МАҚОЛА ЁЗИШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМА (давоми)

МАҚОЛА ЁЗИШ БЎЙИЧА ҚЎЛЛАНМА (давоми)

imon.uz 05-07-2020 6325

Имомлар – ватанпарвар бўлиши лозим

2 – дарс

       Дунёда содир бўлиб турган воқеалардан хабар топган кишида хабарларни таҳлил қилиш жараёнида тафаккур туғилади. Оммавий ахборот воситаларидан хабардор бўлиб, тезкор мутолаа қилиш, айниқса замонавий ахборот воситаси бўлган, рухсат этилган интернет сайтлари хабарларини ўрганиб бориш имом домлаларга заруратдир. Бу иш уларнинг фикрини чархлайди, хушёр бўлишга ундайди.

 

         Маънавият инсониятни яхшиликка бошлаши керак, аммо муқаддас маънавиятни ёвузликга йўналтирувчи қуролга айлантирмоқчи бўлган ва бунга тезкор интернет имкониятларидан фойдаланиш орқали эришаётган кучлар ҳам топилади. Бугунги кунда «ахборот уриши», «ахборот ҳужуми» , каби атамалар пайдо бўлаётганлиги, жахондаги уруш ва вайронакорликлар айнан «ЁВУЗ ФИТНАЛАР» асосида содир этилаётганлиги сир эмас. Ҳозирда ҳар бир инсон маълум манфаатларга йўналтирилган, холис бўлмаган, нотўғри ахборотлар ҳужумидан ўз онгини сақлаши лозим. Айниқса, имом хатиблар бу борада хушёрлик ва холислик кўрсатишлари даркор. Чунки, имомлар нафақат ахборотни қабул қиладилар балки ўзлари ишончли хабарлар тарқатувчи эътиборли кишилардир. Демак, долзарблик мавзуси имомлар учун доимо зарурат ва масъулият даражасида бўлиб туради.

 

         Ҳозирда имомларимиздан нафақат ОАВларда балки, тезкор интернет саҳифаларида ҳам ўзларининг илмий, самимий, ҳаққоний сўзни ифода этган мақолалари билан иштирок этишлари лозим. Улардан фидойи ва пешқадам бўлишлари талаб этилади. Зеро, инсониятга зарар етказиш борасида маънавият полигонлари атом полигонларидан хавфлироқ бўлган замонда яшаяпмиз.

 

      Атроф ўлкалардаги нотинчликлар, хунрезликлар, норасида гўдакларнинг хор — зор бўлишликлари айнан маънавият бой берилганда содир бўлмоқда. Бу замон талаби, бу огоҳлик ва илмий — маънавий фидойиликни талаб этувчи фактор. Ёвузлик маънавий қашшоқликдан туғилар экан имом хатиблар хар бир ватанпарвар фуқаро сингари хушёр ва фидойи бўлиши лозим, Унинг мудроқ яшашга , ғафлатда қолишга хаққи йўқ.


3 — дарс

 

МАЪНАВИЯТ ВА МУТОЛАА

 

      Мунтазам равишда ОАВларини, яъни даврий нашр, телевидение, радио ва тезкор интернет саҳифаларини кузатиб, эшитиб, мутолаа қилиб бориш орқали замонавий инсон маънавияти шаклланмоқда десак хато бўлмаса керак.

 

    Зеро инсон ўз хаётини атрофидаги содир бўлаётган воқеалар, унда иштирок этаётган инсонларнинг хатти харакатларига муносабат билдириш билан белгилайди. Ўзаро инсоний муомалотлар сўз орали мулоқот тарзида амалга оширилади. Ўз мақсадини гўзал иборалар орқали ифода этиб, мақсадга эришиш инсоннинг на қадар илмли ва маданиятли эканлигини ошкор этади. Ушбу инсонийлик даражаси аввало одам фарзандининг энг яқинлари бўлмиш оила аъзолари доирасида шаклланади. Бирон хавф туғилганда огоҳликга ёки ёрдамга ўз оила аъзоларини чақиради. Шу ўринда оила муҳити, масъулияти ва ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим.

 

   Оила бошлиғи бўлган ота ва она масъулияти муҳим аҳамиятга эга. Ота — она ўз фарзандларининг моддий таъминоти ҳақида қайғурсаю, маънавий тарбияси билан жиддий шуғулланмаса жуда катта хатога йўл қўяди. Ҳаёт ё мамотимиз асоси бўлган тарбия — меҳрибонлик, сўз ва намуна билан фарзандларга узатилади. Оилада самимий мулоқот билан бериладиган тарбия — ота-она зиммасидан ҳеч қачон соқит бўлмайдиган, узр айтиб қутула олмайдиган мажбуриятдир.

 

       Имом хатиб ҳам ўз қавми хузурида тарбия ва намуна борасида оила бошлиғи каби масъулият эгаси десак хато бўлмаса керак. У ўз сўзи ва қатъий мулоҳазаси билан барча масжид аъзоларидан олдинда юриши, уларнинг диний, маънавий, сиёсий соҳа борасида берган саволларига тез ва асосли жавоб бера олиши лозим. Айнан шу сифатларга эга бўлиш учун хар бир имомдан ОАВларида ўз мақолалари, чиқишлари билан фаол бўлиши талаб этилади. Имом хатибнинг бу фаолияти албатта унинг обрўсини ва жамиятдаги муносиб ўрнини белгилаб беради.

 

4 – дарс

 

МАЪНАВИЯТ ва СЎЗ ҳақида

 

         Сўз мулкининг султони Мавлоно Алишер Навоий СЎЗ тўғрисида «…Сўз жон бўлиб, руҳ унинг қолипидир. Танида руҳи бор одам унга эҳтиёж сезади….Сўз ўлган одамнинг танасига пок руҳ бағишлайди. Сўздан тандаги тирик руҳ ҳалок бўлиши мумкин…» ( Ҳайратул — Аброр, 14 фасл), демишлар. Маънавият дарғалари бўлмиш ул зотлар инсонларни сўз ёрдамида яхшилик сари бошлаганлар. Улар шарофатидан подшоҳликлар тинч, юрт обод, халқ маъмур ва масрур яшар эдилар. Уларнинг ниятлари соф, мақсадлари илоҳий ризолик, умидлари юксак даража эди.

 

       “Амаллар ниятга боғлик”, — дейилганидек ушбу зотлар каби аввало ниятни тўғирлаш керак. Яъни фидойиликдан мақсад ватан, эл манфаати бўлиши керак. Афсуски, хозирда илм ва маърифатни, ахборот воситаларини ўзларининг ёвуз мақсадлари учун қурол қилишиб, кўплаб инсонларни, айниқса ёшларни адаштираётган тўдалар мавжуд. Ёвузликлари дунёвий манфаатларга йўналтирилган бўлиб, мақсадларига етиш учун инсонларнинг диний, миллий қадриятларини, маънавий меросларини, хатто йўлларига тўсиқ бўлган одамларни босиб, янчиб, йўққа чиқаришлари ҳеч гап эмас. Улар интернетнинг тезкор имкониятидан ўз машъум мақсадлари йўлида унумли фойдаланмоқдалар. Маънавият улар учун мақсадли қуролга айлантирилди.

 

       Имом мавзуга мана шу нуқтадан танқидий ёндошиши керак. Устоз Айдарбек Тулепов: «Дунёга рамз солсак, айрим мамлакатларда фитналар сабаб ибодат қилиш у ёқда турсин, оддий кун кечишининг ўзи муаммо бўлиб қолмоқда . Ҳатто ибодат пайтида ҳам бузғунчилар томонидан одамлар портлатиб юборилмоқда. Мусулмон одам икки дунёда бундай қабиҳликларга қўл урмайди. Демак, учинчи бир манфаатдор томон, кўзга кўринмас тўда борки, манқуртга айланган гумроҳ кимсаларни бошқариб турибди….» (Ҳидоят, 2016 йил,7-сон) деб ёзганларидек имом танлаган мақола мавзуси одамларни муҳим муаммога жалб эта олиши, аниқ фактлар ва илмий асосларга суянган ҳолда ечимини топиб бериши керак.

 

(Давоми бор…)

 

Абдумутал ОТАБОЕВ

ЎМИ Жиззах вилоят вакили ўринбосари

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид