130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги

ҚАРЗНИ ҚАЙТАРИШГА ҚИЙНАЛГАН КИШИГА МУҲЛАТ БЕРИШ
Mimon.uz 20-04-2021 634Қарзни қайтаришда қийналаётган кишига муҳлат беришнинг фазилати ҳақида Қуръон оятлари ва ҳадисларда бир неча бор таъкидланган. Жумладан, Қуръони каримда бу ҳақида шундай дейилади:
“Агар (қарздор) қийналса, имконият топгунича кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир”.
(Бақара, 280-оят)
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ночор (қарздор киши)га муҳлат берса ёки унинг қарзидан камайтирса, Аллоҳ таоло қиёмат куни уни Ўзининг соясидан ўзга соя йўқ кунда Арши сояси остида соялантиради”, дедилар”.
(Имом Термизий ривояти)
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Фаришталар сизлардан олдин ўтганлардан бир кишининг руҳини қарши олиб: “Бирон яхши амал қилганмисан?” дедилар. У: “Хизматкорларимга (камбағалга) муҳлат беришни ва бойга енгиллик беришни буюрар эдим”, деди. Шунда (Аллоҳ) айтди: “Уни(нг гуноҳларини) кечиб юборинглар”.
Бошқа лафзларда: Рибъийдан Абу Молик қилган ривоят: “Бойга енгиллик берар эдим, камбағалга муҳлат берар эдим”.
Рибъийдан Абдулмалик қилган ривоятда: “Бойга енгиллик берар эдим, камбағалдан кечиб юборар эдим”, дейилган. Рибъийдан Нуъайм Абу Ҳинд қилган ривоятда: “Бойдан (берганини) олар эдим, камбағалдан кечиб юборар эдим”, дейилган.
(Имом Бухорий ривояти)
Шайх Муҳаммад Тақий Усмоний
Миролим Мансур тайёрлади