Таровеҳ намозининг фазилатлари ҳақида.

Таровеҳ намозининг фазилатлари ҳақида.

imon.uz 2021-04-14 07:47:35 442

Али розияллоҳу анҳудан сўраганларида, ул жаноб шундай дебдурлар: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламдан моҳи Рамазонда таровиҳ ўқимоқ фазилатлари ҳақида сўрадилар. Расули акрам (с.а.в.) шундай жавоб бердилар:

Биринчи кечада таровиҳ ўқиган мўмин онаси туққан кундагидек гуноҳдан чиққай.

Иккинчи кечада таровиҳни ўқиса, агар ота-онаси мусулмон бўлса, Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилур.

Учинчи кечада таровиҳни ўқисалар, бир фаришта: “Холис қилғил амални, Аллоҳ таоло мағфират қилди”, – деб овоз қилгай, яъни Аллоҳ таоло илгариги гуноҳларингни кечди, деб овоз қилур.

Тўртинчи кечада таровиҳ ўқиса, Таврот, Инжил, Забур ва Қуръоннинг савобини топгайлар.

Бешинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло хонаи Каъбанинг ичида, Мадинаи мунавваранинг масжидида ва Масжиди Ақсода намоз ўқигандек савоб бергай.

Олтинчи кечада таровиҳ ўқиса, Байту-л-Маъмурни тавоф қилган кишининг савобини бергай ва тошлару қумларнинг ҳаммаси унинг учун истиғфор айтгай.

Еттинчи кечада таровиҳ ўқиса, гўёки у Мусо (а.с.)ни топибди ва Мусо (а.с.)га Фиръавн ва Ҳомонга қарши ёрдам қилибди.

Саккизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло Иброҳим (а.с.)га бергандек савоб бергай.

Тўққизинчи кечада таровиҳ ўқиса, гўёки Аллоҳ таолога Пайғамбар (а.с.)нинг қилган ибодатларидек ибодат қилибдур.

Ўнинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратнинг яхшилигини насиб қилгай.

Ўн биринчи кечада таровиҳ ўқиса, дунёдан онасининг қорнидан янги туғилгандек бўлиб чиққай.

Ўн иккинчи кечада таровиҳ ўқиса, қиёмат кунида юзи ўн тўрт кунлик ойдек бўлиб келгай.

Ўн учинчи кечада таровиҳ ўқиса, қиёмат кунида барча ёмонликдан саломат бўлгай.

Ўн тўртинчи кечада таровиҳ ўқиса, фаришталар келиб, бул киши таровиҳ намозини ўқиган, деб унга гувоҳлик бергай. Бас, Аллоҳ таоло рўзи қиёматда ҳисоб қилмагай.

Ўн бешинчи кечада таровиҳ ўқиса, барча фаришталар, шу жумладан, Аршу Курсийни кўтарган фаришталар ҳам ул кишига салавот юборгайлар.

Ўн олтинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло оташи дўзахдан халос топмоғи ва жаннатга кирмоғига ҳукм қилгай.

Ўн еттинчи кечада таровиҳ ўқиса, унга пайғамбарларнинг савобидек савоб берилур.

Ўн саккизинчи кечада таровиҳ ўқиса, эй бандаи Худо, Аллоҳ таоло сендан албатта хушнуддир ва сенинг ота-онангдан ҳам розидир, деб бир фаришта овоз қилур.

Ўн тўққизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло жаннату-л-фирдавсда мартабаларини баланд қилур.

Йигирманчи кечада таровиҳ ўқиса, шаҳид ва солиҳ кишиларнинг савоби берилур.

Йигирма биринчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло ул кишига жаннат ичида нурдан бир бино барпо қилур.

Йигирма иккинчи кечада таровиҳ ўқиса, Қиёмат куни барча ғам-андуҳлардан омон бўлган ҳолда келур.

Йигирма учинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло жаннатда ул кишига бир шаҳар бино қилур.

Йигирма тўртинчи кечада таровиҳ ўқиса, йигирма тўрт дуоси қабул бўлур.

Йигирма бешинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло ул кишидан гўр азобини кўтаргай.

Йигирма олтинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло ул кишига қирқ йиллик савобни ато қилгай.

Йигирма еттинчи кечада таровиҳ ўқиса, сирот кўпригидан яшиндек ўтгай.

Йигирма саккизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло жаннатда унинг даражасини баланд қилгай.

Йигирма тўққизинчи кечада таровиҳ ўқиса, Аллоҳ таоло: “Эй, бандам, жаннат мевасидан егил, Салсабил сувига чўмилгил, Кавсар сувидан ичгил, мен Парвардигорингдурман ва сен Менинг бандамдурсан”, – дегай”.


Шайх Абдулазиз Мансур

Ирфон тақвимидан

 

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид