Жаннатдаги қўшним...

Жаннатдаги қўшним...

imon.uz 2022-09-15 12:05:49 453

Кунларнинг бирида мамлакат ҳукмдори тунда шаҳар айлангани чиқди. Таниб қолмасликлари учун қиёфасини ўзгартирди. Ёнига хизматкорини ҳам олди. У халқ ўзи ҳақида нималарни ўйлашини билмоқчи эди.

Қаҳратон қиш. Совуқ ҳар ерни ўз заҳмига олган. Йўли бир масжид ёнидан тушди. Икки йўқсил бурчакка тиқилганча совуқдан қалтираб ўтиришарди. Борадиган жойлари йўқ эди. Уларнинг нима ҳақида гаплашаётганлигига қизиққан шоҳ ёнларига суқилди. Фақирлардан сал ҳазилкашроғи совуқдан нолирди:

– Эртага жаннатга тушганимизда, подшоҳимизни у ерга сиғиштирмайман! Жаннатнинг деворига яқинлашганини кўрсам, ковушимни ечиб бошига ураман.

Наригиси ҳайратланиб сўради:

 – Нима учун?

– Албатта сиғиштирмайман-да. Биз бу ерда совуқда музласак-да, у кишим саройда маза қилиб яшасинлар, бизнинг ҳолимиздан хабар олмасинлар. Кейин эса жаннатда менга қўшни бўлсинларми? Мен унақа қўшнини истамайман, дўстим, – деди. Кулишдилар.

Подшоҳ хизматкорига:

 – Бу масжид ва одамларни унутма! – деди. Саройга келибоқ масжидга мулозимларини юборди. Икки фақирни саройга келтирдилар. Бечоралар бошларига нималар келишини ўйлаб ваҳимада титраб-қалтираб кириб келдилар. Уларни партўшакли катта бир хонага олиб киришди:

– Бу ерда истаганингизча еб-ичиб ётасизлар ҳамда ҳукмдоримиз ҳақларига хайрли дуолар қиласизлар, жаннатда сизга қўшни бўлишига қарши бўлмайсизлар, – дедилар.

 Ҳукмдор қанчалик гўзал қалб соҳиби экан, шундай эмасми? Шу ўринда Оламларга раҳмат пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўқсилларга ёрдам қилган кишилар ҳақидаги ушбу муборак гапларини эсламоқни жоиз деб топдик.

«Бир мўминни дунё дардларидан қутқарганни Аллоҳ таоло охират дардларидан қутқаради».

 

Турк тилидан Фатима Алий таржимаси

Миролим Мансур Тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид