Ваҳимага тушиш иймондан эмас.

Ваҳимага тушиш иймондан эмас.

imon.uz 31-03-2020 821

Аллоҳ таолодан қўрқиш билан бир қаторда, Унинг раҳматидан яхшиликни умид қилиш гўзал ибодатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолодан яхши гумон қилиш – Аллоҳ таолонинг яхши ибодатларидандир”, дедилар”. (Имом Термизий ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло айтади: “Бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса – Мен шундайман. Қачон мени эсласа, Мен у биланман...”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти) 

 Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлиш – Аллоҳ таоло қудратли ва меҳрибон Зот эканлигини тасдиқлашдир. Мунофиқ, итоатсиз, шошмашошар, тартибсиз кишиларнинг хулқлари жамиятга зиён келтирур.    

    Мўмин киши иккиланувчи, қатъиятсиз, ҳаёлига келганини гапирувчи, қўпол сўзларни айтувчи, одамларнинг қалбига ваҳима солиб юрувчи киши бўлмайди.  Одамийлик - одамларга яхшилик қилиш; тили билан ҳам, қўли билан ҳам яхшилик ва умид улашмоқдир. Беъмани, фойдасиз гапларни кўп гапирган одамнинг гуноҳи кўп бўлур. Мусулмон киши бошқа кишиларнинг йўлларидан азият берувчи ва зарарли нарсаларни олиб ташлайди. Йўлни ҳаёт йўли деб тасаввур қилсак, мусулмонларнинг ҳаётига зарарли бўлган мунофиқликни, шошмашошарликни, ҳужжати бўлмаган, одамларни қўрқитиб ваҳимага соладиган гапларни олиб ташлашни ва тарқатмасликни яхшилик  деб тушунамиз. 

“Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин бўлмасам жим турсин” дедилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Демак, савоб умидида жим туриш ҳам ибодатдир. “Сенда шубҳа уйғотадиган нарсани тарк қилиб, шубҳасизини қил”, деганлар Муҳаммад соллаллоҳу алйҳи васаллам. 

Ўз қўлидан ҳеч иш келмаслигига ишониб туриб, шайтон фитнасига ўйнаб ўз нодонлигини ошкор айлаб одамларни ваҳимага солувчи гапларни тарқатган кимсанинг ҳолига вой бўлсин !  Бу иш Аллоҳнинг қадарига норозилик, қазои қадар ўзгармаслигини била туриб аҳмоқона васвасага тушиш ва яхшиликдан маҳрумлар ботқоғига ботишдир.

Шумланиш яъни воқеаликдан ёмон натижа кутиш, шайтон васвасасидир. Ҳалокатга етакловчи сўз ва ҳаракат бандани оғир гуноҳга ботиради. 

Иймон тақозоси инсонни Аллоҳдан яхши гумон қилиб, Меҳрибон ва Ҳикматли Зот эканлигини сидқидилдан тасдиқлаб, ҳар бир ишнинг охири яхшилик билан тугашини умид қилишга буюради. Бас, мусулмон киши яхши гумон қилади, яхши гапни гапиради, яхши сабр қилади, сукут сақлайди. Аллоҳ таоло албатта шифо сўраб, қилган дуоимни қабул қилади деб, азму қарор билан сўраш  комил мўминлик белгисидир.

Ҳикоя қилинишича, Валид ибн Язид мусҳафга қараб, Аллоҳ таолонинг “Фатҳу нусрат сўрадилар ва ҳар бир жабр қилувчи, саркаш кимса ноумидликка учради”, (Иброҳим сураси, 15-оят) ўқиди. У мусҳафни йиртиб, майдалаб ташлагандан кейин ушбу шеърни айтган экан:


Ҳар бир жабр қилувчи, саркашни қўрқитасанми?

Мана мен ўша жабр қилувчи ва саркаш.

Қайта тирилиш кунида Роббингга борсанг,

“Эй Роббим, мени Валид йиртиб майдалади”, деб айт.


Бир неча кун ўтар – ўтмас хорланиб, ёмон ҳолатда қатл этилди. Унинг узилган калласи аввал ўз қасрига, сўнг шаҳар деворига осиб қўйилди ( Дунё ва дин одоби, Абул Ҳасан Мовардий, Тошкент, 2017, HILOL NASHR). 

Бутун инсониятга вабо (пандемия) хавф солаётган ҳозирги кунда ҳар бир инсон Аллоҳдан яхшилик сўраши, шифо умид қилиши ва ҳукуматимиз чиқарган қарорларга ва ЎМИ берган фатволарга қатъий риоя этиши лозим бўлади. Уйда қолишлик, ваҳима тарқатмаслик вожибдир. Аллоҳ таолодан  шайтон ва унинг тузоғи бўлган ваҳимага тушишдан , ноумидликдан ва беҳуда гап тарқатишдан паноҳ сўраймиз. 



Атабаев Абдумутал

ЎМИ Жиззах вилояти вакили ўрин босари

 


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид