АЛЛОҲ ТАОЛО ЗОТИ ИЛА ОСМОНДАМИ?!

АЛЛОҲ ТАОЛО ЗОТИ ИЛА ОСМОНДАМИ?!

imon.uz 09-09-2022 349

Ҳозирда баҳслашилаётган масалалардан бири Аллоҳ таоло Ўз зоти ила осмондами ёки бу мажозий маънодами эканидир.

Баъзи мусулмонлар оят ва ҳадислардаги зоҳирий маънони ўзига чекланиш, яъни уни таъвил қилмаслик лозим, оят ва ҳадисларда Аллоҳ таоло осмонда экани ҳақида келтирилганми тамом, У Ўз зоти ила ҳақиқатан ҳам осмонда, арш устида, деб айтишади. Ва яна бу ўринда ҳеч бир таъвил (шарҳлаш), ташбеҳ (ўхшатиш) ва таътил (бекор қилиш) мумкин эмас, дейишади.

Агар фаразан бу сўзлар тўғри дейилса, унда кўплаб оят ва ҳадислар маъносида тушунарсизлик пайдо бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимассаломга бундай марҳамат қилган: «Қўрқманглар! Албатта, Мен сизлар биланман, эшитаман ва кўраман» (Тоҳа, 46).

Оят зоҳирига кўра Аллоҳ таоло икки пайғамбар билан бирга экани маълум бўлаяпти. Агар биз оятни таъвилсиз тўғридан тўғри қабул қиладиган бўлсак, унда Аллоҳ таолога лойиқ бўлмаган сифатни собит қилган ва бу жуда ҳам номақбул ҳолат юзага келган бўлар эди. Ахир Аллоҳ таолодек ёлғиз илоҳ икки бандаси ила зоти билан бирга бўлиши мумкин эмас. Имом Табарий бу оятни "Фиръавндан қўрқманг, сизларни кўриб, ўрталарингизда бўлаётган сўзларни эшитиб турипман. Бўлаётган воқеалар мендан махфий қолгани йўқ", дея таъвил қилган.

«У осмонларда ҳам, ерда ҳам Аллоҳдир. Сирингизни ҳам, ошкорингизни ҳам биладир. Қилган касбу корингизни ҳам биладир».

(Анъом, 3).

Агар оятни таъвил қилмай зоҳирига кўра қабул қилсак, унда илоҳ Зот ерда ҳам бўлиб қолган ва бу эса илоҳлик сифатига зид бўлар эди.

Зотан, Яратгувчи Зот, Ўзи яратган ерда бўлиши илоҳнинг бирон нарсага муҳтож эканини англатган ва бу эса мутлақ ножоиз бўлар эди.

Имом ибн Касир бу оятни "У Зот осмонлардаги ва ердаги барча жонзотларга илоҳдир", дея тафсир қилган.

«Биз эса, сиздан кўра унга яқинмиз, аммо сизлар кўрмайсизлар».

(Воқеа, 85).

Бу оятни зоҳирига биноан олсак, унда ўлим олдида Аллоҳ таоло банданинг олдига яқин келади, деган маъно тушунилиб қолган, бу эса илоҳлик сифатига зид бўлиб қолган бўлар эди.

Оятда ўлим олдида банда бошқа инсонлар кўрмаётган сирли ҳолатларни кўриши, бу ҳолати ҳам Аллоҳдан пинҳон бўлмаслиги айтилган.

Имом Бағавий бу оятни бундай тафсир қилган: "Биз унга сизлардан кўра илм, қудрат ва кўришда яқинроқмиз. Бир қавлда: Унинг жонини олувчи элчиларимиз сизлардан кўра унга яқинроқдир, лекин сизлар уларни кўрмайсизлар, дейилган".

«Агар учтанинг сирли сўзлашуви бўлса, албатта, У зот тўртинчидир. Бешта бўлсалар, У зот олтинчидир, бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир».

(Мужодала, 7).

Оят зоҳирини олсак, унда жуда қўпол нарсалар вужудга келган, яъни бандалар қаерда бўлишидан қатъи назар, агар нопок жойда бўлишса ҳам улар билан бирга бўлади, деган маъно чиқиб қолар эди. Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан пок Зотдир!

Имом Саъдий ушбу оятни: "Оятдаги маъият — бирга бўлиш, улар билган ва ўзаро улашишган барча нарсаларни Ўзи илми ила билиб, қамраб туради", дея таъвил қилган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар сизлардан бирортангиз намоз ўқийдиган бўлса, рўпарасига тупурмасин, чунки Аллоҳ таоло унинг рўпарасида бўлади", деб айтганлар.

(Муслим ривояти).

Ҳадисни зоҳирига биноан олсак, унда Аллоҳ таоло Ўз зоти ила намоз ўқиётган инсон олдида бўлиши, намозхон тупурса, беҳурматлик бўлиши мумкин, деган тушунча келиб чиқар, бу эса илоҳ Зот шаънига мутлақ ножоиз бўлар эди.

Ҳадис эса Аллоҳ таолонинг фазлу раҳмати бу ҳолатда бандага ёғиб туради, дея таъвил қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бандани Раббига энг яқин ҳолати сажда ҳолатидир, (саждада) дуони кўпайтиринглар”, деб айтганлар.

(Муслим ривояти).

Зоҳирига қарасак унда Аллоҳ таоло бандага яқин бўлса, унда узоқ ҳам бўлишига тўғри келади. Бу эса илоҳликдаги ҳамма нарсадан беҳожат бўлишга зид.

Ҳадис эса банда саждада Аллоҳ таолонинг раҳмату мағфиратига энг муқарраб ҳолатда бўлади, дея таъвил қилинади.

Аллоҳ таоло “Ўзига лойиқ бўлган ҳолатда осмондадир ва аршда муставийдир” деган сўзни Аҳли сунна ва жамоанинг мўътабар олимлари айтмаган.

Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ нақадар ҳақ сўзлаган: "Ҳар бир аср илм ҳақида ўзлари билмаган нарсаларини инкор этадиган, инсонларни адашиш ва жоҳиллик, қалблар ва биродарлик фосидлиги билан айблайдиган одамлардан холи бўлмайди! Бу кимсалар фақат ўзларигина ҳақ йўлда бўлиб, улардан бошқа барча адашувда деб биладилар. Уларга хилоф этувчиларнинг барчаси хато қилаяпти дея гумон қилишади.

Бундай гумони сабабли эса, улар илмни фақатгина ўзлари кабилар даврасида ўргангани ёки илмни ўз қавми уламоларидангина эшитгани ёхуд илмни ўз шаҳри олимлари амалидан кўриб ўрганиб, мана шу энг тўғри илм ва энг ишончли ва қувватли ёндашув деган гумонда бўлишидир".

Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонлардан покдир. Барча ҳожатлардан беҳожатдир. Олти тараф, жиҳат, осмон ва аршда бўлишдан покдир.

Оят ва ҳадисларни Аҳли сунна ва жамоанинг мўътабар олимлари шарҳларига мувофиқ ўрганиш адашувлардан сақланиш омилидир.

Миролим Мансур тайёрлади

Ижтимоий тармокларда улашинг

Фейзбукда изоҳ қолдиринг

Мавзуга оид