияллоҳу анҳу Шомга сафар қилганларида вабо тарқалганлигини эшитганларидан кейин орқаларига қайтмоқчи бўлиганларида  Шомнинг волийи Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳунинг 

- Аллоҳнинг қадаридан қочибми?!” деган сўзларига 

- Ҳа, Аллоҳнинг қадаридан, Аллоҳнинг қадарига қочамиз”, деб

жавоб берганликлари кўпчилгимизга маълум ва машҳурдир.

Демак бу каби ҳолатларда одамлар сабрли, матонатли ва итоатли бўлишлари, ўзига ва бошқаларга касалликни етишига сабабчи бўлиб қолмасликлари учун уйларида ўтиришлари лозим ва лобуддир.

Мақола “Ҳадис ва ҳаёт” китоби асосида тайёрланди.

Усмонали Оралов


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид