130100 Узбекистон мусулмонлар идораси Жиззах вилоят вакиллиги
Мусулмонни куфрда айблаш ҳалокатга элтувчи гуноҳ
imon.uz 2024-05-24 02:06:17 292Шариатимизда
инсоннинг зоҳирига қараб ҳукм этиш, қалбида нима борлигини Аллоҳга ҳавола қилиш
буюрилган. Мисол учун, бир киши “Лаа илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ”
деса, шу калом унинг мусулмон эканига кифоя қилади. Унинг қалби Аллоҳ таолога
ҳавола қилинади. Киши имон калимасини айтиб мусулмон бўлганидан сўнг ширк, куфр
амалини қилмаса, ҳалолни ҳаром ёки ҳаромни ҳалол демаса, шу билан бирга, Аллоҳ
таоло буюрган ишларни бажариб, қайтариқларидан қайтса, нажот топади. Имоми
Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ: “Банда, шубҳасиз, ишонгач, унга: “Аллоҳ таолога,
Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, вафот этгандан сўнг қайта
тирилишга, яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Аллоҳнинг тақдири билан бўлишига имон
келтирдим, ҳисоб, мезон, жаннат ва дўзах – ҳаммаси ҳақдир”, дейиши вожиб
бўлади”, деганлар (“Ал-фиқҳул акбар”).
Имонимиз
тақозосига кўра, инсонни зоҳирига эътибор қаратамиз. Унинг қалбини текшириб
кўришга имконимиз йўқ ва бунга масъул ҳам эмасмиз. Демак, бир киши имон
калимасини айтса, биз, албатта, унинг жонини, обрўсини, молини, динини, наслини
дахлсиз, деб биламиз. Яъни унингобрўсини тўкишга, молига тажовуз қилишга
ҳақимиз йўқ. У тилида имон калимасини айтдими, демак, у мусулмондир. Усома ибн
Зайд розияллоҳу анҳу айтади: “Бизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам
Ҳуроқа қабиласига жўнатдилар. Биз уларни янчиб ташладик. Мен ва ансорлардан бир
киши душманлардан бирига рўбарў келиб, уни қуршаб олдик. У: “Лаа илаҳа
иллаллоҳ”, деди. Ансорий уни тутиб олди.
Мен уни
найзам билан ўлдирдим. Ортга қайтиб келганимизда, бўлиб ўтган воқеа Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қулоқларига етиб борди. У зот яна: “Эй Усома,
“Лаа илаҳа иллаллоҳ”, дегандан кейин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Усома: “У
ўзини ҳимоя қилиш учун шундай деди”, деди. У зот: “Лаа илаҳа иллаллоҳ”,
дегандан кейин ҳам уни ўлдирдингми?” дедилар. Мен Расулуллоҳ бу гапни
такрорлайверганидан, кошки шу кунгача мусулмон бўлмасам эди, деб орзу қилдим”.
Халқимиз таъбирига кўра: айтилган гап – отилган ўқ.
Унинг мазмуни – моҳиятини билмаймиз. Киши нима
мақсадда бирор сўз айтса, унинг зоҳирига эътибор қаратилади. Ботини эса Аллоҳга
ҳавола этилади. Энди сўзимизни ҳаётий мисоллар билан исботлашга ўтсак. Инсон
уялса, юзида зоҳирланади. Натижада биз унинг уялганини кўрамиз. Инсоннинг
танаси вирус каби зарарли нарсалар ўта олмайдиган зоҳирий ҳимоя қатлами – тери
билан қопланган. Инсоннинг териси ғовак, аммо ҳимояланиш воситаси ҳамдир. Тери
орқали биз иссиқ – совуқни, оғриқни сезамиз. Ғовак терини мустаҳкам ҳимоя воситаси
қилган Аллоҳнинг қудратидан ибрат олишимиз керак. Зоҳир бизнинг ҳудудимиз,
Аллоҳ таоло чегаралаб қўйган зоҳирдан ўтиб, ботинни кавлаштириш биз
бандаларнинг вазифамиз эмас. Шариатдан инсон танасининг игнадай жойидан қон
чиқиб ёйилса ёки ел чиқса, таҳорат синади.
Аммо тери
остидаги томирлардан қон оқаётганини ҳамма билади, лекин бу билан таҳорат
синади, дейилмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам саодат асрида
мунофиқларнинг кимлигини билардилар. Уларга: “Сен мунофиқсан”. Демасдилар, жазо
ҳам бермасдилар. “Биз мусулмонмиз”, деб шаҳодат калимасини қайтарса, уларнинг
моли, жони, обрўси ҳимоя қилинган. Ҳозир мусулмонларни бир – бирига гижгижлаб,
қон тўкилишига сабаб бўлаётган, дин ниқобидаги фитначилар Ислом дини ва
мўминларнинг душманларидир.
Уларга
эргашаётганлар эса ёвуз қўлларда қўғирчоққа айланган содда, илмсиз, ғофил
ёшлардир. Шариатда лафз эътиборга олинади. Никоҳда қизнинг: “Хотинликка
розиман, буни қабул қилдим”, дейиши билан никоҳ тузилади. Талоқ масаласида ҳам
худди шундай. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарсанинг жиддийси
ҳам – жиддий, ҳазили ҳам – жиддий: никоҳ, талоқ ва ражъат”, деганлар (Имом Абу
Довуд ривояти). Ҳа, Ислом ғоят гўзал ва итоат қилишга енгил диндир. Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Енгиллаштиринг, асло қийинлаштирманг, башорат
беринг, асло нафратлантирманг” (Имом Бухорий ривояти), дея бежиз айтмаганлар.
Бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимнинг охирги
сўзи: “Лаа илаҳа иллаллоҳ” бўлса, у жаннатга киради” (Имом Абу Довуд ривояти),
деганлар. Айтинг-чи, Аллоҳнинг расули Муҳаммад алайҳиссаломнинг бу
башоратларини ким инкор эта олади ёки тафтиш қила олади?! Зеро, ким жаннатий,
ким дўзахий – маҳшарда бўлар маълум!