Ёмонликнинг келиб чиқиш сабаби

Ёмонликнинг келиб чиқиш сабаби

imon.uz 18-01-2020 562

Аллоҳ таоло инсонга хоҳиш-ихтиёр берди ва дунё ҳаётида яшаш йўл йўриқларни кўрсатди. Инсон ихтиёри ўзида, агар хоҳласа Аллоҳнинг кўрсатмасига мувофиқ яшайди, хоҳласа унга хилоф ҳаёт кечиради. Лекин инсон истак, хохишларини Аллоҳ белгилаб берган йўлга мувофиқ бажармаслиги ўзини ёмонликка гирифтор қилишига сабаб бўлади. 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: 

“Ёмонлик Сендан эмас”, деганлар. (Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар ривоят қилишган).

Аллоҳдан бандага ёмонлик етмайди, балки банда амалини нотўғри бажаришидан ва Аллоҳнинг йўриғидан чиқишидан ҳосил бўлади. 

Масалан шакар ҳам туз ҳам инсонга муҳим, фойдали озуқа, лекин булардан тўғри файдаланмасдан, иккисини аралаштириб юбориш ёмонликни олиб келади.

Ёки маст ҳолда бошқариш оқибатида чуқурликка ағнаб,  юзлаб тошларга урулганидан ғалати аҳволга тушган янги автамабилни шаклини заводда шундай ишлаб чиқарилган дея олмаймиз. Бу шакл заводда бўганми? Бу шаклни заводи борми ўзи? Бунақа завод ер юзида топилмайди. 

Агар шакар билан тузни аралаштирилмасдан ёки автамабилни маст ҳолатда бошқарилмасдан Аллоҳнинг кўрсатмасига риоя қилганимизда бизга бирор ёмонлик, мусибат етмас эди. 

Ер юзидаги одам болаларига, қиёматгача келадиган мусибат, Аллоҳнинг кўрсатмасидан чиқишлари оқибатида юз беради.

Аллоҳ таолонинг йўриқларини четлаб, бошқа йўлга юриш оқибатида қилинган ёки Аллоҳ таоло амрига мувофиқ қилинмаган ҳар бир амал Аллоҳ таоло Аъроф сурасининг 85-оятида:

«Ва ер юзида унинг ислоҳидан кейин бузғунчилик қилманг», деганидек бузғунчиликдир.

Бундай амалларни қилиш мўминларга хос эмас. Улар дунё ҳаётида фақат Аллоҳнинг амрига амал қилиб яшашлари лозим. Бу энг аввал ўзлари учун манфаат ва яхшиликлар келтиради ҳамда мусибатларни олдини олган бўлади.

Ҳамма нарсани билувчи Аллоҳ ҳар бир жонни-инсонни ҳам нимага ярайдию нимага ярамаслигини яхши билади. Бандаларига меҳрибонлигидан имкони ва ҳаққи бўлса ҳам, ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди. Аллоҳ таоло “Бақара” сурасининг 286-оятида:

«Аллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмас. Фойдаси ҳам ўз касбидан, зарари ҳам ўз касбидан», деб марҳамат қилган.

Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқлари банданинг имкони даражаси доирасида бўлади. Ана ўша таклифга амал қилишига қараб, банданинг жазоси ёки мукофоти белгиланади. 

Охиратда ошна-оғайничилик, воситачилик, нас¬ли-насабига қараш ёки бошқа имтиёзлар ўтмайди. Ҳар бир шахс ўзи учун ўзи жавоб беради. Шундай экан, ҳар бир банда иймон-ихлос билан Аллоҳнинг амрини бажариши ва доимо Аллоҳнинг кўрсатмаларидан бошқа томонга оғмаслиги лозим. 

Аллоҳнинг кўрсатмасидан чиқишнинг сабаби эса Аллоҳнинг буйруқларига эътиборсизлик ва ақлни ишлатмаслик, жоҳилликдан юзага келади. Жоҳиллик, ақлни ишлатмаслик инсоннинг ашаддий душмани, у инсонга душмани қодир бўлмайдиган ёмонликларни етказишга қодир. Ҳатто дўзах аҳлининг дўзахга тушишларига ҳам жоҳилликлари сабаб бўлади. Аллоҳ таоло:

“Ва улар: “Агар эътибор қўлоғи билан эшитганимизда ёки ақлни ишлатганимизда эди, дўзахийлар орасида бўлмаган бўлар эдик”, дерлар”, деган (Мулк сураси 10-оят). 

Аллоҳ таолонинг услуби ва инсонларнинг фитрати ўртасида юз фоиз муофиқлик бор, қайси инсон Роббисига осий бўлса, унинг ҳаётида машаққат, ғам-қайғу кетма-кет пайдо бўлади. Аллоҳ таоло “Тоҳа” сурасини 124-оятида: 

“Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш (қабр азоби) бўлиши муқаррар”, деган.

Демак инсон Роббисига осий бўлсин ёки фитратидан чиқсин барибир ўша ўринда ҳаётида катта, катта машаққат, мусибат ва ёмонликларга йўлиқади.

Шундай экан дунё ҳаётимизда Аллоҳнинг шариъатида собит қадам бўлсак, ўзимизга ёмонликлар келишини олдини олган ва охиратда бунинг мукофатига сазовар бўламиз, акс ҳолда дунёда ҳам, охиратда ҳам ўзимизга кўпдан кўп машаққатлар, ёмонликлар, мусибатлар келишининг сабабчиси бўлиб қолишимиз мумкин. 


Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

 Жиззах вилоят вакиллиги матбуот 

котиби Усмонали ОРАЛОВ 


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид