«Тоқчилик» жоме масжидига тамал тоши қўйилди

«Тоқчилик» жоме масжидига тамал тоши қўйилди

imon.uz 26-09-2022 316

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Жиззах вилояти вакиллиги бош имом-хатиби Меҳмонали Жабборов ҳазратлари Ш.Рашидов туманида жойлашган “Тоқчилик” жоме масжидининг янги биноси пойдеворига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этдиб тамал тошни қўйиб бердилар. Масжид қурилишига моддий ва маънавий ёрдам бераётган барча инсонларнинг ҳақига дуо хайрлар қилдилар.

Меҳмонали Жабборов ҳазратлари масжид лойиҳаси билан танишиш асносида Аллоҳнинг уйи бўлган масжид қуришнинг савоби улуғ экани ҳақида сўзлаб бердилар. Дарҳақиқат, Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят).

Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам масжид қуриш ва уни обод қилиш борасида кўплаб тарғиблар келган. Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом шундай дедилар: “Ким Аллоҳ учун бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда шунинг мислича уй бунёд қилади” (Муттафақун алайҳ).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”. Масжид қуриш ва уни обод этиш мана шундай улуғ савобли амал эканини чин қалбидан ҳис этган мухлис халқимиз масжидлар биносини янгидан барпо этиш ишларида фаол иштирок этмоқдалар. Ушбу жоме масжидлар ҳам тез кунларда қайтадан бунёд этилиб, халқимизга туҳфа этилишини Ҳақ таолодан сўраб дуо қилдилар.  


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид