Ҳалол луқма

Ҳалол луқма

imon.uz 2023-02-24 01:21:06 394

Муҳаммад Тақий Усмоний ҳафизаҳуллоҳ шундай деган эканлар:  
«Падари бузрукворим Муҳаммад Шафиъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ вафот қилдилар. Тумонат одам йиғилиб кетди. Жанозага тайёргарлик кўрилаётган эди, отамни қадрдон дўсти, менинг устозим, мавлоно доктор Абдулҳай Орифий қуддуса сирруҳу етиб келдилар. У киши жуда кексайиб қолган эдилар, қийналиб келибдилар. Ҳам қаричилик, ҳам отамнинг вафотлари у кишига қаттиқ таъсир қилган эди.

Падари бузрукворим Муҳаммад Шафиъ Усмоний роҳимаҳуллоҳ доим ёнларида ҳамийра деган, шакар қўшиб тайёрланган, одамга қувват берадиган бир дори олиб юрардилар. Кекса, касалманд одамга берай, бироз бўлса ҳам қувват бўлсин деб, отамдан қолган ўша дорини олиб чиқиб, устозим Абдулҳай Орифийга бердик. Бироқ, у зот дорини қўлларига олдилар-да, «Болам, энди бу нарсанинг эгалари рози бўлмагунча уни истеъмол қилиш менга ножоиз. Бу дори отангиздан қолди, энди меросхўрларнинг мулки бўлди», дедилар. Мен: «Ҳазрат, отамнинг ҳамма меросхўрлари балогатга етган, ҳаммаси шу ерда ҳозир. Ҳаммамиз розимиз, буни истеъмол қилиб, қувватланиб олинг», дедим. Шундан кейингина у зот доридан ичдилар».

Мана, азизлар, ҳақиқий уламоларнинг бировнинг ҳаққидан қанчалик қўрқишларига бир мисол. Ўзига зарур бўлиб турган дорини ичишдан олдин, эгалари рози бўлишини билса ҳам, бировнинг ҳаққидан парҳез қиляпти, шу кичкина амал билан, аммо улкан ибрат билан шариатнинг битта илмини баён қилиб беряптилар устоз.  
Нима учун Аллоҳни таниган, шариатнинг илмини билган одамлар бировнинг ҳаққидан шу қадар қўрқадилар? Чунки ҳаром нарса танага кирса, қирқ кунгача таъсир қилиши, қирқ кунгача ибодатларимиз қабул бўлмаслиги мумкин.

Аслида ҳақиқий тақводор зотлар, луқманинг ҳалол бўлишига қаттиқ эътибор берадиган биродарларимиз нафақат ҳаромлиги очиқ-ойдин кўриниб турган нарсани, ҳатто бунга бироз шубҳа бўлган нарсалардан ҳам эҳтиёт бўладилар. Масалан, гўшти ҳалол бўлган, аммо нопок нарса еган жониворларни сўйишдан олдин ҳам уларни алоҳида сақлаб, покиза озуқа бериб боқишади. Фиқҳда бундай ҳайвонлар жаллола дейилади. Баъзи уламолар фақат нажосат еб ўсган ҳайвонни жаллола дейишган, баъзилар эса гўштидан ўша нажосатнинг ҳиди ёки таъми келиб турсагина жаллола деб ҳукм қилишган. Масалан, товуқ нажосат, гўнг еган бўлиши мумкин. Ҳозир баъзилар паррандаларни кушхоналарнинг чиқиндиси билан боқар экан.

Ана шундай ҳайвонларни сўйишдан олдин покиза озуқа бериб, маълум муддат боқилади. Масалан, туя бўлса, 40 кунгача сақланади дейилган, қора моллар 30 кун, қўй-эчкилар 10 кунгача алоҳида боқилади. Ҳайвонлардаки шундай бўлса, демак инсонда ҳам шундай. Шунинг учун луқмага жиддий эътибор қилишимиз керак, биродарлар. Фарзандларни боқиш вазифам экан деб, кўчадан топганимизни олиб келиб, едираверишдан сақланмоғимиз керак. Ризқимизнинг, фарзандимизга едираётган луқмамизнинг қаердан келаётганига эътибор бермас эканмиз, Аллоҳ сақласин, Парвардигор Роббил изза ҳам бизнинг дўзахнинг қайси эшигидан киришимизга эътибор қилмайди.  
Бу дунё ҳаётини ғанимат билиб, биринчи ўринда луқмага эътибор қилайлик. Майли, ризқ озгина бўлса бўлсин, аммо хотиржамлик берсин, ҳаловат берсин, тинч уйқу берсин. Дунё кўп бўлса-ю, ором олиб ухлай олмаса, унинг инсонга нима фойдаси бор. Бировнинг ҳаққига ҳам, халқнинг мулкига ҳам хиёнат қилмай, ҳалол луқма топиб, борига қаноат қилайлик. 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид