Қадр кечасининг  фазилатлари

Қадр кечасининг фазилатлари

imon.uz 2021-05-04 02:59:49 412

Қадр кечаси ва унинг фазилати тўғрисида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир”.

Сура бошдан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир. Бу кечада шу йилдан келгуси йилгача бўладиган ишлар, ҳукмлар, ризқлар, ажалларнинг миқдори ўлчанади. Аллоҳ таоло бир йиллик тақдирни фаришталарга билдиради ва бу йил тақдир қилинган нарсаларни уларга ёзиб қўймоқликни амр этади.

“Лайлатул-қадр” сўзининг маъноси “белгилаш, ўлчаш кечаси”, яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради.

Бу муборак кечанинг қадри улуғдир. Қадр сўзи икки хил маънода – қадри улуғ, иккинчиси, миқдор, яъни бандаларнинг тақдирини белгилашдир. Унда инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча ҳақида – инсонларга дунё ҳаётидан чин инсоний ҳаёт кечириб ўтиш йўл-йўриқларини кўрсатиб берадиган сўнгги мукаммал илоҳий дастуруламал бўлмиш Қуръони карим нозил бўла бошлаган ниҳоятда қадрли Қадр кечаси ва унинг фазилатлари ҳақида сўз боради.

Қадр кечаси шарофатли ҳукмлар чиқариш ва ўлчаш-белгилаш, Аллоҳ таоло томонидан ушбу кечада Ўзи ҳоҳлаган кишига ризқ-насиба белгиланиши ва бу ишлар тақсимотини тадбир қилувчи фаришталарига топшириш кечаси бўлгани учун Парвардигор Ўз элчиси эътиборини шу фазилатли кечага қаратмоқда. Буюк- ватандошимиз аллома Абул Қосим Замахшарий (р.ҳ) айтади: “Бу сурада Аллоҳ таоло Қуръони каримни уч усул билан улуғлаган: биринчиси, Қуръонни нозил этишни фақат Ўзига мансуб қилган, иккинчиси, унинг улуғлиги ва шарафини билдириб, номини очиқ айтмай, ишора билан келтирган, учинчиси, Қуръон нозил қилинган вақтнинг қадрини оширган”.

Аллоҳ таоло мазкур сурада “Қадр кечаси”нинг даражасини баланд қилди. Бунинг асосий сабабларидан бири  бу кечада Қуръони каримнинг нозил бўлганлигидир. Пайғамбаримиз (сав) шундай марҳамат қилдилар:

“У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди. Гўё у зотга умматларининг умрларини қисқа, бошқа умматлар қилган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ у зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди”.

Абу Ҳурайра (рз.)дан ривоят қилинади. Расул акрам (сав):

“Кимики Лайлатул Қадр кечасини имон ва ихлос билан бедор ўтказса, унинг шу кечагача қилган гуноҳлари мағфират қилинур”, - дедилар.

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, - деди. Мусо (а.с.) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, - деди. Мусо (а.с.): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, - деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, - деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, - деди Аллоҳ. Мусо (а.с.): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, - деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракъат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, - деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (а.с.)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (Бағавий тафсири).

Расулуллоҳ (сав) шундай деганлар:

 “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир”, - дедилар”.

Бу кечада рўзадор бедор бўлиб, аҳли аёлини ҳам, ёру дўстларни ҳам савобли ишларга чорлаб туриш лозим. Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозим-ки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, ночор оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз, ҳожатмандларнинг ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қилишимиз ва шу каби савобни кўпайтирувчи ишларга интилишимиз, динимиз кўрсатмаларидандир. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзи рози бўладиган амалларни қилишимизда ёру мададкор бўлсин!

 

Интернет манбаълари асосида Бахмал тумани "Ўсмат ота"

жоме масжиди имом-хатиби Атабаев Ғофур тайёрлади

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид