Аллоҳ сизни яхши кўришининг етти аломати

Аллоҳ сизни яхши кўришининг етти аломати

imon.uz 2022-10-14 01:45:16 428

1. Сизни ўзининг тоатига муваффақ қилиши.

Агар сиз тоат ибодатларни осон бажариб, гуноҳ қилишга қийналсангиз, билингки, Аллоҳ сизни яхши кўргани учун Ўз тоатига муносиб кўрибди.

2. Яхшиликларни қилишингизга ёрдам бериши. 

Агар Аллоҳ таоло сизни яхши кўриб қолса, бандаларига яхшилик қилишга сизни йўллаб қўяди ва одамларга ёрдам берсин деб, уларни сиз томон юборади.

3. Сизни динининг хизматига йўллаб қўйиши.

Агар Аллоҳ таоло сизни яхши кўриб қолса, динининг хизматчиси қилиб қўяди. Аллоҳнинг наздида мақомингиз қай даражада эканини билмоқчи бўлсангиз, сизни қаерга қўйиб қўйганига назар солинг. Шунда сиз, одамлар учун яхши намунамисиз ёки ёмон андозамисиз.

4. Тақво қилишингиз учун сизга ёрдам беради. 

Маълумки, тақво Аллоҳдан қўрқиш, Унинг айтганини қилиб қайтарганидан қайтишдир. Агар ўзингизни Аллоҳдан қўрқаётганингизни ҳис қилиб, гуноҳга қўл урмаётган бўлсангиз билингки, У зот сизни яхши кўради.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

إِنَّ اللّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَواْ وَّالَّذِينَ هُم مُّحْسِنُونَ

«Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир» (Наҳл сураси 128-оят).

Аллоҳ ким билан бўлса, ўша икки дунёда ҳам ютади. Унга турли ҳийлагарларнинг макри таъсир этмайди. Шунинг учун тақводан ҳам, яхши ва гўзал ишлар қилишдан ҳам қолма.

5. Агар Аллоҳ таоло сиздан дунёни тўсиб қўйган бўлса ва бошингизга кўп синовлар юбораётган бўлса, билингки, сиз Унинг ҳузурида азиз экансиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўмин ва мўминага жонига, боласига, молига синов келаверади, ҳатто у Аллоҳ таолога хатоси қолмаган ҳолда йўлиқади».

Ушбу ҳадисни Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан саҳиҳ ҳадис деганлар.

6. Тавбада собит қилиб қўйиши.

Агар Аллоҳ таоло сизни яхши кўрса, хато қилган заҳотингиз тавбаю истиғфорга йўллаб қўяди. Шундай экан, тавбада ҳам, истиғфорда ҳам бардавом бўлинг.

7. Аллоҳ таоло сизни мусибатга учратиб синовлар бераётган вақтда сабр қилаётганингзни жуда яхши билувчи Зот.

Агар шу синовлардан матонат билан ўтсангиз, сабрингизнинг мукофоти сиз ўйламаган даражада улкан бўлади.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

قُلْ يَا عِبَادِ الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا رَبَّكُمْ لِلَّذِينَ أَحْسَنُوا فِي هَذِهِ الدُّنْيَا حَسَنَةٌ وَأَرْضُ اللَّهِ وَاسِعَةٌ إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُم بِغَيْرِ حِسَابٍ

 

«(Менинг номимдан) айт: «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур». (Зумар сураси, 10-оят).

Мўмин кишининг иймони унинг тақводор бўлишини тақозо этади. Мўминнинг тақвосиз бўлиши тасаввурга сиғмайди. Чунки иймон билан тақво бир-бирига боғлиқдир. Иймон ҳам, тақво ҳам инсоннинг қалбида бўлади. Иймон Аллоҳга ишониш ва Унинг айтганига юришдир. Тақво эса доимо Аллоҳни ҳис қилиб туриш ва Унинг амрларини бажаришдир.

«Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг».

Ана шундагина асл мақсадга эришасиз. Чунки

«Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бордир».

Бу дунёда яхши амални иймон ва тақвосиз қилиб бўлмайди. Фақат Роббига тақво қилган мўмин бандагина яхши амал қилиши мумкин. Бу дунёда яхши амал этганларга икки дунёда гўзал мукофотлар бордир.

Шунинг учун, доимо иймон келтириб, тақводор бўлиб, яхши амал қилишга интилинг.

«Аллоҳнинг ери кенгдир».

Уламоларимиз бу ояти карима Жаъфар ибн Абу Толиб ва унинг шериклари Ҳабашистонга ҳижратни қасд қилганларида, уларни қизиқтир иш учун нозил бўлганини айтадилар.

«Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур».

Баъзи уламоларимиз ушбу жумлани, сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда, ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади, деб таъвил қилганлар.

Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид