Баъзи аёлларнинг бугунги кундаги аҳволи

Баъзи аёлларнинг бугунги кундаги аҳволи

imon.uz 2022-10-14 01:32:53 149

Бугун баъзи аёллар уйларидаги оила сирларини кўчага олиб чиқяптилар. Номаҳрам эркаклар билан ижтимоий тармоқларда ёзишиб, эри, оиласи ҳақида шикоят қиляптилар.

Азиз аёллар, ижтимоий тармоқларни шахсий сирларингизни эълон қиладиган майдонга айлантириб олманг. Бахт-саодат ичра яшаётган бўлсангиз буни ҳаммага эълон қилишингиз шарт эмас. Қанча-қанча неъматларга эришган инсонлар борки, одамларга айтавергач, Аллоҳнинг изни билан ўша одамлардан баъзисининг кўзи тегиб, неъматдан маҳрум бўлган. Йўқотилган қанча неъматлар бор, бошга тушган қанча азоблар бор, фош бўлган қанча сирлар бор, юз берган мусибатлар бор, буларнинг кўпига, Аллоҳнинг изни билан ижтимоий тармоқда эълон қилиш, мақтаниш кабилар сабаб бўлган.

Аёл киши ижтимоий тармоқга пост қўйганда, баъзида бирорта аёлнинг ёки ўзининг расмини бирга жойлайди. Гоҳида аёл эри уни қадрламаётганига ишора қилувчи пост қўяди. Шундай постларга ёзилган изоҳлар орасида айримлар томонидан гўё «юпатиш учун» «эрингиз сиздек аёлнинг қадрига етмабди», «гўзалсиз», «ойсиз», «нозиксиз» каби аёлнинг туйғуларига таъсир қилувчи ўлдим-куйдим туркумидаги изоҳлар ҳам қолдирилади. Аёл бундай изоҳларни ўқиганда, оиламни боқаман деб эртадан кечгача меҳнат қилиб, чарчаб, тўшакда ётган ўзининг эрига қарайди.

Баъзи аёллар эри билан яшаётган воқеликдаги, ширин сўзлар эшитмайдиган ҳаётини ўшандай «кўз қисиш» қабилидаги изоҳлар билан солиштиради. Бу солиштириш оқибатида аёл эрига гап қайтарадиган, айтганини қилмайдиган бўлиб қолиши мумкин. Бундай ҳолат, оилаларнинг тотувлигига путур етказиши эҳтимоли бор.

Опа-сингиллар! Постингизга ёзиладиган қочирим, зимдан гап сотиш бўлган, ўлдим-куйдим, мақтов, тилёғламалик мазмунидаги изоҳларга алданманг! Виртуал оламдаги севги изҳорларию мақтовлар сизнинг нафсингизни йўлдан уришига ва оилангизнинг тотувлигига раҳна солишига йўл қўйманг! Эрингизга хиёнат қилиб қўйишдан Аллоҳ таолодан паноҳ сўранг, фарзандларингиз борасида Аллоҳ таолодан қўрқинг!

Азиз аёллар, ўзингиз қўлингиздаги телефонингиз орқали оилангизни барбод бўлишига, уйингизнинг вайрон бўлишига сабабчи бўлманг!

Ким турмуш ўртоғини севмоқчи бўлса, уйида муҳаббат қўяверсин.

Ким турмуш ўртоғига ташаккур айтмоқчи бўлса, ўз уйида айтсин.

Ким турмуш ўртоғинини мақтаб ғазал битмоқчи бўлса, уйида битсин.

Ким турмуш ўртоғига таом пишириб бермоқчи бўлса, уйида пишириб берсин.

Ким турмуш ўртоғига итоат қилмоқчи бўлса, индамай итоат қилаверсин.

Facebook, tеlеgrаm, instagram, youtube каби ижтимоий саҳифалар омма фойдаланадиган майдон, шахсий маълумотларни улашадиган жой эмас.

Аллоҳ таоло барчамизни зинога олиб борадиган йўлдан сақласин, шахсий сирларимизни фош қилишимиздан паноҳ берсин!

Арабчадан Нозимжон Ҳошимжон таржимаси

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид