ОГОҲ БЎЛИНГ!

ОГОҲ БЎЛИНГ!

imon.uz 25-07-2020 1586

   Банда эртаю кеч зоҳирий ва ботиний аъзоларини назорат қилиши керак. У Аллоҳ таоло берган кўзи, тили, дили ва бошқа аъзоларини гуноҳ-маъсиятлардан сақлаяптими? Агар банданинг аъзолари итоатли бўлса, Раббига шукр этсин. Агар бирор аъзосининг бирор гуноҳга илашганини кўрса, пушаймон бўлиб истиғфор айтсин. Гуноҳга илашган аъзолари балоларга лойиқ бўлсада, уларни хасталиклар, яралар, чипқонларга гирифтор этмагани учун Аллоҳ таолога шукроналар қилсин. Эй биродар, тавбани маҳкам тут ва Аллоҳ учун дунёга майл кўрсатма.

  Ҳадиси шарифда шундай ривоят қилинади: «Молга муҳаббат ва исроф, сув бақлани (ўсимлик) ўстиргани каби қалбда нифоқни пайдо қилади».
  Суфёни Саврий ҳазратлари шундай дер эдилар: «Банда барча амрларга бўйсуниб, Аллоҳга қуллик қилса-ю мол- дунёни яхши кўрса, қиёмат куни у ҳақида шундай нидо этилади: «Қаранг, бу фалончи ўғли фалон, Ҳақ таоло нафрат этган (ёқтирмаган) нарсани яхши кўрган эди. Ҳали замон унинг юзини эти тушиб қолади».
  Бу ўринда, дунёдан мақсад охиратга тўсиқ бўлган дунёдир. Абул Ҳасан Али ал-Мазин раҳматуллоҳи алайҳ шундай дер эдилар: «Бир одамни сиддиқ, деб аташингиз мумкин. Бироқ дунё муҳаббати унинг қалбига ўрнашган бўлса, Аллоҳ таоло унга асло назар этмайди. Бу таҳликадан паноҳ сўраб Аллоҳга илтижо этамиз. Аллоҳга қасамки, тариқат аҳлидан кимки маънан ҳалок бўлса, у фақат ва фақат нафсининг бойликдан лаззат олиши туфайли ҳалок бўлади. Аллоҳга қасамки, киши ўзига келган дунё молини Аллоҳ ҳақларига кўра тақсимлаб, ўзига бирор нарса қолдирмаса-да, аммо у молларни яхши кўрса, Аллоҳ билан унинг орасини тўсувчи парда пайдо бўлади».

  Устозим Абул Ҳасан аш-Шозалий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дер эдилар: «Ҳеч бир мурид унинг Аллоҳга бўлган севгиси ҳақиқий бўлмагунча тараққий этолмайди, мол-дунё ва дунёпарастларни ёмон кўрмагунча, дунё ва охират неъматларига эътиборсиз бўлмагунча Аллоҳ таоло уни севмайди».

  Устозим Абдулқодир ал-Жилий раҳматуллоҳи алайҳ бундай дер эдилар: «Охиратни истаган киши, мол-дунёга муҳаббат қилмаслиги керак. Қулнинг қалбида дунё шаҳватларидан бир шаҳват ёки лаззатларидан бир лаззат, ейиш, ичиш, уйланиш, раҳбар, бошлиқ бўлиш ёхуд кераксиз илм соҳасида чуқурлашиш каби лаззатлар қалбида давом этар экан, у охиратни севган кимса эмасдир. У фақат дунёга рағбат қилган, ҳавойи нафсига тобе кимсадир».
  Илмлар Аллоҳ таоло розилиги учун ўрганилмай, мақтаниш учун ўрганилса, нафс ҳавосига эргашилган ҳисобланади. Билъакс, Аллоҳ ризолиги учун ўрганилган илмларнинг лаззати охират лаззатига эришишнинг аломатидир.

  Устозим Абул Мавоҳбиш-Шозалий раҳматуллоҳи алайҳ шундай дер эдилар: «Дунё севгиси билан қилинган ибодат қалбга тўсиқ бўлади ва аъзоларни чарчатади».
  Ибодат қанча кўп бўлса ҳам, аслида оздир. Бироқ бу кишининг ваҳимасига кўра кўп кўринади. Ҳолбуки, бу нарса руҳсиз бир суръат, ҳақиқатдан холи бир хаёлдир. Шу боис кўпгина дунё арбоблари кўп рўза тутиб, кўп намоз ўқиб, кўп Ҳаж қилсалар ҳам, ибодатнинг таъмини тотмайдилар. Зуҳднинг ҳақиқати–дунёга майлни тарк этишдир. Зуҳд дунёдан батамом узилиш, унга қўл силташ эмасдир. Ахир Аллоҳ ва расули тижоратни, ҳунармандлик ишини таъқиқламади-ку! Баъзилар дунёга шўнғигач, дунё севгисидан чиқиб кетиш йўлини тополмай қоладилар. Мана шу сабаб билан дунёга муккадан кетиш таъқиқланади. Шубҳа йўқки, комил инсонларни дунё ва охират билан боғлиқ ҳеч нарса Аллоҳдан, Унинг ёдидан чалғитмагай…
  Эй биродар, фозил, табаррук зотлар либоси ила безанган кишиларга ҳурмат-эҳтиром кўрсат! Бироқ кўр-кўрона унга эргашаётганларга мана бундай дея олишинг мумкин: Либос гўзаллиги, уйланиш ва уловларга миниш борасида менга эргашманг! Шубҳасиз, бу айни дамда сизга тааллуқли эмас. Бу мусомаҳа (эркинлик, бағрикенглик, енгиллик, дабдаба) ҳалол молдан безанилганда жоиздир. Аслида шайхнинг (ҳаромга) қарши чиқиши вожибдир. Буни шундай бил! Зоҳидларнинг аниқ тақсимланмаган нарсалар(ни олиш)да зуҳд йўлини
тутганлари аёндир. Ўзларига тақсим этилганларга келсак, бундай пайтда ўша молга майлни тарк этиш чин зуҳддир. Бу унинг Аллоҳга қурбият ҳосил қилишига монеъ бўлолмайди.


Имом Шаъроний
"Ибодат ва зикр аҳлига тавсиялар" китобидан.
Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид