Зикр ила қалблар ором олур

Зикр ила қалблар ором олур

imon.uz 22-09-2020 528

Ибодатлар орасида зикрнинг аҳамияти каттадир. Зикр луғатда: “эслаш”, “бирор нарсани ёдга олиш” деганидир. Истилоҳда эса: “Банда Аллоҳ таолони ёдга олиш”и тушунилади. Шунга кўра, Ислом шариатида буюрилган намоз, закот, рўза, ҳаж каби барча ибодатлар умумий маънода зикр ҳисобланади. Аллоҳни зикр қилишдек қалбга таскин берувчи иш йўқдир. Зеро, Аллоҳ таоло ўз каломининг Аҳзоб сураси 41-оятида: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз ва эртаю кеч Унга тасбеҳ айтингиз!”, деб марҳамат қилган.

Зикр Аллоҳнинг ердаги жаннатидир, унга киришни истамаган одам охират жаннатига ҳам кира олмайди. Зикр кишини руҳоний касаллик, машаққат ва изтироблардан озод этади. Зикр нажотга етиш учун энг осон йўлдир. Шифо топиш учун сен ваҳий девонларини (Қуръони карим ва Ҳадиси шарифни) мутоалаа қил, кунларингда зикр “малҳамини” синаб кўр.

Роббингни зикри билан хавф, беоромлик ва ғам –қайғу булутлари тарқалади, ташвиш, хафалик тоғи сурилади. Яратувчи Зотга доимо зикр айтувчи киши қалб сокинлигига эришади. Бу ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Раъд сураси 28-оятида: “Улар имон келтирган ва қалблари Аллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур (ва таскин топур)” деб марҳамат қилган.

Эй бедорликдан шикоят қилаётган, аламдан йиғлаётган, ҳодисалардан фожиа ясаётган инсон, Аллоҳнинг муқаддас исмлари билан зорлангин. У Зотни қанча кўп зикр қилсанг қалбинг таскин топади, нафсинг бахтиёр бўлади, дилинг яйрайди. У Зотни зикр қилишда Унга таваккул қилиш, ишониш, суяниш, қайтиш, ундан кенгликни кутиш бордир.

 

Янгиобод тумани “Ҳазрати Абу Зар”

жоме масжиди имом-хатиби

Поччаев Саидхўжа

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид