Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор

Янги Ўзбекистонда инсон қадри устувор

imon.uz 23-08-2022 447

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Биз бугун халқчил ва демократик тамойилларга асосланган янги Ўзбекистон давлатини, эркин фуқаролик жамиятини барпо этмоқдамиз. 

Президент таъбири билан айтганда, “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” ва “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойиллари асосида фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устивор вазифадир. Тарихдан маълумки, инсон учун ҳамиша унинг ҳуқуқи, эркинлиги, диний эътиқоди ва қонуний манфаатларидан муҳим қадрият бўлмаган. Мамлакатимизда айнан бу борада кенг кўламли демократик ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда.

Шунингдек, ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан бошланган демократик ислоҳотлар йўлини янада қатъий давом эттиришга қаратилган, бош мезони “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш бўлган “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосидаги Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси эълон қилинди. Ушбу стратегия ҳам юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари энг олий қадрият этиб белгилангани билан аҳамиятлидир. Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган “Инсон қадри учун” деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади.

Таъкидлаш жоизки, “Инсон қадри учун” ғояси ҳамда ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашув Конституциямизнинг мазмун-моҳиятига чуқур сингдирилиб, амалий ҳаётимизнинг бош қадриятга айланиб бораётганлиги бежизга эмас. Шу билан бирга, фуқароларнинг барча эркинликлари қатори виждон эркинлиги, айни диний эътиқод кафолатлари Конституцияда қатъий белгилангандир.

Тарихга назар солар эканмиз, қадимдан турли жамиятларда инсон қадри турли нарсаларга боғлиқ бўлиб келган. Ҳар бир жамият ўз мафкурасидан, дунёқарашидан, инсон зотига муносабатидан келиб чиқиб, уни турлича тақдирлаган. Қайсидир бир жамиятда кучли инсон энг яхши ва энг қадрли ҳисобланган бўлса, бошқа бир жамиятда эса ҳукмдор, амалдор инсон қадрли бўлган. Ҳиндиларда олий дийний табақадан туғилганлар, яҳудийларда яҳудий бўлиб туғилганлар энг яхши одам ҳисобланган ва қолганларга уларнинг малайлари деб қаралган. Баъзи жамиятларда кўп фойда келтирган одам қадрланган ва ҳоказо.

Шу билан бирга одамлар ўйлаб чиқарган инсон қадрининг ўлчовлари ичида турли тузум ва фикрларни умумлаштириб турувчи нарсалар ҳам бўлган. Масалан, кишининг сурати ва мол-мулки. Қадимда одамлар ҳусни-жамоли, кийим-кечаги, туяси, оти, тилла-кумуши, уй-жойига қараб баҳоланган бўлса, энди улар ҳусни-жамоли, қоматининг кўркамлиги, машҳур ширкатлар чиқарган урфдаги кийимларни кийиши, тўлаган пули, минадиган машинаси, қурган уйи, қилган тўйига қараб баҳоланмоқда.

Исломий тарбия эса, ўша иштиёқни меъёрга солиб, тўғри йўлга йўллаб туради. Исломий тарбия бўлмаган жойда бу иштиёқ меъёрдан чиқади, мафкурага айланиб, одамлар ташқи сурати, қўлидаги молу дунёсига қараб қадрланадиган бўлиб қолади. Ислом инсон қадрини бундай ноодил шаклда ўлчашга қадимда ҳам қарши эди, ҳозир ҳам қарши. Ислом назарида ҳусни-жамол ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки ҳаётнинг бир василаси холос.

Исломда инсоннинг қадр-қиммати қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амаллари билан ўлчанади. Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал суратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг солиҳ амали дунёдаги барча молу дунёдан устундир. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақийқий қадрларини топадилар. Ана шунда ҳар бир инсон иложи борича қалбини поклашга, солиҳ амал қилишга интиладиган бўлади. Турли ўткинчи ҳою-хаваслар, молу дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.

Кимнинг ҳиммати охират бўлса, унинг қадрию баҳоси жаннатдир. Охират учун амал қилса, унга жаннат бўлади. Унинг белгиси, унинг ғазабланиши Аллоҳнинг ҳақи учун бўлади, ўзи ва бу дунё учун ғазабланмайди. Кимнинг ҳиммати Аллоҳ бўлса, унинг қиймати Аллоҳ ризосидир. Унинг белгиси шуки, уни ҳеч бир нарса васвасага солмайди, орқага қайтармайди ва қўрқитмайди. Бу ҳақда Пайғамбар (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Умматимнинг яхшилари тез ифода қиладилар. Тез ифода қилишдан мурод нозик нарсаларда тез идрок қилишдир. Кимнинг ҳиммати охират бўлса – унинг баҳоси жаннатдир” (Абу Яъло ва Табаронийнинг Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қилган ривоят).

Аллоҳ таоло инсон зотини барча жонзотлардан афзал қилиб яратган. Ҳатто фаришталарини ҳам ҳазрати Одам алайҳиссаломга таъзим қилишга буюрган. Аллоҳ таоло одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйиш билан бирга, барча мавжудотларни инсон манфаатига хизмат қилдириб қўйган. Қуёш айнан инсонни иситиб, ер юзида ҳаётни таъминлаш учун нур сочса, тунда инсонлар учун ой зиё сочади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик” (Исро сураси 70-оят). Аллоҳ таоло Ўз иродаси ва қудрати ила инсонни ақлли қилиб яратди. Шунинг учун ҳам динимиз ақл ривожи ва тараққиётига катта аҳамият беради. Зеро, Қуръони каримнинг жуда кўп ўринларида  инсонлар ақл юритишга, фикрлашга, назар солиш ва ибрат олишга ундалади. Ислом динига кўра барча инсонлар баробар, бир-бирларига биродардирлар. Улардан бири бошқасидан ҳеч нарсада – на бойликда, на мансабда, на чиройи, на хушбичим гавдаси билан, на жамиятда тутган ўрни билан устун бўла олади. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Ислом динида ҳар қандай инсон Аллоҳнинг бандаси экани учун икром қилинади ва инсонийлиги эътиборга олинади, агарчи у мусулмон бўлмаса ҳам. Абдураҳмон ибн Абу Лайло розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Саҳл ибн Ҳаниф ва Қайс ибн Саъд Қудисияда ўтирганларида олдиларидан тобутни олиб ўтдилар, икковлари ҳам ўринларидан турдилар, шунда бу мусулмоннинг тобути эмаску, нега турдиларинг деб сўралганда, икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларидан тобутни олиб ўтилганда ўрниларидан турдилар, Расулуллоҳдан бу яҳудийнинг жанозаси, яҳудий бўлса ҳам турамизми деб сўралганда Расулуллоҳ (САВ) “Бу инсон эмасми”? - деб жавоб бердилар. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу илоҳий мезонлари ишга солингандагина инсонлар ўзларининг ҳақийқий қадрларини топадилар.

Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг жуда муҳим, айниқса бугунги кунга ниҳоятда кeрак бўлган бир сўзлари бор: “Аллоҳ таоло Қуръон билан ҳал бўлмаган ишларни султон билан ҳал қилади”. Подшоҳ, одил раҳбар шунинг учун кeрак. Масалан, Қуръон ўғрилик қилма дeяпти, аммо одамлар ўғрилик қиляпти, шундай пайтда султон ўғрилик қилганларга жазо бeради, шарий ҳукмни қўллайди, натижада одамлар бу гуноҳдан, бировнинг ҳақидан тийилади.

Аҳли суннат ақидавий йўналишида “Ақидатут-таҳовия”да мавзуга доир қуйидагича матнлар бор: “Имомларимиз, бошлиқларимиз агарча зулм қилсалар-да, уларга қарши чиқишни ҳақ деб ҳисобламаймиз. Улардан бирортасини қарғамаймиз. Уларга бўйсунишдан бош тортмаймиз. Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз. Уларнинг ҳаққига салоҳият, муваффақият ва саломатлик сўраб дуо қиламиз” (Имом Абу Жаъфар ат-Таҳовий). Имом Таҳовийнинг бу жумлалари аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг эътиборли муҳим ҳужжатларидан бўлиб, унда фуқаро ва ҳукумат муносабатларига доир қуйидаги бандлар баён қилинмоқда:

1. Раҳбарга итоат қилиш ва ҳатто зулм қилса ҳам унга қарши қурол кўтариб чиқмаслик;

2. Шариатга зид бўлмаган ҳолатларда раҳбарга итоат Аллоҳ ва Расулуллоҳга итоат каби фарз деб эътиқод қилиш;

3. Ҳукумат раҳбарларига насиҳат қилиш ва яхшилик тилаб дуо қилиш;

Имом Таҳовий роҳиматуллоҳ «Ақидатут-таҳовия”нинг биринчи бандида: Расулуллоҳ (САВ) ва саҳобалари йўли ҳисобланмиш аҳли суннат ақидаси таълимотига кўра, тинч аҳоли томондан қонуний йўл билан сайланган ҳукумат раҳбарига, ҳаттоки у жабр қилса ҳам итоат қилиш, унинг амридан бўйин товламаслик лозим бўлади. Балки, раҳбарга бўйсуниш ақидамизнинг аслий муҳим масалаларидан биридир!;

Иккинчи бандида: Одил подшолар, ҳокимлар ва жамики раҳбарлар мусулмонлар манфаатини кўзлаб сиёсат юргизар экан, манфаат диний бўладими ёки дунёвий булардан қатъий назар, уларга итоат қилиш, буйруқларини Аллоҳ ва расулининг буйруғи каби тан олиш аҳли суннат ақидасига кўра, ислом нуқтаи назаридан фарздир!;

Учинчи бандида: Аҳли суннат ақидавий мазҳабида фуқаро ва раҳбар муносабати билан боғлиқ муҳим масалалардан яна бири бу—раъийятнинг ўз ҳокими, бошлиғи ҳаққига яхшилик тилаб дуо қилиши ва имкон бўлганда унга панд-насиҳат қилиши, ўзи учун хоҳлаган яхшиликни раҳбарига ҳам илинишидир, каби масалалар хусусида тўхталиб, бу борадаги барча далилларга асосланиб «Улар модомики маъсиятга амр қилишмас экан, уларга итоат қилишни Аллоҳга итоат қилиш ўлароқ фарз деб биламиз» - деб таъкидлаган.

Аллохга шукурким, жаннатмакон юртимиз бор, бу диёрда яшовчи халқнинг худо берган тинчлиги-ю, мустақиллиги, дини ва эътиқоди бор. Ва шукурким халқпарвар, миллатпарвар юртбошимиз бор. Миллий қомусимиз конституцияда Виждон эркинлигини кафолатланиши, муҳтарам президентнинг ташаббуслари билан “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон ва “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги янги Қонун ҳамда диний таълимни ривожлантириш борасида бир қатор норматив ҳужжатлар имзоланиши халқимиз учун Аллохнинг инояти бўлди. Мазкур қарорларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари ҳамда илмий мактабларда “Қуръони карим ва тажвид” бўйича ўқув курслари ташкил этилди ва минглаб ватандошларимиз таҳсил олиб келмоқдалар. Шунингдек, юртимизда минглаб масжидлар барпо этилмоқдаки, масжидлар динни ўрганиш, Қуръонни ёдлаш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини таълим олиш учун илм ва зикр мажлислари ташкил этиладиган энг улуғ маскандир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Шаҳарларнинг Аллоҳга энг маҳбуб жойи – масжидларидир. Шаҳарларнинг Аллоҳга ёқимсиз жойи – бозорларидир” деганлар. Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Уларнинг минораларидан муаззинларнинг овозлари янграйди, тавҳид калималари такрорланади. Масжидлар устига фаришталар тушишади, раҳматлар ёғилади, масжид аҳлини сакинат ўраб олади, масжид аҳлининг устига баракалар ёғилади. Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир.

Шундай бўлсада, сайёрамизнинг турли нуқталарида динлараро зиддиятлар, мазҳаблараро қарама-қаршиликлар ҳамон учраётгани, бу ҳол қонли тўқнашувларга сабаб бўлаётгани, бундан тинч аҳоли жабр чекиб, шаҳарлар, давлатлардаги барқарорлик издан чиқаётгани айни ҳақиқат. Инсонларнинг энг муқаддас аъмоли – эътиқодидан фойдаланиб, мафкуравий хуруж уюштириш, дин ниқоби остида манфур ғояларини амалга оширишдан тап тортмайдиганлар, афсуски, доимо пайт пойлайди, содда, ғўр кишиларга, ёшларга тузоқ қўяди. Бундай таҳдидларга қарши огоҳлик ва ҳушёрликни йўқотмаслик, ёшларнинг онги ва қалбини ҳимоялаш – давр талаби. Мамлакатимизда динлараро бағрикенглик нафақат диндорларнинг, балки бутун жамият аъзоларининг эзгулик йўлидаги ҳамкорлигини юзага чиқариб, тинчлик ва барқарорликнинг муҳим шартларидан бирига айланиши зарурдир.  

Шу ўринда айтиш жоизки, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу: “Дунёсини тарк этиб, фақат охирати учун амал қилган одам ҳам ва охиратини тарк этиб фақат дунёси учун амал қилган одам ҳам – сизларнинг яхшиларингиз эмас. Балки унисиниям, бунисиниям ушлаган одам – яхшиларингиздир! Энг жоҳил инсон – охиратини бировнинг дунёси учун сотган кишидир. Аллоҳ хоҳласа, бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради. Унинг даргоҳидаги ажр-мукофотлар таваккул қилганлар учун дунё манфаатларидан устунроқ ва битмас-туганмасдир”, – деб огоҳлантирганлар. Ҳусайин Воиз Кошифий: “Давлат ва жамиятни қонун устуворлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Чунки бусиз дунёнинг муҳим ишларини тартибга солиш вазифасини амалга ошириш мумкин эмас. Тарбия ва жазо ҳақидаги қонунларнинг бўлмаганлиги давлат фаолиятининг бузилишига ва инсон ҳуқуқларининг камситилишига олиб келади”, деган. Абу Наср Фаробий эса: “Қонунсиз жамиятда тартиб ўрнатиб бўлмайди”, деб ҳисоблайди. Мутафаккирнинг фикрича, жамиятда қонун устувор бўлиб, инсон ҳуқуқлари кафолатланмаса, ўзаро бир-бирини қўллаб-қувватлаш тартибга солинмайди. Чунки ҳар ким ўз шахсий манфаатини кўзлаб бошқаларга зарар етказади, ўзаро кураш, бузғунчилик ва зўравонлик каби иллатлар авж олади.

Муҳтарам Президентимиз таъбири билан айтганда: “Ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди”.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, ўндан зиёд диний конфессияга мансуб икки мингдан зиёд диний ташкилотлар фаолият юритиб келмоқдалар. Сўнгги йилларда диний таълим соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижаси улароқ, ислом дининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтиҳор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида сермаҳсул ишлар ташкил этилмоқда. Муҳтарам юртбошимизнинг ташаббуслари билан Самарқандда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этилиш юқоридаги эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини кучайтиришга хизмат қилади.

Мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарор ҳамда уни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низомнинг тасдиқланиши бизлар учун Аллоҳнинг яна бир неъмати бўлди десак муболаға бўлмайди. Натижаси улароқ минглаб ватандошларимиз “Ҳаж” ва “Умра” сафарларига зиёрат қилиб келишлари учун имкон яратилди.

Биз учун яна бир қувончли, ҳаяжонли, тарихий бир ҳодиса – муҳтарам Президент Ш.М.Мирзиёевнинг муборак умра сафарада бўлиб, Равзаи муборакни зиёрат қилиб, Ҳазрати Пайғамбар алайҳиссаломга халқимиз номидан салому саловотлар етказдилар.

Зиёрат давомида давлатимиз раҳбарига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла ҳазратлари, зиёлилар, ҳукумат вакиллари ва маҳаллий мутасаддилар ҳамроҳлик қилдилар.

Мухтасар қилиб айтганда, Ватан сарҳадлари дахлсизлигини таъминлаш, юрт шаъни ва ор-номусини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш шу заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг муқаддас бурчидир. Дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини ҳис этмоғи лозим. Бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг онгу шуури, қалбига жо этиш, уларни огоҳ, хушёр, сезгир ва маънавий уйғоқ инсон сифатида шакллантириб, мустақил, озод ва обод Ватанимизнинг ҳимоячиси этиб тарбиялаш барчамизнинг фахрли ва маъсулиятли вазифамиз ҳисобланади.


Жиззах шаҳар бош имом-хатиби 

Фахриддин домла Шайзақов 


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид