130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Фориш туманида “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият ташаббускорлари” ташаббуси доирасида намунавий-амалий тадбир ўтказилди
Mimon.uz 2026-01-10 01:17:31 622026 йил 10 январ куни Жиззах вилояти Фориш туманида имом-хатиблар фаолиятини янада самарали ташкил этиш, маҳаллаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда оилалар ўртасида тотувликни таъминлаш мақсадида навбатдаги намунавий-амалий тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбир Комплекс “Янги Ўзбекистоннинг тинчлик ва маънавият ташаббускорлари” ташаббуси асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ҳамкорлигида ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Ботирхон домла Рўзиев бошчилик қилиб, туманлар бош имом-хатиблари ва тажрибали имом-хатиблардан иборат Ишчи гуруҳ фаолият олиб борди.
Ишчи гуруҳ аъзолари маҳаллаларда муаммоли деб белгиланган хонадонларга ташриф буюриб, фуқароларнинг ҳол-аҳволи билан яқиндан танишдилар. Суҳбатлар давомида оилаларни қийнаб келаётган муаммолар ўрганилиб, уларга маънавий-маърифий тушунтиришлар, ҳаётий мисоллар асосида насиҳат ва амалий тавсиялар берилди.
Хусусан, эр-хотин, ака-ука, ота-бола, қайнона-келин ўртасидаги келишмовчиликлар сабабли нотинч бўлиб турган оилалар ҳолати чуқур таҳлил қилиниб, жанжалларни бартараф этиш ва аразлашганларни яраштириш чоралари кўрилди. Қатор хонадонларда мавжуд келишмовчиликлар ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, маънавий ва руҳий қўллаб-қувватлашга муҳтож бўлган фуқаролар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилиб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди. Руҳий барқарорлик, сабр-тоқат, ўзаро ҳурмат ва оилавий масъулият масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган, касалманд ва эҳтиёжманд фуқаролар, шунингдек, табаррук ёшдаги қариялар яшайдиган хонадонларга ҳам ташриф буюрилиб, улардан ҳол-аҳвол сўралди ҳамда маънавий кўмак кўрсатилди.
Тадбир якунида амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, имом-хатибларнинг маънавий-маърифий фаолияти ҳамда масжид бошқаруви билан боғлиқ ишларини янада такомиллаштириш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Мазкур тадбир маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ҳамда имом-хатиблар фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.









