Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, У зот ювилган сув қаерга кетган?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, У зот ювилган сув қаерга кетган?

imon.uz 13-02-2019 5734

Бугун улуғ олим, шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳақидаги ибратли бир қиссани эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Кунлардан бир куни дин шайхлари ва уламоларидан бири бошчилигида бир ҳафталик исломий анжуман уюштирилди.

Бу конференцияга шайх Шаъровий ҳам таклиф қилиндилар. Шайх Шаъровий таклифга биноан анжуманга ташриф буюриб, унинг биринчи мажлисига ҳозир бўлдилар. Анжуман бошланди. Шайх Шаъровий мажлис ҳайъатидан жой олдилар. Анжуманга раислик қилаётган киши ўзини илму маърифатда барчадан устун даражада дея мағрурланар ва бу билан ҳузурланар эди.

Мажлис асносида бунга гувоҳ бўлган имом Шаъровий изн сўраб, минбарга чиқдилар ва «Сизларга бир савол бераман:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида У зот ювилган сув қаерга кетган?» дедилар.

Мажлис аҳли кутилмаган саволдан ҳангу манг бўлиб қолди. Ҳеч кимдан садо чиқмади. Барча жим, ҳеч ким гапирмайди. 

Анжуман раиси ҳижолат ва саросимада қолди. «Наҳотки мен бу саволнинг жавобини билмайман?» ўйларди у. Ниҳоят, раис шайх Шаъровийга: «Бизга фурсат беринг, инша Аллоҳ, эртанги мажлисгача саволингизга жавоб топармиз» деб, бу ҳолатдан чиқди.

Мажлисга раислик қилган киши тўғри уйига борди-ю, кутубхонасига кириб, бу мушкул саволга жавоб қидира кетди. Бироқ, ҳарчанд қидирмасин, китоб титмасин, ҳеч нарса топа олмади. Ҳамма китобларини бирма-бир варақлаб чиқди, лекин бу саволга жавоб топа олмади. Ниҳоят чарчаб, варақлаб ўтирган китобининг устида ухлаб қолди.

Бир пайт тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига келдилар. У зотнинг ёнларида фонус кўтарган бир киши бор эди.

Раис дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб: «Эй Аллоҳнинг Расули, сиз ювилган сув қаерга кетган?» деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида фонус кўтариб турган кишига ишора қилдилар. Фонус кўтарган киши шундай деди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сув буғланиб, осмонга кўтарилган. Сўнг ёмғир бўлиб ерга ёққан. Бу ёмғирнинг ҳар бир қатраси ўрнида масжид бино қилинган». Маълум бўлишича, ер юзининг қаерида бўлмасин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сувнинг ҳар бир қатраси тушган жойда бир масжид бино қилинган экан.

Анжуман раиси уйқусидан бахтиёр ҳолда уйғонди. Энди у анжуманга ёруғ юз билан бора оладиган жавобни топган эди. У шоша-пиша анжуманга етиб бориб, шайх Шаъровийнинг оғзига термулиб, кечаги саволнинг жавобини сўрашларини кутди.

Лекин шайх ҳеч нарса бўлмагандек, мажлис ҳайъатида виқор билан ўтирардилар. Раиснинг ичи пишиб, бир амаллаб мажлиснинг охиригача чидади. Ниҳоят, тоқати тоқ бўлиб, имомга деди:

– Кеча бир савол сўраган эдингиз, жавобиини айтайми?

– Жавобини билдингми? – сўрадилар имом Шаъровий.

– Ҳа, – деди раис.

– Хўш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сув қаерга кетган экан?

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ювилган сув буғланиб, осмонга кўтарилган экан. Сўнг ерга ёмғир бўлиб ёққан экан. Ўша ёмғирнинг ҳар қатраси ўрнида бир масжид бино бўлган экан, – деди раис.

– Жавобни қандай қилиб билдинг? – сўрадилар имом.

– Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга келдилар, У зотдан сўрадим.

– Лекин жавобни сенга фонус кўтарган киши айтди-ку? – дедилар кулимсираб имом Шаъровий.

Раис саросима ва ҳайратдан бир зум ҳайкалдек қотиб қолди. Сўнг ўзига келиб, беихтиёр «Буни қандай билдингиз?» деди. Шунда Шаъровий ҳаммани чексиз ҳайратда қолдириб, «Фонус кўтарган мен эдим!» дедилар…

Бу қиссани ўша анжуман раисининг ўзи ҳикоя қилиб берган.

Роббим, гуноҳларим ҳар қанча улуғ бўлса ҳам, афвинг улуғроқ эканлигини билдим.

Одинахон Муҳаммад Содиқ


Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид